МАҲАЛЛА – ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК МАРКАЗИ

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан маҳаллаларда хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг ўринбосари Г.Алимова мамлакатимизда ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб бўғини бўлган маҳалла институтининг ҳаётимиздаги ўрни ва роли тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши ушбу йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 26 апрелда қабул қилинган “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишларни янада ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир.

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жойларда минглаб тарғибот-тушунтириш тадбирлари ташкил этилди. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ниятида бўлган тўрт ярим минг нафарга яқин фуқарога банклардан кредит олиш ва иш фаолиятини бошлашда кўмаклашилди. Бундай тадбирлар туфайли маҳаллаларимизда қирқ етти мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Бугунги кунда маҳаллаларда новвойлик, сартарошлик, дурадгорлик, кулолчилик, косиблик, ёғоч ўймакорлиги, тикувчилик, касаначилик, зардўзлик каби соҳалар тобора ривож топмоқда. Тўрт миллиондан ортиқ оила ўз томорқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирмоқда.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг жойлардаги бўлимлари томонидан кам таъминланган оилаларга қорамол ва парранда олиб берилди. “Обод турмуш йили”да маҳаллаларимизда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаяди.

Матбуот анжуманида маҳаллаларда оилавий тадбиркорлик ва хусусий бизнесни ривожлантириш самаралари, ҳамкорлик лойиҳалари ва истиқболдаги вазифалар хусусида батафсил маълумот берилди.

Б.ХИДИРОВА,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  ОСОЙИШТАЛИК ТУРМУШ ТАРЗИМИЗ АСОСИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: