РАНГ-БАРАНГ ТАОМНОМА
Шифокор-мутахассисларнинг фикрига кўра кўпгина серёғин ва қуёш кам чиқадиган кунларда организм D витамини танқислигини сезади. Бу эса ўз навбатида эмизикли гўдаклар ва болаларнинг жисмоний ва руҳий ривожланишига салбий таъсир қилиб, шунингдек, катталарда остеопороз (суяклар мўртлиги)га сабаб бўлиши мумкин экан. Чунки, D витамини кальций макроэлементининг сўрилишига ижобий таъсир этади. Шу сабабли серқуёш кунларда очиқ ҳавода сайр этиш ва таркибида D витамини мўл бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш зарур. Сариёғ, ачитқи (хамиртуруш), жигар, буйрак, тухум, айниқса, ёғли балиқ турлари таркибида бу дармондори мўл бўлади.
Табиий ёғли творог, пишлоқ ва треска балиғи жигари юрак ва қон томирлари учун жуда фойдали. Чунки, унинг таркибида кўп миқдорда учрайдиган D витамини юрак етишмовчилигининг олдини олади. Гипертония (қон босимининг кўтарилиши), миокард инфаркти ва шу каби хасталиклар ривожланишига тўсқинлик қилади.
Яна кундалик таомномада ранг-баранг озиқ-овқат маҳсулотлари ва мева-сабзавотлар ҳамда полиз маҳсулотлари бўлишига эътибор қаратиш лозим. Бир хил овқатланиш организмда микро ва макроэлементлар ва витаминлар етишмовчилигига сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида иммунитетнинг пасайиб кетиши ҳамда турли касалликлар ривожланишига замин яратади. Витаминлардан ташқари ўсимлик маҳсулотларида биологик фаол моддалар – фитонутриентлар мавжуд. Мева-сабзавот ёки полиз маҳсулотларининг ранги қанчалик ёрқин бўлса, уларда фитонутриентлар шунчалик мўл бўлади.
Қуйида Сизнинг эътиборингизга қайси рангдаги маҳсулотлар қандай хасталикларнинг олдини олиши ҳақида қисқача маълумот берамиз.
Қизил рангли маҳсулотлар
Помидор, тарвуз, анор, малина, қулупнай, қизил булғор қалампири ва қизил аччиқ қалампир таркибида ликопин моддаси ва эллага кислотаси кўп бўлади. Бу моддалар организмни канцероген (саратонни келтириб чиқарувчи) моддалардан асрайди ҳамда ўсма (рак) касалликларининг ривожланишига тўсқинлик қилади. Шунингдек, ирсиятга ижобий таъсир этиб, турли мутаген (нуқсонли) генлар шаклланишининг олдини олади.
Сариқ ва зарғалдоқ (шафақ) рангли маҳсулотлар
Апельсин, мандарин, лимон, ананас, грейфрут каби цитрус мевалар ва ўрик, сариқ қорағат (смородина), чаканда (облепиха), беҳи, нок, сариқ анжир ва шу тусдаги олма, ошқовоқ, сариқ ва қизил рангли сабзи таркибида гесперидин моддаси бор. Ушбу модда кўз нурига ижобий таъсир этади. Айниқса, бу модда организмнинг ўсиши ва ривожланиши учун муҳим. У ҳужайраларни турли зарарли омиллардан асрайди ва тери намлигини сақлайди. Аммо меъда-ичак тизимида яллиғланиш ва яра бўлган ҳамда организми аллергияга мойил беморларга цитрус мевалар ва беҳи тавсия этилмайди.
Яшил тусли маҳсулотлар
Брокколи карами, кабачка(қовоқча), яшил булғор қалампири, аччиқ қалампир, дуккаклилар (мош, яшил ловия ва яшил нўхат), кўк пиёз ва турли кўкатлар, равоч, турп, бодринг таркибида лютеин, изофлавоноидлар мавжуд. Улар ҳужайралар ўсиши ҳамда уларнинг ўзаро таъсирини рағбатлантиради. Ўпкага ижобий таъсир этади. Тишларни мустаҳкамлайди. Равоч ва кўкатлар ҳамда турп иштаҳа очади.
Оқ рангли маҳсулотлар
Саримсоқпиёз, қўзиқорин, банан, оқ ловия, бош пиёз таркибида аллицин, кверцетин моддаси мавжуд. Улар юрак, қон томирлар тизимини мустаҳкамлайди ва саратоннинг олдини олади. Аммо меъда-ичак тизимида яллиғланиш ва яра мавжуд беморларга хом саримсоқпиёз ва пиёз истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Кўк ва бинафшаранг маҳсулотлар
Қора қорағат, маймунжон, қора ва тўқ қизил ёки бинафшаранг узум, олхўри, лавлаги, бақлажон, қора анжир, қора тут таркибида ресвератол, антоцианидин моддалари бўлади. Бу моддалар кучли антиоксидант бўлиб, саратон хасталикларини олдини олади. Юрак мушакларини мустаҳкамлайди ва суякларга ижобий таъсир этади.
НОК – АЪЛО КАЙФИЯТ САБАБЧИСИ
Қуёшли кунларда кайфиятимиз чоғ бўлади. Чунки, қуёш нурлари билан қалбимизга илиқлик ва ёруғлик кириб келади. Кузнинг серёғин кунларида хона деворларига илиб қўйилган беҳилар хушбўй ифори билан кайфиятимизни кўтарганидек сариқ тусли, қаҳраборанг нок истеъмол қилиш ҳам руҳий зўриқиш (стресс) ва тушкунлик (депрессия)дан асрайди. Чунки, бу хуштаъм меванинг таркибида С, Р ва В гуруҳи витаминлари ва пектин моддаси кўп учрайди. Пектин сабабли организмдан заҳарли моддалар чиқиб кетади. Фруктоза моддаси эса стрессга қарши таъсир этади.
Фруктоза ва озуқавий тола сабабли европалик шифокорлар нокни қандли диабет билан оғриган беморларга тавсия этишади. Анъанавий Хитой табобатида эса бу мева спиртли ичимликларнинг зарарини бартараф этиш ва ҳароратни туширишда қўлланилади. Нок, шунингдек, буйракнинг сурункали касалликлари ва пешоб ажратиш тизими хасталикларида шифобахш таъсирга эга. Европа ўрмонларида ўсувчи брусника меваси ва унинг баргларида кўп учрайдиган арбутин моддаси кучли буйрак антисептиги ҳисобланади. Нокда ҳам шу модда мавжуд. Сариқ тусли, олтинранг товланувчи нок меваси нафақат чанқоғингизни қондиради, балки у тўйимли озуқа ҳамдир. Яна бу мева пешоб ҳайдовчи хусусиятга ҳам эга. Ичаклар перистальтикасини яхшилайди. Меъда-ичак тизимини микроблардан ҳимоя қилади. Аммо қабзият (ич қотиши)га мойил беморлар уни кўп истеъмол қилмаганлари маъқул.
Таркибида гидроксижигарранг кислоталар мавжудлиги сабабли вирусларга қарши курашувчанлик хусусияти бор. Ундаги Р витаминлар эса томирларни мустаҳкамлайди. Нокнинг ўт ҳайдовчи хусусияти ҳазм қилишни яхшилайди. Кузда хилтлар қўзғалганлиги сабабли инсонда кайфият ҳам, қон босими ҳам ўзгариб туради. Шундай пайтда яхши етилиб пишган, сархил нокни тўйиб есангиз ўзингизни анча енгил ҳис этасиз.
Бу мевани еб, устидан совуқ сув ичманг. Ёки сут маҳсулотларини истеъмол қилманг. Чунки, меъда-ичак тизимининг фаолияти бузилади. Шунингдек, нок таркибидаги кам миқдордаги оксалатлар – шовул кислота кальций ва магний моддасининг организмда сўрилишига тўсқинлик қилади.
Яна қуймич нерви (ишиас) яллиғланганда ва артрит (бўғим оғриқлари)да ҳам нок истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
УЙҚУСИЗЛИК ИММУНИТЕТНИ ТУШИРАДИ
Катталар учун тунда 8 соат тўйиб ухлаш меъёр ҳисобланади. Агар одам 6 соат ухлаб, мияси дам олмаса, унинг иммунитети тушиб кетади. Турли юқумли касалликларга тез чалинади. Кечаси тўйиб ухламаган одам кундузи мияси дам олиши учун 1-2 соат тиниқиб дам олиши керак. Америка олимларининг янги тадқиқотларига кўра уйқусизлик нафақат иммунитетни туширади, балки бу салбий ҳолат сабабли одамда руҳий зўриқиш (стресс) кузатилади. Яна уйқу бузилиши организмнинг ҳимоя тизими сусайиши сабабли онкологик касалликлар ривожланишига ҳам сабаб бўлар экан.
ОҒИЗДАН МЕТАЛЛ ТАЪМИ КЕЛИШИГА САБАБ НИМА?
Вақти-вақти билан оғиздан металл таъмининг келишига сабаб коронка (сунъий тиш қопламаси), протез (ясама тиш)лар, брекет (яъни, қийшиқ тишларни тўғирлаш учун тишларга узоқ муддат кийдириб қўйиладиган мослама)лар бўлиши мумкин. Бундан ташқари милкларнинг баъзан қонаши сабабли ҳам оғиздан шундай таъм келиши кузатилади. Чунки, қон таркибида темир моддаси бор. Ёки таркибида билинар-билинмас занг бўлган сувни бехосдан ичиб қўйсангиз ҳам шу ҳолат кузатилади. Яна витаминлар етишмовчилигида ҳамда мис, рух, мишьяк каби моддалар билан заҳарланганда ҳам шундай таъм бузилиши учрайди. Шунингдек, қандли диабет, сурункали гастрит, қалқонсимон без касаллиги, жигар, ўт пуфаги хасталикларида ҳам оғиздан металл таъми келиши мумкин. Бемор гастроэнтеролог ва эндокринолог каби мутахассис — шифокорлар кўригидан ўтиши керак. Шундагина тиббий таҳлиллар натижаларига қараб беморга аниқ ташхис қўйилади.
Гулчеҳра ШИРИНОВА