Писта (ҳажвия)

Ҳамсоя аёлларнинг “ташхиси” тўғри чиқди. Қўшни келин шифокор назоратидан, УТТ тиббий ускунаси текширувларидан ўтиб улгурмай улар “нишонни мўлжалга урди”:

–Янги йил байрами арафасида Шодиям ота бўладиёв, – деди Хосият янга бир-бирининг пинжига кириб йўлга тушган келин-куёвларни зимдан кузатиб, – лекин қиз туғилади, келиннинг қўли очиқ эмас, мясорубка сўрасанг, тиржайиб, “ўзим гўшт майдалаб турувдим”, тоғара сўрасанг “ҳозиргина кир чайиб олсаммикан, деб тургандим” деб баҳона қилади. Азбаройи тутқич бермайди, қурғурдан газандага отиладиган тошни ҳам ундириб ололмайсан…

Шодиқулнинг бўлса, оғзи қулоғида, хотини ҳомиладор. Бўйдоқлигида ота-онасининг қистови билан зўрға бажарадиган юмушларни энди ўзбиларидан маромига етказиб қўяди. Ўтин ёриб ғарамлайди, мол-ҳолни саранжом қилади. Ҳатто, тунда чироқ ўчиб қолишини ҳам инобатга олиб, лампачироқнинг қора чуркаган шишаларини ҳам обдон тозалайди. Оқшом чўкиши билан куёвлик тўнини елкага илиб секин кўчага “йўрғалайди”. Гузардаги дўкондан ўнг қўлтиғига бир дона банан, чап қўлтиғига бир қадоқ шўртак пистани жойлаб, кўчани тўлдириб ўтирган тенгқурларининг ҳазилу “ҳай-ҳай”ларига қўл силтаб уйга шошади.

Вақт дегани елдек югурук. Айниқса, ширин дамлар, ширин орзу-ўйлар билан зумда ўтиб кетади. Келиннинг “юки анча оғирлашди”, Шодиқулнинг эса ҳадик-ҳаяжони ортгандан ортди. Қолаверса, бу ёғи Янги йил…

Ҳамсоя аёллар топиб айтганди: келин анча пишиққина. Қайнонанинг рухсатисиз бировнинг қўлига чўп ҳам тутқазмас, рўзғор таълимини яхши ўзлаштирар, қозон-товоқни тоза сақлар, пазандаликни дўндирар, ширин сўзи билан барчанинг кўнглини олар, ҳа деганда “уҳ” тортмас эди. Хосият янга ҳасадга тўлиб бир неча бор девордан қайнонасига гап “ирғитганида” ҳам қайнона-келин ўртасида оралаган “оламушук”ни овлаб, низоларга кулиб барҳам берганди. Шундай қилиб, келинчак ҳомиладорликнинг сўнгги кунларида кечадиган “сим-сим” оғриқни ҳам енгиб, ичига ютиб юрди. Шифокор берган муддат ҳам кун оралай бошлади. Аммо бунинг ҳам ниҳояси бор эди.

Шодиқул рўзғордаги кундалик юмушларини саранжомлаб, “ғиз” этиб дўконга бориб келди. Сўнгра ҳовлининг у ёқ, бу ёғига кўз ташлаб доим эшигини очса ёқимли ифор димоғига уриладиган ётоғига ҳатлади. Қарасаки, хотини уйда, авзойига жисмидаги оғриқнинг акси тушиб турибди.

– Ни-нима гап? Бош-бошландими, – шошиб сўради Шодиқул. Келин бир қаради-да, яна ўзи билан оввора девор суяниб юрди. Шодиқул айбдор боладек кўзини олиб қочди. Енгидаги “туҳфа”ларини бир-бир олиб чиқиб, ойна олдига қўйди:

– Сен-нга банан об келдим, евол! – хўроздек бир керилиб олди эркаклиги ёдига тушиб. Йигит қадоқни йиртиб очганди, ҳаяжондан кўпроқ куч сарфладими целофан халтача иккига айрилиб, писталар ҳар томонга сочилиб кетди. Шўртак пистадан бирини ғазаб билан оғзига ташлади, кейин эгилиб қолганларини қўли билан сидиришга тушди.

–Вой-й, онажон-н! – қаттиқ дард тутиб туйқусдан хотини чинқириб юборди. Шодиқулнинг қўрқувдан нафаси ичига тушиб кетди. Ранги кўкариб икки қўли бўғзига ёпишди: – Уҳҳу… хихххх… Писта…

…Шодиқул кўзларини ишқалаб, базўр очди – бегона жой. Тамшанганди томоғида ачимсиқ таъмни ҳис қилиб, афти бужмайди. Сўнг ари чаққандек каравотдан сапчиб турди:

– Ўғлим уйғондингми, – эшикка беҳол суяниб турган отаси яқинлади, – юракни ёрдинг, одам деганам шунча шошма-шошар бўладими? Ҳа, айтганча, келиннинг “кўзи ёрди”, табриклайман! Ўғил!!!

Шодиқул ва унинг яқинлари Янги йилни қўшалоқ қувонч билан қаршилади. Байрамга бешик, қовурдоққа газак, ширинликка ширинлик уланди. Бироқ байрамдан икки кун ўтар-ўтмас дарвоза қоқиб дўкончининг ўғли келди:

– Шодиқул ака, пистадан қарзингиз бор экан, ойим сўраб юборди…

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар (2015-52)

Шерзод ХУДОЙҚУЛОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: