Фармацевтика фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди
Инсон, унинг манфаати, турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезонига айланди.
Хусусан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам. Чунончи, соғлиқни сақлаш тизимидаги саъй-ҳаракатлар тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилаш, айниқса, аҳолини сифатли, кафолатланган дори воситалари билан таъминлаш, фармацевтика фаолиятини тубдан такомиллаштириш каби қатор вазифаларни ҳал этишда муҳим омил бўлаётир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, истиқлол йилларида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. Бунда соҳанинг ҳуқуқий асоси изчиллик билан мустаҳкамланиб бораётгани аҳамиятлидир. Айниқса, фармацевтика саноатини ривожлантириш, маҳаллий, табиий доривор ўсимликларни кўпайтириш ва маҳсулдорлигини ошириш, янги дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг самарадор технологияларини яратишнинг қўллаб-қувватланаётгани ва ишлаб чиқаришга жорий қилинаётгани диққатга сазовордир.
Яқинда кучга кирган янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунда шу жиҳатлар ўз ифодасини топган. Қонундаги нормалар давр талаблари ҳамда амалиётдан келиб чиқиб, сезиларли даражада янгилангани ва умумэътироф этилган халқаро талабларга мос қўшимчалар билан тўлдирилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Парламент қуйи палатасида мазкур ҳуқуқий ҳужжатни янги таҳрирда тайёрлаш жараёнига юртимизда аҳоли саломатлигини таъминлаш устувор ўрин тутиши ҳисобга олинган ҳолда ёндашилди ва бунда сиёсий партиялар фракциялари фаол қатнашди. Хусусан, даставвал ҳужжат фракциялар йиғилишида кенг муҳокама қилинди, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилди. Бундан ташқари, жойларда аҳоли, соҳа ходимлари, мутахассислар, фуқаролик жамияти институти, маҳаллий фармацевтика саноати корхоналари вакиллари иштирокида муҳокамалар ташкил этилди ва уларнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олинди. Билдирилган таклифлар қўмита ҳузурида тузилган олимлар, амалиётчилар, мутахассислардан иборат эксперт гуруҳи иштирокида ишчи гуруҳи йиғилишларида кўриб чиқилди. Янги таҳрирдаги қонунда дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрлаш (Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Тайёрлашга рухсат этилган дори воситалари рўйхатига киритилмаган дори воситаларини тайёрлаш тақиқланади), шунингдек, уларни сақлаш, сифатини назорат қилиш ва расмийлаштириш дорихоналар томонидан амалга оширилиши билан боғлиқ нормалар ўз ифодасини топган. Бундан ташқари, сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шунингдек, муомаладаги дори воситалари ва тиббий буюмларнинг инсон соғлиғига зарарли таъсирини тасдиқловчи фактлар аниқланган тақдирда, уларнинг тегишли тартибда муомаладан чиқарилиши белгиланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, қонунда унинг аввалги таҳриридан фарқли равишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулияти янада оширилди.
Шунингдек, мазкур қонунда Асосий дори воситалари рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан икки йилда камида бир марта ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши акс эттирилди. Бу эндиликда бюджет маблағлари мақсадли ишлатилиши, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг дори таъминотини яхшилашга ва аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатилиши сифатини оширишга, маҳаллий фармацевтика саноатининг ривожланишига олиб келади. Зеро, аҳолини хавфсиз, сифатли ва самарадор дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, хусусий фармацевтика корхоналари фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, уларга кенг ва тенг шароитлар яратиш каби масалалар давлатимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатда устуворлик касб этади.
Биламизки, инсон саломатлиги – бебаҳо бойлик. Шу боис, қонун фуқаролар сиҳат-саломатлигини асраш, уларни сифатли дори воситалари билан таъминлаш, уларнинг ножўя таъсирини олдини олиш билан боғлиқ қатор янги нормалар билан тўлдирилди. Дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи реализацияси фармацевтика фаолияти йўналишларидан бири ҳисобланади. Аёнки, дори воситаларининг айрим турларини сақлаш ва ташиш махсус шарт-шароитни талаб этади. Унга риоя қилмаслик дориларнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигининг ёмонлашувига олиб келиши мумкин. Шу боис, дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилувчи ташкилотларнинг омборхона бинолари, уларнинг тегишли тарзда жиҳозланиши, сақлаш даврида ҳаво ҳарорати режимига риоя этилиши амалдаги санитария қоида ва меъёрлари ҳамда гигиеник нормативларнинг талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
Ушбу фаолиятни амалга ошириш эса, табиийки, махсус фармацевтик маълумотга ва тегишли малакага эга бўлган мутахассисларга бевосита боғлиқ. Бундай талаб дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи реализацияси билан шуғулланадиган ташкилот фаолиятининг амалдаги стандартларга мос бўлишини таъминлайди.
Шу сабабли, дори воситалари ва тиббий буюмлар улгуржи реализациясини тартибга соладиган ҳамда мутахассисларга қўйиладиган талабларнинг қонун янги таҳририда мустаҳкамлаб қўйилгани унинг янада самарали ишлашига хизмат қилади. Бинобарин, эндиликда дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фақат дорихоналар ва уларнинг филиаллари томонидан амалга оширилади. Бу эса Президентимизнинг 1994 йил 14 июлдаги “Республикада дори-дармонлар сотишни тартибга солиш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларга тўла мосдир.
Умуман айтганда, мазкур қонун фармацевтика саноатини янада ривожлантиришга, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, дорихоналарни сифатли дори воситалари билан таъминлашга оид чора-тадбирларни тизимли равишда амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.
Мавлуда ХЎЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари,
Саттор РАҲМАТОВ,
мазкур қўмита аъзоси