ДОНОРЛИК – САХОВАТПЕШАЛИК

Қон – бу ҳаёт! Агар инсон организмида у етарли бўлмаса, турли дардларга чалинади. Шунинг учун донорликни ўз ҳаётининг мазмунига айлантирган кишини саховатпеша деб айтса арзийди.

Ҳар йили юртимизда “14 июнь – халқаро донорлар куни” сифатида кенг нишонланади. Бундай тадбирларнинг асосий мақсади донорликнинг зарурлигини чуқурроқ англаб етишни шакллантириш ва кўнгиллиларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришдан иборатдир.

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама марказида бўлмоқда.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2015 йил 30 июнда қабул қилинган 2016–2020 йилларда Қон хизматини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасига мувофиқ ишлаб чиқилди. Унда бир марта олинадиган донорлик қони ҳажми меъёрини, қон топшириш даврийлигини тартибга солиш, шунингдек, узоқ вақтдан бери бепул қон топшираётган шахсларни қўшимча моддий рағбатлантириш йўли билан республикада бепул донорликни янада ривожлантириш мақсади кўзланган.

Қонун лойиҳасида “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддасига ўзгартиришлар киритиш назарда тутилиб, киритилаётган ўзгартиришларга кўра қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш, шунингдек қонни лаборатория текширувлари учун топшириш тартиби, даврийлиги ва ҳажмини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатига ўтказилади.

Мазкур модда тўрт маротабадан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан илмий асосланган физиологик меъёрдан келиб чиққан ҳолда бир марта қон олиш ҳажми тўрт юз эллик миллилитр миқдорида белгиланган. Бундан таҳлиллар учун олинган қон ҳисобга кирмайди. Шу муносабат билан, республикада донор қонини аввал кўп маротаба ишлатилиб келинган 400, 0 мл ҳажмдаги шиша флаконларга олиш ўрнига стандарт бир маротаба ишлатиладиган 450, 0 мл дан иборат максимал хажмдаги идишларга (гемоконтейнерлар) ўтиш тўлақонли амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, донорларнинг замонавий лаборатория текширувларини кенг миқёсида ўтказиш учун мазкур моддани амалдаги таҳририда кўрсатилган йигирма миллилитр ўрнига 40 мл гача қон олиш мақсадга мувофиқлиги белгиланаяпти.

Қонун лойиҳасида “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 21-моддасига киритилаётган қўшимчага кўра, эндиликда “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган донорлар энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланиши кўзда тутилмоқда.

Яна ўқинг:  Тангоб

Донорларни моддий рағбатлантириш механизмини яратиш республикамизда ихтиёрий донорликнинг ривожланиши билан боғлиқ муаммоларнинг сақланиб қолаётгани билан изоҳланади. Республика бўйича донорларнинг сони ортиб бораётибди. Ушбу рақамлар 2012 йил – 111 759, 2013 йил – 131 254, 2014 йил – 137 327 нафарни ташкил этади. Афсуски, шундай бўлсада мамлакат аҳолисининг донорлик фаоллиги кўрсаткичлари пастлигича қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган донорликни ривожлантириш даражаси – 1 000 аҳолига 30-40та донация кўрсаткичи бўлиб, Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 4, 4 ни ташкил қилади.

Таъкидлаш жоизки, аҳолининг кенг қатламларини бепул, ихтиёрий ва мунтазам донорликка жалб этиш, узоқ вақтдан бери бепул қон топшириб келаётган шахсларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 июлда “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унга кўра ўз қонини камида қирқ марта ёки унинг таркибий қисмларидан бир қисмини камида олтмиш марта бепул топширган донорлар кўкрак нишони билан мукофотланадилар. Стационар даволаш-профилактика муассасаларида даволанишга ётганида овқатланиш ҳақини тўлашдан озод этиладилар. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 6 киши фахрий донор нишонига эга.

Донорлик жамиятимизнинг ҳар бир соғлом аъзосининг бурчи бўлиб қолиши учун, уни кенг миқёсда тарғиб қилиш зарур. Тиббиёт ходимлари билан биргаликда аҳоли орасида тарғибот ишларини амалга оширишда барча жамоат, нодавлат, хайрия ташкилотлари, турли хил фондлар иштирок этишлари мақсадга мувофиқ. Биламизки, қон беғараз, ўз хоҳиш-иродаси билан тиббиёт муассасасига келган донордангина олинади. Бундай саховатпеша кишилар ўзининг саломатлиги ҳамда турмуш тарзи ҳақида аниқ маълумот бера олади. Бу эса қон хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳимдир.

Қонунчилигимизга киритилаётган ушбу ўзгаришлар юртимизда ихтиёрий донорлик сафининг кенгайишига, инсонларнинг ўз саломатлигига янада эътиборли бўлишига ва энг асосийси донор қони ёрдамига эҳтиёжманд бўлган беморлар ҳаётини сақлаб қолишга катта имконият беради.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: