ГИРДОБ
XXI асрда техника тараққиёти ва глобаллашув жараёнининг энг сара ютуқлари бутун дунёда эътироф этиляпти. Шунингдек, улар билан боғлиқ ҳолатларда юзага келадиган нохуш оқибатлар ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Инсон онгги ва қалбини манфур ғоялар билан эгаллашга қаратилган ҳаракатлардан ҳар бир зиёли огоҳ бўлиши ҳамда бошқаларни ҳам ҳушёрликка ундаши зарур. Зотан, кўзга кўринмас иллатларга қарши маърифат билан курашиш ҳар бир даврнинг энг муҳим ва долзарб масаласи бўлиб келган.
Қуйида ҳукмингизга ҳавола этилаётган ҳикоя кўпчилик унча аҳамият қилмайдиган, аммо мулоҳаза қилиб кўрилиши зарур бўлган бир мавзуда сўз юритади.
Ойбек бугун дадасининг ишдан тезроқ келишини интизорлик билан кутарди. “Дадамга қўнғироқ қилинг, келаётган эканми? Айтинг, тезроқ келсинлар…” деб дам-бадам ойисини қўнғироқ қилишга ундар, ўзи бўлса, очиқ деразадан бошини чиқариб, “Эҳ, дадам келмаяптилар-ку!”, – деб қўярди. Унинг безовталигини кузатган бувиси:
– Тинчликми, болажоним, нега мунча бесаранжон бўляпсан? – дея ўқиб ўтирган китобини стол устига қўйди.
– Бувижон, бугун дадам “Counter Strike” олиб келишлари керак.
Бувиси унга ажабланиб:
– Янги ўйинчоқми? – деб сўради.
– Эй, бувижон, тушунмисиз-де… Ўйинчоқ эмас, компьютер ўйини, диск. Компьютерда ўйнайман, – деб яна дераза томонга ўгирилиб, дадасини кута бошлади.
Хонага эндигина кириб келган Ойбекнинг онасидан бувиси сўради:
– Келин, Ойбек қанақа дискни айтяпти?
– Ойижон, Ойбек уч кундан бери ҳарҳаша қилади олиб келиб беринг, деб. Бугун олиб келиб бераман, деб дадаси ваъда берган эдилар. Компьютерда ўйнайди. Кўчада шаталоқ отиб юргандан кўра, олдимда тинчгина ўйнаб ўтиради. Кўчага чиқмай, уйда ўтирса ҳам баъзи пайтларда қаёқдаги саволларни бериб, бошимни қотиради. Хонасида ўйнаб ўтиргани ҳам яхши.
Бувиси Ойбекни ёнига чақириб:
– Болажоним, у қанақа ўйин? – деб сўради.
– Зўр ўйин! Душманларни ўлдирамиз. Уруш-уруш…
Шу пайт эшик қўнғироғи чалинди. Ойбек шу зумда эшикка отилди. Дадаси келган эди.
– Дада, дискни олиб келдингизми?
– Ҳа, ўғлим, мана, ҳозир… – деб дискни ўғлига узатди.
Ойбек ўйин ёзилган дискни олиб хонасига кириб кетди. Компьютерга берилиб, завқ билан ўйнай бошлади. Кечги овқатга ҳам келмади.
Орадан анча вақт ўтгач, бувиси, дадаси, ойиси ўтирган хонага кериб келди. Компьютер қаршисида кўп ўтирганидан, кўзлари қизариб кетган эди.
– Ҳа, ўғлим, ўйнаб бўлдингми? Ютдингми? Кейинги этапларга чиқа олдингми ўзи? – деб сўрай бошлади дадаси.
– Эҳ, дада, кейинги этапларга ўтолмадим…
– Айтганча, алифбенгни ўқиб, дарсларингни қилганмидинг?
– Йўқ, дада. Энди қиламан.
– Нега олдин дарсларингни қилиб қўймадинг? Ўғил бола бундай иш қилмайди.
– Мен бунга неча марта айтдим, – гапга қўшилди Ойбекнинг ойиси. – “Дадам келсинлар, кейин бажараман”, деб баҳона қилди.
Ойбек эса дадаси билан ойисининг гапларига парво қилмай, хонада китоб ўқиб ўтирган бувисининг олдига борди:
– Бувижон, сиз кўп нарсани биласиз-ку, айтинг-чи, бизда уруш бўлмайди-а?!.
Бувиси Ойбекни маҳкам бағрига босди. Гап ўйинларнинг таъсирида эканини англаб етди.
Ирода ОБИДОВА