Хосиятсиз ниҳоя

Бир тасаввур қилиб кўринг-а, сузишни билмаган одам чўкаётган одамга ёрдам бера оладими? Ёки жон талвасасида типирчалаётган “қурбон”га қўшилиб ўзи ҳам гирдобга ғарқ бўлишни истайдими? Йўқ, албатта. Қачонки ҳар бир инсон жисмонан соғлом ва маънавияти юксак бўлса у ўз оёқлари остидаги она Заминни юракдан ҳис эта олади. Унда собитқадам тураолади. Аммо баъзан билиб-билмай ёки “меҳрибон” дўсту биродарининг қутқусига учиб гиёҳвандлик балосига мубтало бўлган шахсларни кўрган одамнинг кўз олдига гўё юқорида тасвирланган манзара келади.

Маълумки, соғлом муҳитли оилаларда тарбия топаётган фарзандлар доимо ота-она назорати остида бўлади. Уларнинг бўш вақти бўлмайди. Чунки, бундай оилаларда катталар ўз фарзандларига олдиларига мақсад қўйиб яшашни ва вақтдан унумли фойдаланишни ўргатишади. Бекорчи ва лоқайд ҳамда дангаса, бунинг устига ўзига тўқ хонадоннинг эркатойлари ёки носоғлом оилавий муҳитда тарбия топаётган мақсадсиз ўсмирлар наркотик сотувчилар тузоғига осонгина илинади.

Ўсмирлар жуда қизиқувчан бўлишади. Уларни ҳар қандай номаълум нарсалар ўзига меҳригиёдай тортади. Шундай пайтда катталар уларнинг хатти-ҳаракатларини назардан қочирмасдан эътиборлироқ бўлишлари зарур. Бирорта ёмон ниятли “ҳомий” уни ўз қарамоғига олиб, “наркотик моддани бир марта татиб кўрсанг ҳеч нарса қилмайди” деб авраш эҳтимоли юқори бўлади. Бўш-баёв, ўз фикрида мустақил туролмайдиган ёки оилада аламзада, қайсар бўлиб вояга етаётган баъзи ўсмирлар учун бу муаммонинг ечими бўлиб туюлиши мумкин. Чунки, у баъзан ички кечинмаларини баён этишга ва ўсмирлик даврида организмида рўй бераётган табиий, биологик жараёнларни англашга ожизлик қилади. Шундай пайтда қиз бола билан онаси, ўғил бола билан отаси сирдош бўлиши зарур. Мактабда эса шифокор, психолог ёки педагог ўсмир йигит-қизлар гигиенаси, руҳияти ва улардаги жинсий етилиш жараёнлари ҳамда бу ўтиш даврининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида улар билан алоҳида-алоҳида суҳбат уюштиришлари керак. Шунингдек, улар ўқувчиларни ушбу мавзуга оид тиббий рисола ва брошюралар билан таништиришлари шарт. Шундагина ўспиринлар катталар ўзларидан ортиб уларнинг ҳам муаммолари билан қизиқишаётганликларига ишонишади. Акс ҳолда ёшлар ўзлари каби тажрибасиз тенгдошлари ёки ёмон тажрибага эга ёши катталарга эргашишлари мумкин. Ундан ҳам баттари ҳар дақиқада турли мавзудаги ахборот хуружларига тўла “ўргимчак уяси” бўлмиш интернет тармоғидаги уларнинг тарбиясига салбий таъсир этувчи порнографик, бузғунчи ғояли сайтларга мурожаат этишлари эҳтимоли юқори. Нима яхши-ю, нима ёмонлигини катталар ўз фарзандларига тушунтирмас эканлар улар маълумотни кўчадан олишга интилади.

Яна ўқинг:  Дунё ва саломатлик (2014/5)

Ота-оналар ўз фарзандларининг кимлар даврасида ҳамсуҳбат бўлиб, кимлар билан дўст тутинаётганидан огоҳ бўлишлари зарур. Зеро “Қовун қовундан ранг олади” деган халқ мақоли бежизга айтилмаган.

Американинг Вашингтон штатидаги университет мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра заҳри қотил – гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ота-оналардан турли туғма нуқсонли (юракнинг туғма нуқсони, эпилепсия (тутқаноқ) ақли заиф, турли даражадаги жисмоний ва руҳий ривожланишдан орқада қолган ногирон гўдаклар туғилиши кузатилган.

Ислом динида ҳам ҳар қандай маст қилувчи нарсалар ҳаром қилингани ҳақида сўз юритилади. Ҳатто, буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур бобомизнинг соғлом насл ҳақида қайғуриб, шаҳзодаларга маст ҳолатда ўз жуфти ҳалоллари хобгоҳига киришни ман этганлиги ҳам оила қураётган ёшлар учун катта ибрат мактабидир.

Яна мавзуга қайтган ҳолда Республика Наркология Маркази олий тоифали шифокори Равшан Валиевдан гиёҳванд шахснинг хулқ-атвори хусусида қуйидаги маълумотни олдик:

1. Бемор кайфияти ва характерининг вазиятга боғлиқ бўлмаган ҳолда ўзгариб туриши. 2. Онгу шуурининг карахтлиги. 3. Ёлғиз қолишни хоҳлаш ва қоронғуликка интилиш. 4. Ўқиш ва ишга қизиқмаслик. 5. Тез-тез дўстлар даврасини ўзгартириб туриши. 6. Янги танишлари билан кўча тилида гаплашиш. 7. Ёки ўзи ўйлаб топган турли “код”ли сўзларни қўллаш. 8. Доимо ёлғон гапириш. 9. Уйдан пул ўғирлаш ёки атрофдагилардан турли баҳоналар билан пул сўраш. 10. Суҳбат мавзусидан ортда қолиш. 11. Сўзларни чўзиб, узиқ-юлуқ гапириш. 12. Ҳаётга бўлган жамики қизиқиш ва истакларнинг сўниши. 13. Бесабаб жаҳлдорлик, асабийлашиш ва сабрсизлик. 14. Уйқунинг бузилиши.

Гиёҳванд модда истеъмол қилган пайтдаги “кайф” ҳолатида бундай кимсалар керагидан ортиқ фаол бўлиб қолишади. Уларнинг кайфияти бесабаб ўзгариб туради. Сўзамол ёки индамас қиёфага киришади. Худди маст одамдай ўзини бошқаролмай қолади. Кўз қорачиқлари торайиб ёки аксинча кенгайиб кетади. Тажовузкор бўлишади. Кўп ширинлик истеъмол қилишни истаб қолишади.

Гиёҳвандлик ўз ривожланишида уч босқични босиб ўтади. Наркотик моддага руҳий мойилик пайдо бўлиши организмнинг ҳимоя жараёнларининг йўқолиши, гиёҳванд моддаларга чидамлиликнинг ошиши ва уларнинг физиолигик таъсири сақланган ҳолда мунтазам қабул қилиниши билан ифодаланади. Наркотик моддага жисмоний мойиллик пайдо бўлиши, гиёҳванд моддага енгиб бўлмас даражада қарам бўлиш, унга чидамлиликнинг юқори даражага етиши(гиёҳванд модда организмга заҳарли таъсир этгани боис дастлаб уни истеъмол этган шахсда кўнгил айниши, қусиш, бош айланиш каби организмнинг ҳимоя реакцияси кузатилади) шахснинг феъл-атворида салбий томонга ўзгариш яққол кўзга ташланади. Кейинчалик гиёҳванд моддага чидамлилик пасайиб, бу модданинг таъсири гиёҳванд шахсни тетиклантирувчи даражада ушлаб туриши мумкин. Шунингдек, ашаддий гиёҳванд беморларда гиёҳванд моддаларсиз яшай олмаслик хусусияти пайдо бўлади.

Яна ўқинг:  БОТУЛИЗМНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ – ҲАЁТНИ АСРАШ ДЕМАКДИР

Абстинент синдроми(“хумор қилиш синдроми”) оғирлашиб, чўзилиб бориши, руҳий, соматик(ички) аъзолар касалликларнинг ортиб бориши, оғир ижтимоий оқибатларнинг келиб чиқиши билан ифодаланади.

Бош мияда эндорфин моддаси ишлаб чиқарилади. Бу модда руҳий зўриқиш(стресс)ларда, турли шикастланишларда пайдо бўладиган кучли оғриқлардан бош мияни табиий ҳимоя қилади. Эндорфин моддаси инсоннинг иш қобилиятини кучайтиради, кайфиятни кўтаради. Организмга ижобий куч-қувват бахш этади. Наркотик модда истеъмол қилувчи шахсларда эндорфин моддаси ишлаб чиқарилиши тўхтайди. Бу ҳолга сабаб ташқаридан оғриқсизлантирувчи гиёҳванд модда кирганлиги учун бош мия табиий оғриқсизлантирувчи, оромбахш моддани ишлаб чиқармайди. Организмга кираётган наркотик воситалар моддалар алмашинувида иштирок этганлиги сабабли тананинг ҳар бир ҳужайрасига кириб боради. Ушбу жараён туфайли организм бора-бора гиёҳванд моддага мослашади.

Беморнинг ташқи кўриниши

Гиёҳванд моддани истеъмол қилувчи шахслар енги узун кўйлак кийишга ҳаракат қилишади. Чунки, улар қўл томирларидаги укол(эмдори) изларини биров кўришини истамайди. Улар оёқ томирларига ҳам укол қилишлари мумкин. Бундай нотавон кимсалар кўпроқ эгилиб юришга мойил бўлади. Беморнинг сочлари қуруқ бўлиб, сўзлари пойинтар-сойинтар бўлади. Кўзлари одамга маъносиз боқади. Ҳаракатлари беўхшов бўлиб, улар секин қимиллашади. Тери ранги кулранг, сариқ тусли, носоғлом кўринишда бўлади. Оғу сабабли организмдан пешоб билан кўп миқдорда кальций моддаси чиқиб кетади. Бу ҳам суяклар мўртлигига сабаб бўлади. Натижада суяклар тез синишга мойил бўлади. “Тажрибали” беморларнинг фикрича гўёки хумор ҳолати тиш оғриғига ўхшайди. Аммо ушбу оғриқ тананинг ҳар бир ҳужайрасида санчиқ каби туради. Гўёки суяклар синиб, пайлар майишиб, йиртилаётгандай уларда таассурот уйғотади. Қўл ва оёқлар эса жойидан узилиб кетаётгандай бўлади. Кароватда ётган бемор оғриқ зўридан гўё шифтга учгудай бўлади. Бир лаҳзалик “кайф”ни деб ва “бир татиб кўришда ҳеч нарса қилмайди” дея оғуфуришлар сўзига учган беморларни энди тубсиз чоҳ кутади.

Азиз юртдошлар!

Огоҳ бўлинг ва фарзандларингизни ёмонлар таъсиридан асраб-авайланг.

Мабодо кимдир билиб-билмай шу қабиҳ йўлга қадам босса ва пушаймон бўлиб даволанишни истаса фақат шифокор-нарколог, психотерапевт уни оғу чангалидан озод этиши мумкин.

Мақоламиз аввалида беҳудага чўкаётган одамни мисол келтирмадик. Чунки, маъжозий маънода ҳаёт-бу улкан уммон. Унда соғлом фикрли инсонлар, пок ниятли одамлар қучоғини кенг ёйиб, улкан эзгу мақсадлар сари сузиб кета олади. Уларни гирдоб ҳам ўз домига тортиб кетолмайди. Носоғлом инсон эса ўзи тубсиз уммонга ғарқ бўлгани етмагандай, кўнгили бўш “сузишни билмаган”ларни ҳам ўзи билан бирга “сув ўрама”си – гирдобга тортиб кетади.

Яна ўқинг:  Болалар ортопедияси: ота-оналар қайси ўринларда хатога йўл қўяди?

Гулчеҳра ШИРИНОВА

SHU O‘RINDA

Шифокорларнинг фикрига кўра мия ҳужайралари умумий тана оғирлигининг 2, 5 фоизини ташкил этади. Аммо оёқ ва қўлларга нисбатан бош мия 16 баробар қон билан жадал таъминланар экан. Шу сабабли хоҳ у спиртли ичимлик бўлсин, хоҳ у гиёҳванд моддалар бўлсин мияга тезроқ етиб бориб, у ерда қўпроқ концентрация (зич)ланиши кузатилган.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: