ГИЁҲВАНДЛИК МУАММОСИГА БАҒИШЛАНДИ
Жорий йилнинг 26 июнь куни пойтахтимизда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (ЮНЭЙДС)нинг Марказий Осиёдаги ҳудудий ваколатхонаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Ушбу анжуманда ваколатхонанинг дастур бўйича координатори Галина Фомаиди, Марказий Осиё бўйича ҳудудий вакил Ашита Миттал хоним ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш Миллий ахборот-таҳлил маркази директори Аҳмад Мансуровлар сўзга чиқиб ушбу иллатга қарши курашда жаҳонда, Ҳамдўстлик мамлакатлари, хусусан, Марказий Осиё ва Ўзбекистонда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар, мамлакатимизнинг чегара ҳудудлари ва божхона постлари, уларнинг замонавий русумдаги махсус назорат асбоб-ускуналари билан жиҳозлангани ҳамда темир йўл, ҳаво йўллари, автомобиль йўлларидаги назорат хусусида тадбир иштирокчиларига кўргазмали слайдлар орқали маълумот беришди.
Г. ШИРИНОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири
26 июнь – “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни”га бағишлаб “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан бир қатор маданий-маърифий ҳамда хайрия тадбирлари ўтказилди. Жумладан, Тошкент вилоятидаги Зангиота болалар ахлоқ тузатиш колониясида байрам дастури ташкил этилади. Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – ёшлар учун гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг ҳалокатли оқибатларга олиб келиши, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий ва маърифий даражасини юксалтириш, уларнинг дунёқарашини шакллантириш, ёшлар ўртасида ўзаро дўстона муносабатларни ўрнатиш, Ватанга садоқат каби инсоний фазилатларни янада мустаҳкамлашдир.
Тадбир доирасида иштирокчиларга Республика ёш томошабинлар театри жамоаси томонидан гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ва унинг зарарларини кўрсатиб берувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.
В. ПЎЛАТОВА