Пушаймонлик

Кўп қаватли уйларда турли тоифадаги одамлар, оилалар истиқомат қилади. Кимнингдир уйида ҳар куни байрам, кимникидадир арзимас нарса учун ҳам жанжал-тўполон, яна бошқаникида сукунат…

Бизнинг уйда ҳам шунга ўхшаш, бир кун қувонч, эртасига жанжал кейин икки-уч ҳафта жимжитлик. Шодиёна шу каби ўйлар билан деразадан ташқарига қарар, қаршисидаги кўп қаватли уйларда ғимирлаётган одамларни кузатарди.

– Нимадир куйяптими? – деди у димоғига урилган аччиқ ҳиддан хаёли бўлиниб. Сўнг дарров ошхонага югурди. Димлама тагига олганини кўриб, капкир билан қозонни ковлай кетди. Шу топда эшик қўнғироғи жиринглади.

Шодиёна эшикни очганида, ташқарида турмуш ўртоғи Икром тиржайиб турарди.

– Ассалому алайкум, яхши келдизми, дадаси? – деди-ю, тезда ошхонага қайтди. Шу тобда нариги хонада ўйинчоқ ўйнаб ўтирган 5 ёшли Асал дадасининг келганини эшитиб, эшик олдига чопиб чиқди.

– Дадажон, дада, менга нима олиб келдиз?

– Сенга мана “оҳ”, ўзингга ўхшаган шириии-нидан.

– Йаҳмат дадажон. Эйтага яна олиб беясми?

– Албатта, қизалоғим, албатта.

Икром ошхонага келиб, ҳар доимгидай Шодиёнани койишга тушди.

– Ҳа-а, бу эр келди, тузукроқ кутиб олай демайсан. Овқатни куйдириб юбордингми дейман. Ширин сўз эшитмайман десам, тайинли овқат ҳам емас эканман-да бу уйда.

Шодиёна эрининг дилозорликларига шунча вақт чидаган бўлса-да, унинг ҳозирги пичинглари ортиқча бўлди.

– Доим нолиганингиз, нолиган. Ўзи кейинги пайтда сизга умуман ёқмай қолдим, – деди Шодиёна қозоннинг тагидаги оловни ўчираркан.

– Ҳамма гап шунда-да, сизлар билан… Қизим бўлмаганида сендақа бефаҳм, овсар билан бир кун ҳам яшамасдим.

Шодиёна Икромнинг арзимас нарсалар учун таҳқирлашига унчалик эътибор бермай қўйган. Аммо уларнинг суҳбати жажжигина Асалнинг мурғак қалбига найзадек санчиларди. Оламни эндигина таниётган қизалоқ ота-онасининг жанжалидан безиб, қоронғуликка беркинадиган бўлиб қолди. Уйда шовқин кўтарилди, дегунча хонасидаги шкафнинг ичига беркиниб олади. Ҳозир ҳам у ўша ерга яширинди.

– Билмайман шу гапларни, неча бор айтдингиз. Уйга ҳам худди ижарада яшаётган одамдек номига келиб кетасиз. Ҳеч нарсага қизиқишингиз йўқ.

– Қизиқишингиз йўқмиш. Шунча озиқ-овқатни ким олиб келяпти, унда?

– Фақат емиш билан уйга эътибор бўларканми? Ахир ҳар бир хонадонда аёлдан фарқли ўлароқ, эркакнинг ҳам ўз вазифалари бор.

Яна ўқинг:  Ярим сонияда қувватланадиган аккумулятор

– Сен ким бўлибсанки, менга вазифаларимни ўргатасан. Аввало ўзингни бил, ҳалигача тузукроқ овқат пиширишни билмайсан. Топганимни кўкка совураяпсан.

Шодиёна эри билан гап талашиш бефойдалигини яхши билгани учун тилини тишлади. Икром хотинини мот қилганидан хурсанд бўлиб, қизи Асални чақирди.

Қизча отасининг овозини эшитса-да, шкафдан чиқмай ўтирарди.

– Чақирмай қўя қолинг. Барибир чиқмайди.

– Чиқмайди? Нега? Қаерда у?

– Шкафни ичига беркиниб оладиган одат чиқарган.

– Нимага? Нега менга буни аввалроқ айтмадинг?

– Сизни бақир-чақирингиздан… Кеча болалар шифокорига олиб бордим. У ҳам худди шу фикрни айтди. Оилада соғлом муҳит бўлмаса, боланинг психологиясида ўзгаришлар бўлар экан. Яна психологга ҳам учрашинглар, деб маслаҳат берди.

– Боламдаги бунақанги одатларни мендан яшириб юрибсанми, ҳали.

– Яшириб юрибсан? Охирги марта қачон мен билан одамга ўхшаб гаплашганингиз эсингиздами? Келибоқ жаҳл қиласиз, оғиз очиргани қўймайсиз. Мен-ку майли қизимга ҳам озор беряпсиз. Истасангиз арзимас нарсалардан уриш чиқариб, бир-икки ҳафта йўқ бўлиб кетасиз. Худо билади, қаерларда юрибсиз. Биз билан ишингиз ҳам бўлмайди. Йўқ бўлиб кетган кунларингизда оиламни бир сўм пулсиз, емаксиз ташлаб кетдим, ҳозир нима қиляпти экан, деб ҳеч ўйлайсизми?

Хотинининг сўзлари Икромнинг баттар жаҳлини чиқарди. Ҳақиқат туққанингга ёқмайди, деганларидек, унинг учун заҳардай туюлган айни ҳақиқат кўзларини оловга тўлдирди.

– Боламни шу кўйга солган сизсиз дерсан ҳали? Хоҳлаганингча яшайвермайсанларми, дея Икром эшик олдига бориб, оёқ кийимини кия бошлади. Шу топда Асал шкаф ичидан йиғлаб чиқиб, отасининг ёнига югуриб келди-да, унинг тиззасини маҳкам қучоқлади.

– Дада, дадажон, ийтимос бизни тасаб тетманг. Жон дадажон! Сиз тетсангиз, биз яна оч қоямиз. Бизни оч қойдийманг! Менга ҳеч ким шийин-шийин оҳлай, ҳам олиб беймайди… – дея “пиқ-пиқ” йиғлай бошлади.

Шодиёна қизининг сўзларидан кўзига ёш олди.

– Нега оч қоларкансан қизим? Ахир ҳамма нарсани муҳайё қиламан-ку.

– Тетиб қолсангиз кўп кемайсиз. Ойим кейин фақат кайтоска биян гуйуч писиявеяди, писиявеяди.

Икром қизини кўтариб бағрига босмоқчи эди ҳамки, Шодиёна ундан аввал Асални кўтариб, бошқа хонага кириб кетди. Қизалоқ эса жажжи қўллари билан дадасига талпинар, болаларга хос ширин тилида “фақат тетманг, тетманг” деган сўзни такрорларди.

Яна ўқинг:  Ҳақиқат излаб…

Икромнинг қалби хўрлик, ачиниш ва яна алланечук ҳисларга тўлиб-тошди. Илгари у сира бундай ғамга ботмаганди.

У қизининг йиғисидан оталик ҳисси жўшибми ё қилмишидан уялибми, ерга қараганча ташқарига чиқиб кетди. Машинага ўтираётиб, унинг кўзига ёш қалқиди. Қаерга кетаётганини ўзи ҳам билмасди. Уловни бошқариб кетаверди. Қулоғининг остида қизининг “бизни тасаб тетманг, жон дадажон!” деган сўзлари тинмай жарангларди.

У шаҳар ташқарисига чиқиб қолганини анча вақт ўтгандан сўнг пайқади. Бир чеккада машинани тўхтатди, узоқ ўйга толди. Қилмишидан пушаймон бўлиб, ўкириб-ўкириб йиғлади. Дилида эски одатларини ташлаб, оиласига кўпроқ меҳр кўрсатиши ҳақида ўйлади. Шу пайт уяли алоқа телефони жиринглади.

– Алло!

– Салом, азизим! Қўнғироқ қилай ҳам демайсиз, ахийри ўзим…

Икром учун таниш ва нозли овоз. Лекин ўзини тутиб жиддий оҳангда жавоб қайтарди.

– Яхши қиз, энди мени диққат билан эшитинг, бошқа бу рақамга қўнғироқ қилманг, тушунарлими?

Икром телефонни шартта ўчирди-да, йўл четига улоқтириб юборди. Кейин ортига, уйига қайтди…

 

Зилола ЖАЛОЛОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: