БОЛАЛАР КОСМЕТИКАСИ

у қандай танланади?

Бола парваришида кичкинтойнинг териси ҳам алоҳида эътиборни талаб қилади. Кичкинтойнинг нозик териси гўдак дунёга келган илк кунларидан бошлаб парваришга муҳтожлик сезади. Эндигина туғиган бола ҳали ташқи муҳитга мослашмаган, терисидаги ёғ безлари эса яхши ривожланмаган бўлади. Унинг териси катталарникига нисбатан юқори сезувчан ҳамда жуда юмшоқлиги билан ажралиб туради.

Косметика ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан дўконларда сотилаётган ва ташқи кўриниши бир-биридан кўркам, нархи ва таркиби билан алоҳида ажралиб турувчи болалар косметикасидан барча оналар фойдаланади. Таркибида зарарли моддалар бор косметик воситалар болажоннинг нозик терисида турли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Танланган маҳсулотларнинг барчаси гўдакларнинг соғлиғи, уларнинг хавфсизлиги учун хизмат қилиши лозим. Бу болалар косметик воситаларини танлашнинг асосий шарти ҳисобланади. Кичкинтой учун косметик воситалардан фойдаланишда оналар жуда эътиборли бўлиши мақсадга мувофиқ.

БОЛАЛАР СОВУНИ

Совун болакай таглигини алмаштираётганда ва чўмилиш вақтида керак бўлади. Уни танлашда таркибида ўсимлик моддасининг мавжудлигига аҳамият қаратинг. Хусусан, буғдой таркибида учрайдиган А экстракти терини юмшатиб, ҳимоялайди, қизаришларининг олдини олади ва унинг таркиби Е витаминига бой. Совунни асосан бола 2-3 ойлик давридан бошлаб ишлатган маъқул. У ёғли ёки крем-совуни бўлса айни муддао. Совун таркибида учрайдиган фойдали моддалар: юмшатувчи, ёғ, глицерин, ланолин, борат кислотаси, тўйинтурувчи моддалар, асал ва мум, яллиғланишга қарши экстрактлар, қайта тикловчи воситалар, эман пўстлоғи, тирноқгул, эквалипт, мойчечак ва мармарак ўсимлиги.

ШАМПУНЬ

Мутахассислар гўдакнинг 2-3 ҳафталигидан бошлаб шампундан фойдаланишни тавсия этишади. Чўмилиш учун мўлжалланган болалар шампуни юмшатувчи моддалардан иборат бўлиши, бошни қичиштирмаслиги ва кўзни ачиштириб, унинг ёшланишига олиб келмаслиги лозим. Болакай чўмилиши керак бўлган воситалар таркибида сунъий бўёқлар ва синтетик моддалар учрашига йўл қўймаслик лозим. Ҳатто, катталар учун энг яхши ҳисобланган шампунь болакайга салбий таъсир қилади. У кичкинтой учун мос эмас. Чунки, катталарнинг соч тузилиши ва уни ҳимояловчи моддалари болаларникидан жуда фарқланади. Шампунь сотиб олишда унинг таркибига эьтиборли бўлинг. У ерда парабен, SLS, DEA, синтетик полимер ва бўёқларнинг мавжуд эмаслигига диққат қаратинг. Агар унинг таркибида мойчечак ёки буғдой экстракти мавжуд бўлса, у тинчлантирувчи хусусиятга эга шампунь саналади. Мойчечак яллиғланишни бартараф этиб, қичишиш, тери кўчишининг олдини олади ва таъсирчан териларни тинчлантиради. Буғдой эса терининг гидролипид (гидро-сув ва липид-ёғ) мувозанатини ҳимоя қилиб, юмшатади. Болалар шифокорлари ҳафтада бир маротаба шампундан фойдаланишни тавсия қилишади.

Яна ўқинг:  Ревматизм хуружида фойдали муолажа

НАМ СОЧИҚЧАЛАР

Бу восита ҳозирда болалар учун керак бўладиган маҳсулотларнинг энг зарури ҳисобланади. Ювиш имконияти бўлмаганда ва чақалоқ билан сайрга чиққанингизда айниқса қулай. Бу каби сочиқчалар терини тозалаш ва дезинфекция қилиш учун зарур. Аммо, уларни доимий равишда ишлатиш мақсадга мувофиқ эмас. Агар сиз уйда бўлсангиз яхшиси илиқ сувдан фойдаланинг. Бу нафақат оилангиз бюджети учун, балки кичкинтой учун ҳам жуда фойдали. Болалар сочиқчаси таркибида спирт ва синтетик моддалар бўлмаслиги керак. Чунки, у аллергия чақиради. Нам сочиқчалар таркибида табиий ўсимлик моддалари мавжуд бўлиши шарт. Салфетка махсус юмшоқ, нозик пахта матосидан тайёрланган бўлиши лозим.

КРЕМ

Бола терисини ҳимоя қилувчи универсал восита бу болалар креми ҳисобланади. У терини намлантириб туриш хусусиятига эга. Болалар креми таркибида зарарли ингридиентлар бўлмаслигига эътибор қаратинг. Унда парабен, PEG ва синтетик ёғ мавжуд эмаслигини инобатга олинг. У яллиғланишлар ва тери қизаришларининг олдини олиши, пўст ташлашини бартараф қилиши, намлантирувчи, озиқлантирувчи хусусиятга эга бўлиши лозим. Тери қизариши узоқ вақт мобайнида тагликлардан фойдаланиш натижасида юзага келади. Агар гигиенага тўғри амал қилинмаса, тери билан боғлиқ жиддий муаммолардан бири – дерматит касаллигига сабаб бўлади. Бундай пайтлар таглик остидан суришга мўлжалланган махсус кремдан фойдаланиш яхши самара беради.

МАХСУС ЁҒЛИ КОСМЕТИК ВОСИТАЛАР

У терини тўйинтириб, юмшатади ва сув балансини меъёрлаштиради. Мазкур маҳсулотдан тери қатламларини ёғлашда, таглик остидан ва чўмилгандан кейин терини юмшатиш учун ҳамда уқалаётганда ишлатиш мумкин. Бола учун мўлжалланган ёғ юмшоқ асосга эга бўлиши керак. Консервантларсиз ёғ танланг. Таркибида кунгабоқар ёғи мавжуд бўлса, қуруқ терилар учун мўлжалланган бўлиб, у терини юмшатади ва тез фурсатда унинг тикланишига ёрдам беради. Зайтун ёғи эса яраларнинг битишига кўмаклашади. Е витамини пўст ташлаши ва қуруқ терининг сув-ёғ мувозанатини тиклайди.

Мазкур косметика воситалари болангизга гўдаклик даврларида керак бўлади.

(Давоми бор.)

Дерматолог Баҳодир АБДУЛЛАЕВ тавсиялари асосида ХУРШИДА ҲУСЕНОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: