Руҳий зўриқиш барча касалликлар дебочаси

Руҳий зўриқиш ўз даражасига қараб организмга ижобий ёки салбий таъсир қилиши мумкин. Агар бу жавоб реакцияси ташқи таъсиротга мос келадиган ва унинг таъсири тўхтагандан кейин организмда стресс йўқоладиган бўлса, бу нормал реакция.

Бундай стресс организмга ташқи муҳитга мослашишга ёрдам беради. Агар ушбу ҳолат ташқи таъсирот йўқолгандан кейин ҳам давом этса ёки бу таъсир қилувчи омилга мос бўлмасдан ортиқча кўп бўлса, бундай стресс нормал эмас. У турли касалликлар, масалан, гипертония (қон босими юқорилиги) меъда яраси касаллиги, қандли диабет, миокард инфаркти, бронхиал астма, тиреотоксикоз, невроз кабиларнинг сабабчисига айланиши мумкин.

Руҳий зўриқишнинг белгилари:

оғиз бурчакларидаги тери ёрилишига сабаб организмда В6 витамини етишмаслигини билдиради. В гуруҳ витаминлари асаб тизими саломатлиги учун жуда муҳим бўлиб, у кайфият, эмоционал ҳолат, уйқу ва тетиклик алмашишига катта таъсир қилади.

– Тишларни ғичирлатиш сурункали стресс оқибати бўлиши мумкин. Яна бу ҳолат В5 витамини етишмаслиги туфайли ҳам кузатилади.

– Тирноқлардаги оқ доғлар организмда рух элементи танқислиги белгиси бўлиб, у асаб тизимининг ҳолатига катта таъсир қилади.

– Беморда ич кетиш ва қабзият алмашиб туриши эса организмда магний етишмаслигидан далолатдир. Стресс пайтида бу элемент кўп сарфланади. Киши тез асабийлашади, унинг мушаклари, қорни оғрийди. Уйқусизлик билан бирга беморда юқорида кўрсатилган белгилар учрайди.

– Қўл ва оёқларда катта бўртган тошмаларнинг пайдо бўлиши А ва Е витамини етишмаслиги сабаблидир.

– Руҳий зўриқишда организм С витаминини ҳам кўп сарфлайди. Милклар қонаши ушбу витамин етишмаслиги белгисидир.

– Томоқ ва нафас йўлларининг тез-тез яллиғланиши ҳам асаблар таранг бўлганда кузатилади.

Стресс хотира йўқолишига сабаб бўладими?

Сиз стрессга тушиб қолганингизда танангиз кортизол деб номланган гормонни ишлаб чиқаради. Бу гормоннинг асосий вазифаси ҳаёт учун муҳим саналган аъзоларга кўпроқ энергия етказиб беришдир. Бунга сабаб руҳий зўриқиш пайтида танадаги муҳим аъзоларга ортиқча юклама тушади ва уларга катта энергия керак бўлади. Мисол учун, юрак тез ура бошлайди. Баъзида стресс жуда фойдалидир. Негаки, инсон бундай ҳолатда катта кучга эга бўлади. Буни айниқса, имтиҳон олдидан сезиш мумкин. Ёки қўрқиб кетганимизда унга реакция тарзида стресс бизни вазиятдан олиб чиқиб кетадиган “қувват беради”. Аммо доимий ёки ҳаддан ортиқ бундай ҳолатга тушиш миямизни “ўчириб қўяди”. Фикрлашга таъсир қилади, хотирани сусайтиради ва миямиздаги асаб ҳужайраларини нобуд қилади. Кортизол гормони айниқса, мияни бир бўлаги ҳисобланган қисқа муддатли хотирани узоқ муддатга ўтказишда фаол қатнашувчи гиппокампусга таъсир ўтказади. Бу стресс гормони гиппокампусни (бу бош миядаги соҳа янги хотираларни сақлаб қолинишига жавобгар) қобилиятларни чегаралаб қўяди. Оқибатида сиз янги маълумотни ўрганганингизда у қисқа муддатли хотирага ўтиш эҳтимоли озаяди. Узоқ муддатли хотирага ўтмаган маълумотни эса тўғри эслаб қолишда муаммоларга дуч келасиз. Ортиқча кортизол ҳаттоки, сизнинг мавжуд хотирангизни қайта эслаб қолишига ҳам салбий таъсир қилади.

Яна ўқинг:  ДАРДГА ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАНГ

Тавсиялар:

Бундай ҳолатда шифокор назоратидан ўтиш керак. Сизни айнан нима шу ҳолатга солаётганини кузатинг ва иложи бўлса, улардан буткул халос бўлишга ҳаракат қилинг. Кун давомида дам олишга ва ҳордиқ чиқаришга вақт сарфланг. Ўзингизга ёқадиган бирор бир иш билан машғул бўлинг. Табиат қўйнида сайр ҳам стрессни камайтиради. Ўзингизга ёққан машғулотларга катта эътибор беринг. Тунда тиниқиб ухлаш, йога машғулотлари ёки оддий нафас олиб чиқариш ҳам стресснинг олдини олади.

Сурункали руҳий зўриқиш туфайли танадаги адреналин ва кортизол миқдори меъёрдан ортиб кетади. Кортизол миқдорининг узоқ муддатли ошиб бориши қандли диабет, юрак хасталиги, юқори қон босими, саратон, меъда-ичак тизимида яралар, нафас олиш йўллари касалликлари, экзема (темиратки) ва псориаз каби касалликларнинг эртароқ пайдо бўлишига олиб келади. Бироқ, стресснинг энг зарарли таъсирларидан бири юрак хуружидир. Тадқиқотларда кузатилишича, тажовузкор, сабрсиз, рақобатчи ҳамда тажанг одамлар анча кўп юрак хуружига йўлиқишади.

Хулоса қилиб айтганда, стресс инсоннинг табиий ички мувозанатига беҳад зарар етказади.

 

Стресс (инглизча стресс – босим, кучланиш, танглик) бу организмни жисмоний ёки руҳий мувозанатдан чиқарувчи кучли ташқи таъсиротга бўлган жавобидир.

 

Мунира ЯРКИНБОЕВА,

Ўзбекистон Миллий университети магистранти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: