ОЙМИСИЗ Ё ҚУЁШ?

ёки истарали инсонлар ижобий қувват манбаи

Қишнинг совуқ кунларида иссиқ кунлар ҳарорати ва жазирама офтоб тафти кўз олдимиздан ўтади. Бир дам бўлсада “чарсиллаб” ёнаётган ўтин алангасида исингимиз келади. Чунки, олов ҳамиша инсоннинг жунжиккан танасига ором бахш этади.

Табиатнинг бебаҳо неъмати, оламни нурафшон этадиган қуёшни ҳам ҳар тонг соғиниб кутамиз.Сабаби, нур-иссиқлик, ёруғлик қалбимизни ёғдуга тўлдириб, кайфиятимизни кўтаради. Шунингдек, истараси иссиқ, юзи оловдек ўзига ром этувчи инсонларга беихтиёр ботиний сезги билан интиламиз.

Уларнинг суҳбатидан енгил тортиб, кўнглимиз хотиржам тортади. Очиқ чеҳрали одамлардан ижобий қувват таралади. Чунки, қуёш она Заминдаги мавжудот ва наботот оламига ўз нурини беминнат, тенг таратгани каби ижобий қувватли инсонлар ҳам ўзгаларга беғараз ёрдам қўлини чўзишади. Табиатнинг яна бир ёритқичи ойга қуёшнинг нури тушгач у ҳам ўзидан нур таратади. Шунингдек, ойнинг юзидаги “доғлар” ҳам баъзан киши кайфиятини туширади. Инсон организмининг 82 фоизи сувдан иборат бўлгани учун ой тўлган кунлари унинг ёруғидан ҳимояланиб ётиш керак. Сабаби, ой тўлганда денгиз ва уммон сувлари кўтарилади. Одамда эса турли қора ўй-фикрлар, васваса ва тушкунлик кузатилади. Шунингдек, кайфияти тушкун, доимо нолиб юрадиган, ҳаётдан норози, ўзини омадсиз ёки бахтсиз ҳис этадиган, тинимсиз жавраб, ўз муаммоларига сизни ҳам ғарқ этадиган одамлардан узоқроқ юринг. Уларнинг “юки” оғир бўлади.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, баъзи бир одамлардан салбий қувват (энергия), кимдандир ижобий қувват таралиб туради. Бунинг белгилари қандай ва улар қандай кишиларда қай даражада бўлади, деган савол туғилиши табиий. Салбий қувват турқи совуқ, худбин, такаббур, тумшайган, ўзига бино қўйган, бировларни айблашга мойил, “тирноқ остидан кир қидирадиган”, танбеҳ беришга интиладиган, бировдаги камчиликлар ва хатоларни кишининг юзига соладиган, ўз қилган ишини ўзи мақтайдиган, қилган яхшилигини миннат қиладиган, бировларга яхшиликни раво кўрмайдиган, “мени”и кучли, ичи тор, жиззаки, сабрсиз, тунд одамларда бўлади. Ижобий қувватга эга одамнинг эса юзида нур бўлади, яъни, истараси иссиқ, кўнгли очиқ, қувноқ, бировга қўлидан келганча яхшиликка тайёр, самимий, овози ёқимли, мафтункор, кўзлари мулойим, жаҳли тез чиқмайдиган, сабрли, ички маданияти кучли одамда бўлади. Салбий қувватли одам ўта саводли, билимли бўлган тақдирда ҳам ўз ишига тўғри бўлса-да, барибир, оилада ва ишхонада доим муаммоларга дуч келади. Унинг муаммоларига бошқалар имкон қадар ёрдам беришдан қочишади. Бу тоифадаги одамларни кўрганда киши ўзини тортади. Унинг юзига айтмаса ҳам, ичида бу одам ҳақида салбий фикрлай бошлайди. Бундай одамларда омадсизлик кўп учрайди. Иш ва оилада у билан тез-тез келишмовчилик (конфликт)лар бўлиб туради. Ижобий қувватли одам ҳар қандай қийинчиликларга чидамли, соғлом кайфиятли, одамларга доимо хайрихоҳ бўлгани учун унинг ҳам қалб қуввати кучайиб туради. Қалби кенгайиб унча-мунча салбий гап-сўзга, нохуш воқеаларга парво қилмайди. Яхши ниятли инсонлар ички бир қувват сезиб туришади. Уларнинг кўнглида одамларга таскин бера оладиган ёруғ сўзлар мўл бўлади. Бундай ҳолат баъзан салбий қувватли одамда ҳам рўй беради. У бу хусусиятни ўзига доимий сингдириб олишга интилса, ўзида енгиллик, кўтаринкилик сезади. Ҳатто ўзидаги сиқилиш, асабий ва руҳий қўзғалишлардан фориғ бўлганлигини ҳис қилади.

Яна ўқинг:  ТУРМУШ ОБОДЛИГИ

Салбий қувват таратадиган одам ўзидаги бу иллатни сеза бошласа дарров бундай ҳолатнинг олдини олишга ҳаракат қилиши лозим. Афсуски, кўп кишилар ўзидаги бу хусусиятни сезмайди. “Табиатим шундай, Худо шундай қилиб яратган бўлса, нима қилай?” дегувчилар ҳам бор. Тўғри, бунга наслий хусусиятлар ҳам сабаб бўлади. Аммо уларни ўзгартириш мумкин эканлигини юнон олими Суқрот ўз феъл-атворини ўзгартириш орқали исботлаганлигини бизга етиб келган ҳикоятлардан биламиз. Бунинг учун қалб сиғими устида ишлаш керак. Қалб кенглиги – бу бағрикенглик билан боғлиқ. Арзимаган нарсага жанжал кўтарадиган, норизо бўладиган бадбин хулқли одамлар энг аввало, ўзларига жабр қилишади. Улар ҳаёт синовлари олдида довдираб қолишади. Кейин дилозорлик қилиб, бошқаларнинг қалб кўзгусини синдиришади. Баъзи одамлар кўп китоб ўқишади, ақлли бўлишади, аммо салбий қувватли бўлиб қолаверадилар. Бунинг асл сабаби уларнинг феъл-атворидаги салбий иллатларга боғлиқ. Шунингдек, оғир хаста ётган бемор ёки касалманд одамларнинг ҳам биомайдони (аураси) салбий қувватли бўлади. Баъзан билиб-билмай салбий қувватли инсонларга ҳамсуҳбат бўлиб қолсангиз ўзингизни беҳол ҳис этасиз. Қўл-оёғингиз бўшашиб, ўзингизга бўйсунмай қолаётгандек туюлади гўё. Шундай ҳолатларда дарров душ қабул қилинг ёки оловнинг ёнида ўтиринг. Сизга ўтган “юк”ни сув ва олов поклайди.

Ҳар бир инсон ҳар қандай ҳолатда товушини мулойим қилиб гапира олиш қувватига эга бўлиши керак. Ёқимли ва сокин товуш улкан омадлар калити эканлигини донолар айтиб ўтишган. Бугунги тиббий тадқиқотлар ҳам ёқимли ва ўктам товушда сеҳрли, қудратли илоҳий қувват борлигини тасдиқламоқда. Ана шунга амал қилиш инсонга бир кунда эмас, доимий ҳамроҳ бўлгандагина, катта натижалар беради. Яна шуни таъкидлаш лозимки, оптимист (ҳаётга жўшқин назар билан қаровчи) инсонлар пессимист (тушкун кайфиятли, ўзига паст баҳо берувчи) одамларга нисбатан касалликларга чидамли ва турмушнинг ҳар қандай оғир зарбаларини енгиб ўтишга ўзида куч топа оладиган бўлишар экан. Шунингдек, оптимистларнинг руҳи тетик бўлади.

Ўзгаларга ҳамиша яхшилик тиланг. Шунда ўзингизнинг орзуларингиз ҳам тезда ижобат бўлишига ишонамиз. Ҳасад қилманг. Ҳавас қилинг. Бу ёруғ тилак сизни ҳам кўкка кўтаради. Сизни ўраб турган ижобий қувват беихтиёр атрофингиздаги инсонларни ўзига албатта ром этишига ишонамиз.

Яна ўқинг:  GULLAR

Шукур Жабборов

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: