ПЕДИАТРИЯ СОҲАСИНИНГ ЮТУҚЛАРИГА БАҒИШЛАНДИ
Куни кеча Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистонда педиатрия соҳасида эришилаётган ютуқлар ва истиқболдаги вазифалар” мавзуидаги матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда мамлакатимизда ҳомиладор аёлларни инсон ҳаёти ва саломатлиги учун зарур бўлган микроэлементларга бой поливитаминлар билан таъминлаш амалиёти йилдан-йилга такомиллашиб бораётгани ва истиқлол йилларида педиатрия соҳасида амалга оширилаётган кўплаб лойиҳалар ҳақида сўз юритилди. Жорий йилда ҳам бўлажак оналарга поливитаминлар комплекси етказиб берилмоқда. Мутахассислар ўтказган мониторинглардан маълум бўлишича, ушбу амалиёт қўлланилиши натижасида бўлажак оналар ва улардан дунёга келаётган фарзандларнинг саломатлик кўрсаткичи янада яхшиланмоқда. Натижада туғруқ жараёни ва ундан кейинги даврларда юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ва вазни кам болалар туғилишининг олди олинаётир.
Юртимизнинг барча ҳудудларида ихтисослаштирилган тиббиёт масканлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аввалги касалхоналардан фарқи шундаки, бундай марказларда ирсий хасталиклар билан туғилиш, ногиронлик ҳамда юқумли касалликларнинг олдини олиш, оналар ва болаларга юксак сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда болаларни ўн битта хавфли касалликка қарши режали эмлаш янада изчиллик билан давом эттирмоқда. Эндиликда пневмококк, папиллома вируси каби хавфли инфекцияларга қарши икки хил янги вакцина билан босқичма-босқич эмлаш жорий қилиниши мўлжалланмоқда. Бу келажакда юқумли ва онкологик касалликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Болалар орасида юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида миллий эмлаш календарига яна бир вакцина-ротавирус вакцинаси қўшилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов иштирок этди.
Гулчеҳра ШИРИНОВА