БАРҲАЁТ ИЛМИЙ МЕРОС

Мамлакатимизда дунё тиббиётига улкан ҳисса қўшган табиб, олим ва файласуф Абу Али ибн Синонинг башариятга қолдирган бой маданий мероси чуқур ўрганилмоқда ва кенг тарғиб этилмоқда.

Унинг маънавий-маърифий мероси асосида ватандошларимизни, айниқса, ёшларни тарбиялаш, бу умумбашарий меросдан дунё оммасини хабардор этиш, инсонпарварлик хайрия ишларини амалга ошириш ва соғлиқни сақлаш тизими ислоҳотида фаол иштирок этиш мақсадида 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойиши асосида Ибн Сино жамоат фонди ташкил этилди.

Мазкур фонд нафақат мамлакатимиз, балки бошқа давлатларда ҳам турли илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатларини ўтказиш ташаббускори ва ташкилотчиси бўлиб келмоқда.

Ибн Сино музейини барпо этиш, унинг тиббий ва илмий-амалий меросига оид тадқиқотлар олиб боришга, хусусан, олимларнинг бу борадаги илмий фаолиятини рағбатлантириш ва мувофиқлаштириш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Тиббиёт ва доришунослик соҳасидаги энг яхши ишлари учун Ибн Сино номидаги мукофотнинг таъсис этилиши ҳам ушбу йўналишга жиддий эътибор қаратилаётганининг намунасидир.

Чет эл олимлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, алломанинг илмий меросига бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилади. Мамлакатимизнинг барча вилоятларида ва хорижий давлатларда жамғарма бўлинмалари ташкил этилиб, буюк ватандошимиз таваллуд топган замин – Бухорода ҳар йили Ибн Сино халқаро ўқишлари ўтказилмоқда.

Табобат султони ўз илмий фаолияти давомида 450 дан ортиқ трактат (илмий рисола)лар яратган. Асарларининг аксарият қисми тиббиёт ва фалсафага тегишли бўлгани билан алломанинг мантиқ, физика, кимё, математика, коинот, ҳамда мусиқа, адабиёт ва тилшунослик соҳасидаги хизматларини ҳам эътироф этиш лозим.

2011–2013 йиллар давомида “Хоразмдаги Маъмун академияси ва Ибн Сино” мавзусидаги илмий-амалий семинари, “Буюк олимлар фалсафаси, Хоразмдаги Маъмун академияси ва замонавий геронтология” илмий-амалий конференцияси ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Ибн Сино менинг тасаввуримда” мавзусидаги ёшлар бадиий кўргазмалари ўтказилди. Унинг доирасида “Ибн Сино таълимоти ва замонавий тиббиёт” мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди.

2013 йили ташкил этилган Ибн Сино ўқишларида юртимизнинг 160 нафарга яқин олимлари, шунингдек Туркия, Исроил, Украина, Россия, Индонезия, Корея ва Эрон каби давлатлардан соҳа мутахассислари иштирок этди.

Мазкур фонд томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти ишлари бўйича Миллий комиссияси ҳамкорлигида Термиз шаҳрида бўлиб ўтган “Ибн Сино мероси ва замонавий тиббиёт тараққиёти” деб номланган илмий-амалий семинарда мамлакатимиздаги вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармалари вакиллари, олимлар ҳамда мутахассислар иштирок этишди.

Яна ўқинг:  Баҳор мактуби

Фонд ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий Комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Бухоро шаҳрида 2015 йил 20-21 ноябрь кунлари “Ибн Сино илмий мероси ва замонавий тиббиётнинг долзарб муаммолари” мавзусида VIII халқаро Ибн Сино ўқишлари илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Истанбул Бахчешехер университети ва Туркиянинг “LIV Hospital” халқаро клиникаси билан ўзаро халқаро ҳамкорлик меморандумлари тузилиб, имзоланди.

VIII халқаро Ибн Сино ўқишлари ўтказилиш жараёнида Ибн Сино жамоат фонди фаол ҳаракатлари учун Франция тиббиёт академияси томонидан медаль, Истанбул Бахчишехер университети, “LIV Hospital” клиникаси, Туркия халқаро ҳамкорлик агентлиги (ТИКА) ва Исроил Шарқ-Хитой табобат марказининг сертификатлари билан тақдирланди.

Бугунги кунда Ҳиндистон Ибн Сино академияси билан ҳамкорликда ишлаш бўйича шартнома режалари тузилмоқда ва имзоланган тўртта халқаро ҳамкорлик меморандумлар асосида ишлар режалаштирилмоқда.

Нозимхон МАҲМУДОВ,

Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси ўринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: