БАРҚАРОР ТИЗИМ

Инсон умри давомида турли микроорганизм (вирус, микоплазма, микроб ва бактерия)ларга дуч келади. Ҳар кунги ҳаётда улар билан тўқнашиб, касалликларга дучор бўлмаслигимизда иммун тизимининг хизмати катта. Иммунитет бу организмнинг гомеостазини, яъни ички барқарорлигини сақлаш хусусиятидир.

Одам танасида кунига икки мингтагача ўсма (рак) ҳужайралари пайдо бўлади. Лекин бу ҳужайралар иммун тизими томонидан бартараф қилинади. Иммун тизимнинг ўзига хос хусусиятларидан энг муҳими ёшга хос хусусиятлардир.

Янги туғилган чақалоқларда иммун тизим ўз фаолиятини бошлаб улгурмаган бўлади. Улар то бир ёшга тўлгунча иммун тизими вазифасини бажарувчи она сутидаги антитаначалар сабабли хасталиклардан ҳимояланади. Шу сабабли сунъий озуқа билан озиқланувчи болаларда касалликка берилувчанлик кўп кузатилади.

Бир ёшдан сўнг организмда иммун тизим мустақил фаолият юрита бошлайди. 18-20 ёшлардан сўнг қарилик давригача организмнинг бактериялар билан курашиши барқарор бўлади. Инсон кексая бошлагач иммунитет бирмунча сусаяди. Организм реактивлиги камайганлиги сабабли турли касалликлар билан хасталаниш осонлашади. Шу туфайли баъзи ҳолатларда ёши катта инсонлар грипп ёки бошқа юқумли касалликлар билан оғришса хасталик белгилари суст намоён бўлади. Ёҳуд умуман кузатилмайди. Иситма бу иммунитетнинг зўр бериб ишлаётганлиги ҳақида хабар берувчи муҳим белги ҳисобланади.

Ёш болаларнинг организмига хос яна бир жиҳати уларнинг катталарга нисбатан тез-тез касалликларга чалинишлари сабаби касаллик қўзғатувчилари билан биринчи марта тўқнаш келишидир. Бола соғайгандан сўнг унда маълум касаллик қўзғатувчисига нисбатан иммунитет пайдо бўлади.

Биламизки, баъзи касалликлар билан инсон ҳаётда бир мартагина касалланади. Хасталикни бошдан ўтказгандан сўнг ушбу касаллик билан оғриган беморлар билан бемалол мулоқотда бўла олади. Масалан, сувчечак, қизамиқ, дифтерия (бўғма), қоқшол, тепки, қизилча, гепатит каби хасталикларда. Грипп, герпес (учуқ), пневмония (зотилжам) каби касалликлар билан эса биз қайта-қайта касалланишимиз мумкин. Бу эса касаллик қўзғатувчисининг ўзига хос хусусиятлари ва иммунитетнинг бактерия билан курашиш усулига боғлиқ бўлади.

Иммунитетнинг эслаб қолиш фаолиятини антитанача деб аталувчи махсус оқсиллар ёки Т-”хотира” ҳужайралари бажаради. Агарки, касалликни бошдан кечириш вақтида иммунитет Т-”хотира” ҳужайраларини пайдо қилиб бактерияларни “эслаб қолмаса”, кўпи билан бир ойдан сўнг шу бемор билан қайта касалланиш эҳтимоли яна пайдо бўлади. Лекин, аксинча Т-”хотира” ҳужайралари пайдо бўлса-ю, кейинги 20-30 йиллар ичида ёки бир умрга касаллик қўзғатувчиси билан тўқнаш келганда бактерия бартараф қилинади ва организм касалланмайди. Мисол учун А гепатит вирусини олайлик. Бу вирус кенг тарқалган бўлиб, уни кўпгина санитария қоидаларига эътибор берилмайдиган ошхоналарида, жамоат транспортларда учратиш мумкин. Ҳаттоки, кўча юзида сотиладиган қурт, писта, хўрозқанд ва шу каби озиқ-овқат маҳсулотлари юзасидан топиш мумкин. Лекин гепатит билан касаллланадиган инсонлар унча кўп эмас. Бунга сабаб кўпчилик болалик даврида гепатит билан тўқнаш келган, у билан касалланган, курашган ва ғолиб чиққан! А гепатити вирусининг антигенига қарши Т-”хотира” ҳужайраси организмда мавжуд. Шу орқали иммунитет инсонни бу касаллик билан қайта оғришига йўл қўймайди.

Яна ўқинг:  ЁЗНИНГ ЁРҚИН РАНГЛАРИ

Т-”хотира” ҳужайраси айнан қандай ёрдам беради деб ўйлашингиз мумкин. Гап шундаки, иммунитет бактерия антигени ҳақида маълумот олгунча маълум вақт керак бўлади. Бу вақт ичида бактериялар жуда тез кўпайиб, организм тўқималарига зарар етказиб улгуриши мумкин. Агар Т-”хотира” ҳужайрасидан фойдаланилса, шу вақтни қисқартириш имкони пайдо бўлади ва касаллик қўзғатувчиси соғлом организмга тушган дастлабки дақиқаларда бартараф қилинади.

Иммунитетнинг яна жуда қизиқ хусусиятлари бор. Олимларнинг аниқлашича одам йиғлаган пайтда иммунитет ўзининг юқори фаолиятини кўрсатар экан. Бунинг сабаби аниқланган эмас, лекин бу ҳаққоний далил.

Яна барчамизга маълумки, одам паст ҳароратда кўчада қолиб совуққотса иммунитет фаолияти пасаяди. Яъни, унинг организмдаги назорати сусаяди. Назорат деганда асосан иккита жараён назарда тутилади. Маълумки, бактериялар тупроқ, сув ва ҳавода доим мавжуд бўлади. Улар бизнинг организмимизда ҳам кўп. Меъда-ичак тизими, юқори нафас йўлларида улар ҳамиша учрайди. Булар ичида ҳам сапрофит, ҳам шартли патоген бактериялар бор. Мана шу бактериялар доим иммунитет назоратида бўлади.

Назоратнинг иккинчи томони бу ҳужайраларнинг бўлиниши ва эски ҳужайраларнинг емирилиши билан боғлиқ жараён бўлиб, бу орқали танада ўсма ҳужайраларинг пайдо бўлишининг олди олинади.

Одам совуққотганда асосан биринчи назорат сусаяди. Шартли патоген микроблар кўпайиб, касаллик белгиларини юзага чиқаради. Назоратни яна қайтадан ўрнатиш учун иммун тизимига қувват ва вақт керак бўлади. Бу вақт оралиғида иситма ва ҳолсизлик каби хасталик аломатлари кузатилади. Ҳолсизликнинг сабаби тананинг қуввати максимал даражада иммунитет ҳужайралари ва оқсиллари синтези учун сафарбар этилганлигида иситманинг сабаби эса синтез жараёнларининг кучайганлиги бўлади.

Иммунитет мустаҳкам бўлиши учун организм чиниққан ва соғлом бўлиши керак. Чиниққан деганда албатта спорт мажмуаларида сузиш, енгил ва оғир атлетика билан мунтазам шуғулланувчи спортчини тушуниш керак эмас. Организмни ва айниқса, кўпгина инсонларни ҳаракатсизликдан асраш ҳам чиниқишнинг бир кўринишидир. Бунинг учун эса тез-тез жисмоний тарбия билан шуғулланиш кифоя.

Шунингдек, болаликдан эмлатиш, тоза ҳавода пиёда сайр қилиш, югуриш, тоғ бағрига саёҳат уюштириш, тўғри овқатланиш ҳамда организмни емирувчи зарарли одатлар ичиш, чекиш ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслик ҳам иммунитетнинг касалликларга қарши чидамлилигини оширади.

Яна ўқинг:  Соғлом фикрлаш соғлом ҳаёт асосидир

Ҳилола ПРИМУҲАМЕДОВА,

Тошкент фармацевтика институти ассистенти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: