Кўнгил кўзлари

Касалхона бўлмасида иккита оғир бемор ётарди. Касалларнинг бири дераза ёнига, иккинчиси эшик яқинига жойлашганди.

– Ташқарида нима гаплар? Ойнадан у-бу кўриняптими? Жуда сиқилиб кетди-ю одам… – деди эшик олдидаги киши.

– Ў-ў! – деди жонланиб иккинчи хаста. – Осмонни, булутларни, кўлни ва олисдаги ўрмонни кўряпман.

Дераза ёнидаги киши ҳар куни хонадошига дераза ортида нималар бўлаётганини сўзлаб берарди. У кўлдаги балиқчилар, уларнинг катта илмоқлари, тутган балиқлари, соҳилда ўйнаб юрган болалар, уфққа бош қўйган қуёш, сувнинг мавжланиб туриши ва ҳоказолар ҳақида гапирарди.

У ажойиб-ғаройиб манзараларни ҳикоя қиларкан, шеригининг ичини ит тирнарди. “Бу адолатдан эмас, – деб ўйларди. – Нимага уни дераза ёнига қўйишган-у, мени пойгакка, оёқостига итқитишган? У ҳар куни дунёни томоша қилиб, роҳатланиб ётади. Мен бўлсам, бўёғи кўчган эшикдан бошқа нарсани кўрмайман”.

Бир куни ойна ёнидаги беморни қаттиқ йўтал тутди, хириллаб нафас ола бошлади. У ҳамширани чақириш учун бош томонидаги қўнғироқ тугмасига интилди, бироқ ета олмади. Чунки, бунга мажоли қолмаганди, йўтал кучайган, аъзойи бадани “дир-дир” титрарди. Хонадоши бўлаётган воқеаларни жимгина кузатиб турди. Хоҳласа, ўзининг тугмачасини шундоққина босар, ҳамшира зумда етиб келарди. Лекин у хоҳламади.

Бироз вақт ўтгач бемор тинчиб қолди. У бу ғалвали ва диққинафас дунёни мангуга тарк этди.

Уни олиб чиқиб кетишаётганда хонадоши ҳамширадан: “Энди мени ойна ёнига олиб ўтиб қўйсангиз”, деб илтимос қилди. Ҳамшира унинг ўтинчини ерда қолдирмади. Кўрпа-тўшакларни тўғрилади, устидаги жилдини янгилагач, яхшилаб сурди. Сўнг беморни кўчириб ўтказди. Ҳаммаси жойида эканига ишончи комил бўлгач, эшик томонга йўналди. Бироқ уни касалнинг товуши тўхтатди. Унинг овозида ажабланиш бор эди:

– Ахир бу қанақаси?! Бу ойнадан қуп-қуруқ деворларгина кўзга ташланяпти-ку! Анави ўлган хонадошим менга ўрмонни, кўлни, булутларни, одамларни кўргани ҳақида гапирганди. Қандай қилиб? Ахир бу ойнадан одамни завқлантирадиган ҳеч нарса кўринмаяпти!

Ҳамшира маъюс жилмайди:

– У умуман кўра олмасди. Бечора шеригингизнинг кўзлари ожиз эди.

 

Ориф ТОЛИБ

Яна ўқинг:  Совға (ҳикоя)

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: