Уйга томон йўл (эссе)
… Қизларимиз тимсолида биз авваламбор бўлғуси оналарни, халқимиз, миллатимизнинг умиди ва таянчи ҳисобланган келажак авлодни дунёга келтириб, вояга етказадиган наслимиз давомчиларини кўрамиз.
Ислом КАРИМОВ
Ҳаёт – адоқсиз йўл. Унинг аввали ҳам, сўнгги манзили ҳам Ватан. Ундан айро йўл ҳавога ёзилган номадек изсиз – яшаганинг таъмсиз бир неъматни тотганинг каби тахир. Унга туташ йўл эса меҳнат машаққатлари, изланиш синовлари бир саодат бўлиб умрга барака берадики, ризқу насибангни терадиган фаслга кирганингда шукроналигинг дунёга сиғмайди. Оламнинг роҳати уйингда қўрғон тиклайди. Унга жону танинг билан ошиқасанки, бир қадам манзилга ярим ҳатлаб етасан. Дунёнинг қай бурчида бўлсанг-да, энг яқин йўл – уйга элтар йўл. Ўз уйинг ҳаловатини кун чиқиш билан кун ботиш оралиғидан излаб тополмайсан. Унда сени оиланг кутади, жуфтинг, фарзандларинг. Кунлар билан улғаяётган ширин ташвишларинг тугуни ҳаётнинг пасту баландларида ечилиб-ечилиб бораверади.
Бир қарасанг ҳаёт дегани инсон ўйлаганидан ҳам виқорли, яқинлашга чўчийсан! Бир қарасанг оддий! Ва шу оддий – жўнлиги билан кўнгилга яқин. Умрнинг азиз неъмати фарзанд кўнглинг ичидаги тоғки, бутун вужудинг у билан нафас олади. Кўзингдаги нур, чеҳрангдаги табассум, жисмингдаги куч-қувват – фарзанд. Она жону жаҳонини унга бахш этган – қадам олганда оёқларига мадор, қўлчаларини узатганда ҳар бармоғига меҳр тафтини сингдирган. Оромини бериб шу бахтга харидор бўлишни қанчалар интиқ кутган.
– Одамдан одамнинг туғилиши икки дунё оралиғи болам, – дерди бувим. – Сочидан тирноғигача дард тортади. Аёлнинг етмиш икки минг томири титраб, икки дунёси бир бўлганда боланинг йиғиси онани ҳаётга қайтаради. Шундан она дегани боласини жонидан азиз билади. Шу қувончи учун оламнинг барча азобини тортишга тайёр. Худойим оқ йўл берсин…
Маҳаллада қайси келин оғироёқ бўлса, бувим шу гапларни тез-тез такрорларди. У пайтлар ўқувчи эдик. Бувимизни эшитардиг-у, ўқиш ва ишимиз билан овора бўлардик. Қулоғимга ўрнашиб қолган у хотиралар улғайганимда кўз ўнгимда қайта бўй кўрсатди. Энди мен унинг ичида яшардим, энди мени ҳеч нарса бефарқ қолдирмас – ҳар бир аёл ҳаёти бир эртак – бир тақдир эди. Улар энг бахтли инсон бўлишни – орзулари ҳадемай ушалиб, бекам дунёнинг бекаси бўлишни ниятларди. Уларнинг вужудида икки жон яшарди: бу аёллар палатаси эди.
Кечки пайт келган ўттиз беш ёшлардаги аёл ҳамманинг эътиборини тортди. Юзларини доғ босган, кенг елкали келин ҳамма билан кулиб сўрашарди-ю, кўзларидан ёш думаларди. Хонадошлар жим бўлди. У жойлашиб улгурмай, дераза тақиллади. Каттароқ ёшли киши, Ҳусния керак эди, деди. Янги ҳамхонамиз кўзларини артиб, деразани бир тортиб очди. Ва деразанинг рахига енгилгина кўтарилиб ўтирди.
– Шу болам соғ қолиши керак, ота, бу сўнгги имкониятим, – Ҳусния опа қорнини қўли билан тўсди. Юзи қизарса-да, энгашиб отасининг елкасига бошини қўйди. – Учта боламни бердим… энди чидолмайман. Қанча азоб бўлса чидайман. Фақат боламни асраб қолишсин. Врачлар билан гаплашинг…
– Қанийди қизим менинг қўлимда бўлса, оловга кириб чиққандан ҳам азобдаман билсанг…
У йиғлаб туриб кулар, кулиб туриб йиғларди. Кулгусининг ичига йиғилар боғлаб ташланганини ҳеч ким билмасди. Нималарнидир англагандек бўлдик. Қишлоқда у пайтлар келинлар ой куни яқинлашганда ота уйига боришни эп билишмас, тортиниброқ юришарди. Бу нотаниш манзара ўйга толдирди. Ўқиганим хаёлимда такрорланди: “Маънавий ва ахлоқий покланиш, имон, инсоф, диёнат, ор-номус, меҳр-оқибат ва шу каби чинакам фазилатлар ўз-ўзидан келмайди. Ҳаммасининг заминида тарбия ётади”.
Тонг отмасдан йигирма ёшга ҳам тўлмаган келинчак ўзига оро беради. – Биласизларми, мен ўғил кўришим шарт-да, – дейди. – Эримнинг ҳамма ўртоқлари ўғилли бўлган. Астойдил сўраяпман, – у мўъжиза яратиб, оиласини яна ҳам бахтлироқ кўришни истайди.
Кечагина бизга ҳамхона бўлган Барно иккинчисига ҳам эгизак кўрганини эшитиб, у ётган тўшакка аёллар бир-бир ётиб, ният қилишди. Хонани қийқириқ тутди. Кейин бараварига қўлларини оғзига қилиб, жим бўлишди. Хонамизнинг қаршисидаги туғруқ бўлими биноси кўриниб турарди. Ҳовли гулзор эди. Эрта куз гулларнинг рангини янаям қуюқлаштирганди. Шом чоғи гулзорда бир йигит гул узиб дасталарди. Сўнг қўлларини орқага қилиб, дастасини беркитди ва дераза томон яқинлашди. Ва тирқишдан гулларни тутди. Шунда у эгизакларнинг отаси эканлигини таниб, яна хонада кулгу кўтарилди. Қаршимиздаги бино деразасида қўлларини юзига қилганча Барно қотиб-қотиб куларди.
Бунда аёл ҳамма нарсани бутун кўргиси келади: қувончи, орзу-ўйлари йўлидаги нимаики юмушга биринчи бўлиб қадам ташлайди. Қуроқ кам-кўстларини паналатиб, машаққатларидан роҳат топганда ўзини қўярга жой тополмайди. У дунё елкаламайди – фарзандлари камоли, оила саодатини давлатим, деб шукрона айтади. Эрта-кеч қўлларини дуога очади.
Эшитганим бир ривоят ёдимга тушди: бир мамлакатда катта майдонга жами аҳоли ва жами бойликлар тўпланибди. Ҳар ким кўтарганича жавоҳирлардан олиб, битта-битта чиқиб кетиши тайинланибди. Ҳамма ўйга толибди: бу синовми ё сийлов, деб чўчишиб, ботинолмабди. Шунда бир аёл гўдагини қўлига олиб, хаста умр йўлдошини елкасида тутиб эшик томон одимлабди. Сукунатни подшонинг сўрови бузибди:
– Сенга молу давлат керак эмасми? – дебди.
– Шу икки қўрғоним ёнимда саломат бўлса, қолгани йўлимдаги насибам, – жавоб қайтарибди.
Одил подшоҳ аёлни иззат-икром билан кузатиб қўйишни тайинлабди.
Бу бир ривоят, аммо онага – аёлга муносабат тарихимизни ёритиб асрлардан асрларга нурдай тўшалиб туради. Бобур Мирзо ҳақидаги хотираларда ёзилади: “Сарсон-саргардон, хавф ва мусибатга тўла кунларида Бобур ёмғир ўтмайдиган ягона чодирини онасига бериб қўяди”. Уни такрорларканман, вужудимдаги титроқ оламни босгандай бўлади; ёмғирнинг овози эшитилади. Еру кўкни ёмғир боссада энди унинг тагида қанча турсанг ҳам ёмғир ўтмайди – ивимайсан. Майса мисол тебраниб куч оласан.
Ҳа, Она – енгилмас куч. У фарзанди билан қудратга тўлади. Оддийгина деб атаганимиз қишлоқнинг содда бир онаси жисмида тоғдан ҳам баланд ҳимоя жамул-жам бўлади.
Машҳур авар шоири Расул Ҳамзатов: “урушаётган, жанжаллашаётган тоғликлар ўртасига оналар рўмолини ташласа хунрезликлар тўхтарди” дейди. Она тинчлик ўрнатиш учун талотўплар ўртасига жонини ташлашга доимо шай аслида.
Она кўзимиз ўнгидаги ҳар кунги қаҳрамонимиз. Миллатимиз тарбиячиси. Ҳамма касбу ҳунарни устасидан ўрганасан. Аммо яшашни, қадам босиб оёғингни маҳкам тутиш сабоғини фақат она беради.
Она чевар. У боласига – юртига эзгуликлардан тўн бичади. Тикканлари эгасига лоп-лойиқ ярашиб, айтиб туради. Она режалар тузиб ҳар бир ишга имкон, йўл топади. Ҳамма йўллар фақат ва фақат уйга томон элтади. У уйнинг осмонидаги ой оламга нур беради.
Дилфуза ШОМАЛИКОВА