Полвонларимиз муваффақияти

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим омили сифатида спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида миллий қадриятимиз – ўзбек кураши ҳам тобора равнақ топаётир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кураш 1998 йилда халқаро спорт тури мақомини олди ва бугун дунё мамлакатларида жадал ривожланмоқда. Инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган ўзбек кураши ўғил-қизларни жисмонан бақувват тарбиялаш билан бирга, уларда юксак маънавият, ҳалоллик, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, ватанпарварлик, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат каби фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади.

Осиё, Европа, Панамерика, Африка ва Океания кураш конфедерациялари таркибига бирлашган юздан ортиқ давлатда мазкур яккакураш тури бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юксак савияда ташкил этилаётир. Бу мусобақаларда турли мамлакатлардан юзлаб полвонлар ғолиблик учун даврага чиқмоқда. “Кураш”, “таъзим”, “тўхта”, “ёнбош”, “чала”, “дакки”, “ҳалол” каби ўзбекча сўзларнинг турли миллатлар вакиллари ўртасида баралла янграши, хорижлик полвонларнинг миллий курашимиз усулларини қўллаб, бел олиши қалбимизни фахру ғурурга тўлдирмоқда.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида кураш бўйича катталар ўртасида ўтган IХ жаҳон чемпионатида Ўзбекистон, Туркия, АҚШ, Греция, Украина, Грузия, Арманистон, Жанубий Корея, Япония, Хитой Тайпейи, Вьетнам, Эрон, Исроил, Мўғулистон, Ҳиндистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон сингари элликдан зиёд мамлакатдан 400 нафарга яқин спортчи ўн беш вазн тоифасида ғолиблик учун куч синашди.

Эркаклар ўртасидаги 66 килограмм вазндаги полвонлар беллашувида ҳамюртимиз Суҳроб Худойбердиев жаҳон чемпиони бўлди. Иқтидорли спортчимиз ҳал қилувчи мусобақада тожикистонлик Исмоил Боймуродовни енгди. Яна бир полвонимиз Фаёз Файзуллаев вазни 73 килограммгача бўлган курашчилар ўртасидаги финал баҳсида грузиялик Алика Наниеви устидан ғалаба қозониб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Полвонларимиздан Бектош Сафаров кумуш, Зафар Бўриев ва Муҳсин Ҳисомиддинов бронза медални қўлга киритди. Шунингдек, Туркия, Грузия, Эрон ва Тожикистон курашчилари ҳам олтин медаль билан тақдирланди.

Хотин-қизлар баҳсида Шоҳида Назарова ва Мафтуна Эсонова иккинчи, Нодира Гулова ва Дилфуза Темирова учинчи ўринни эгаллади. Туркия, Исроил, Жанубий Корея, Вьетнам ва Мўғулистон вакилалари ўз вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлди.

Байрам АЙТМУРОДОВ,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  Жамғарма фаолиятидан (2013-44)

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: