ОТА ТАВБАСИ
“Эшит, ўғлим, мен бу гапларни сен лўппи юзларингни кафтинга босиб, малла сочларинг ҳўл манглайингга ёйилиб ширин ухлаётган бир паллада айтаётирман. Бундан бир неча дақиқа олдин кутубхонада газета ўқиб ўтирарканман, даъфатан тавба-тазарру сели остида қолдим, юрагим тўлиб кетди. Айбимга иқрор бўлиб, оёқ учида сен ухлаётган хонага каравотинг бошига келдим.
Ўшанда хаёлимга нималар келганини айтмасам, кўнглим сира жойига тушмайдигандай. Кайфиятим йўқроқ эди, ўғлим, сенга қаҳримни сочдим. Ҳўл сочиқ билан апил-тапил юз артиб, мактабингга ошиқаётганингда сени бўралатиб сўкдим. Пойабзалингни тозаламаганинг учун яна бир гап эшитдинг. Кийимларингдан қай биринидир ерга ташлаб юборганингда, дарғазаб бўлиб яна бақирдим.
Бу аҳвол нонушта устида ҳам давом этди. Эҳтиётсизлик қилиб чойни тўкиб юборганинг, овқатни ютоқиб еганинг, столга тирсак тираб ўтирганинг, нонга сарёғни қалин суркаб юборганинг – ҳамма-ҳаммаси ғашимга тегаверди. Поездга шошиб тургандим. Кўчага ўйнагани чиқаётиб менга қўл силкитдингда, “хайр, дада”, дединг. Билмадим, бунинг менга нимаси ёқмади. “Букчайма, қаддингни кўтариб юр” дедим қовоғимни уйиб.
Кечқурун ҳаммаси қайтадан бошланди. Ишдан уйга қайтаётиб зўлдир ўйнаётганингни кўриб қолдим. Пайпоғинг илма-тешик бўлиб кетганди.
– Пайпоқ жонивор пулга келади, ўзингга сал бундоқ қарасанг, ўласанми?! Ишлаб топсанг билардинг! – деб ўшқирдим. Кейин ўртоқларингнинг кўзича сени олдимга солиб уйга олиб кетдим. “Ўласанми… ишлаб топсанг билардинг… Наҳотки, шу гап дадангдан чиққан бўлса болам?! Нима жин урди мени?!
Эсингдами, кейин кўзларинг жовдираб, қўрқа-писа мен газета ўқиб ўтирган хонага кирганинг. Газетадан бош кўтариб илкис сенга кўз ташлаганимда, авзойим бузуқлигидан чўчиб, эшик ёнида таққа тўхтадинг.
– Ҳа, нима гап? – дедим тўнғиллаб.
Сен ҳеч нима демадинг-да, чопқиллаб келиб бағримга отилдинг. Тангри ўзи юрагингга солган, менинг қўрслигим ҳам совута олмаган меҳр билан мени қучдинг, юзларимдан ўпдинг, сўнг зинапоялардан сакрай-сакрай иккинчи қаватга чиқиб кетдинг.
Газета беихтиёр қўлимдан тушиб, аъзойи баданимга жуда нохуш, даҳшатли қўрқув ўрмалади. Бадфеъллигим, ҳар нарсадан қийиқ топавериш одатим наҳотки мени шу кўйга солган бўлса, оппоғим? Айбинг – гўдаклигингми? Икки оғиз ширин сўз кимни ўлдирибди, эркатойим?! Йўқ, йўқ, сени яхши кўраман. Бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ҳамма бало шундаки, дунёни катта одам қаричи билан ўлчаб, сендан кўп нарсани талаб қилиб юборибман.
Сен беғуборсан, ҳали алдоқ-риё кўчасидан ўтмагансан, самимийсан. Митти юрагинг олис зирвалар устида жилоланган тонг нурларидан ҳам ёрқинроқдир. Уйқу олдидан мен билан хайрлашиб юзларимдан ўпганингда, мен буни янада равшанроқ ҳис этдим. Самимийлигинг, меҳринг қаршисида дунёлар ҳечдир, болам! Қоронғида тимирскиланиб, икки чаққам номусдан қизариб, каравотинг бошига келдим, оёғинга тиз чўкдим. Зора, шу билан гуноҳим ювилса…
Уйғоқлигингда айтсам, гапларимга тушунмаслигингни биламан. Лекин билиб қўй, шу кундан эътиборан ўзимга ўзим сўз бердим: бундан буён кўнглингга қарайман, сен кулсанг куламан, йиғласанг йиғлайман. Оғзимдан бирон-бир номаъқул сўз чиқса, тилларим узилсин! “У ҳали бола, у ёш бола” деган каломни ҳамиша оятдай такрорлаб юрмаган номард!
Сени катта одам хаёл қилиб, қилиқларингни ёқтирмагандирман. Лекин ҳозир каравотда ғужанак бўлиб ширин ухлаётганингни кўрдиму юрагим орқага тортиб кетди: кечагина эмасмиди онангнинг елкасига бошчаларингни ташлаб гурвакланганинг… Ё тавба, ҳали сен ёш боласан-ку!.. Ноўрин тергабман, сени болам, мутлақо ноўрин тергабман!…”
Муҳаммад РАҲМОН
таржимаси