СЎЗ ҚАДРИ ВА СЎЗЛАМОҚ МАСЪУЛИЯТИ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Халқ артисти Абдумўмин Ўтбосаров Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси дикторлар гуруҳи раҳбари, олий тоифали диктор.

Абдумўмин ака қатор спектакль ва телевизион фильмларда ҳам турли образларда томошабинлар назарига тушган. Унинг ҳажвий шеърлари, шеърий услубдаги латифалари, новеллалари жамланган “Топган гул…” китоби чоп этилган.

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида элимизнинг севимли сухандони билан кечган самимий суҳбатимиз тўғри танланган касб саодати, устозлар ўгитининг қаҳрамонимиз ижоди ва ҳаётида тутган ўрни, устозлик бахти, қолаверса, саломатлик ҳамда фарзандлар тарбияси борасида бўлди.

– “Ўз ишини топа олган одам саодатлидир; у бошқа саодатни ахтармай қўяқолсин. Унинг қиладиган иши ва яшашдан мақсади бор”, деган экан инглиз ёзувчиси Томас Карлейл. Ушбу ҳикматли сўзлар сизнинг ҳаётингизда қанчалик аҳамиятга эга?

– Назаримда, агар нокамтарликка йўймасангиз, бу пурмаъно сўзлар худди мен ҳақимда айтилгандек ҳис қилдим. Лекин болалик орзуларимда келажагимни сухандонлик билан боғламаганман. Мен ҳаваскор ижодкор сифатида аввало фотография, кино соҳаси билан шуғулланардим. Ҳарбий хизматда юрганимда ҳарбий газетада фотомухбир бўлиб ишладим. Хизмат муддати тугашига ярим йил қолганида ҳарбий киностудия очилди. Мен тажрибали фотомухбир сифатида ана шу студияда кинооператорлик фаолиятимни бошладим. Жамоа билан ҳамкорликда ҳарбийлар фаолиятини ёритувчи мавзуда оқ-қора тасвирда уч-тўртта ҳужжатли фильм ҳам яратдик. Фотомухбирлик фаолиятимда суратларга изоҳ, кейинчалик фотолавҳаларга матнлар ёзардим. Аста-секин фоторепортаж, репортаж ва мақолалар ёза бошладим. Бу қизиқиш мени Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига етаклади. Ўқишга кириш имтиҳонлари олдидан газета саҳифаларида чоп этилган фото, фотолавҳа ва турли мавзулардаги мақолалардан 80 тадан зиёд танланган ижодий ишимни кириш имтиҳонлари бўйича ҳакамлар ҳайъатига топширганман.

Ҳарбий хизматни ўтаётганимда отам дунёдан ўтиб қолди. Бу албатта оиламиз учун катта йўқотиш эди. Оиладаги тўрт нафар фарзанднинг иккинчиси эдим. Шунинг учун бўлса керак ўз-ўзидан оила масъулиятини ҳис этганим учун ҳам университетнинг кечги бўлимида ўқиганман. 1980 йилда кундузи Ўзтелерадиокомпаниянинг “Адабий-драматик кўрсатувлар таҳририяти”да иш фаолиятимни бошлаганман. Диплом ишим ҳам “Телевизион фильмларнинг телевидениеда тутган ўрни” мавзусида эди. У даврларда кўрсатувлар тўғридан-тўғри эфирга узатиларди. Шунинг учун масъулият ҳам ниҳоятда катта бўлган.

Яна ўқинг:  Tabiat tasviri va qalb manzarasi

– Сизни касбидан камол топган инсонлар тоифасидан деб биламиз. Сухандонлик фаолиятингиз қачон бошланган? Устозларнинг қай бир ўгити сиз учун ҳаёт фалсафасига айланган?

– Таҳририятимизда “Ўн дақиқа назм”, “Адабий композиция” деб номланган кўрсатувлар эфирга узатиларди. Бир куни ана шу кўрсатувда ғазал ўқиши керак бўлган иштирокчи узрли сабабларга кўра келмай қолди. Ғазал ўқиш масъулияти менга юкланди. Шу-шу бундай воқеалар тез-тез такрорланадиган бўлди. Ўша пайтда устозимиз “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” Ўктам Жобиров менинг ғазал ўқишимни кузатиб, дикторлар гуруҳига таклиф қилганди. Шундай қилиб дикторлик фаолиятимни 1985 йилда “8-март – Халқаро хотин-қизлар куни”га бағишланган кўрсатувдан бошлаганман. Икки йил диктор-амалиётчи бўлиб ишлаганимдан кейин устозларимиз “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”лар Ўктам Жобиров ҳамда Галина Мельниковалар мени III тоифали дикторлик лавозимига қабул қилдилар.

Албатта бугунги кунда мен учун қадрли бўлган касбимдан камол топишим, ўз ўрнимга эга бўлишимда авваламбор “Адабий-драматик кўрсатувлар таҳририяти”нинг забардаст режиссёрлари Мели Маҳкамов, Мақсуд Юнусов, Ҳайбатулла Алиев, Ғайрат Убайдуллаев, Ҳамид Қаҳрамоновлардан олган сабоқларимнинг аҳамияти ниҳоятда катта деб биламан. Иш фаолиятимда менга “Ахборот” информацион кўрсатуви тажриба майдони бўлди, десам адашмайман. Чунки, ҳар бир кўрсатувнинг ўзига хос талаблари бор. Нафақат суҳандон, балки ҳар бир инсон қутлуғ неъмат – сўз қадри ва сўзламоқ масъулиятини ҳис қилиши лозим. Мен турли кўрсатувлар, давлат тадбирларидан “Наврўз”, “Мустақиллик” байрамлари, турли касб байрамлари ҳаттоки, “Оқшом эртаклари”ни ҳам масъулият билан олиб боришга ҳ аракат қилардим. Кейинчалик мустақиллик йилларида мамлакатимизда спортга, айниқса, болалар спортига катта аҳамият берила бошланди. “Универсиада”, “Баркамол авлод”, “Умид ниҳоллари” каби спорт тадбирлари анъанавий тарзда ўтказила бошланди. Ана шу спорт тадбирларининг доимий бошловчиси бўлганим боис ёшлардаги шижоатни кўриб, уларга ҳавас қиламан.

Шу касбим боис нафақат республикамизда, балки чет элларда ўтказиладиган нуфузли тадбирларни олиб бориш насиб этди. Илк бор “Тошкентнинг 2200 йиллиги”га бағишланган тантанали концерт тадбири Франция пойтахти Парижда, ЮНЕСКО саҳнасида ўтказилди. 2012 йилда Ўзбекистон ва Корея ўртасида ўрнатилган дипломатик алоқаларнинг 20 йиллигига бағишланган тадбир, икки маротаба Шанхай ҳамкорлик ташкилоти қатнашчилари учун ўтказилган концерт дастурларини олиб бордим. Касбим тақозоси билан дунё кўрдим, кўплаб дўстлар орттирдим. Тажрибам ошди. Бундай давраларда Ватанимиз тараққиёти, эришилаётган ютуқлар ҳақида сўз айтиш менга ниҳоятда фахр ва ғурур бахш этади. Эндиликда устозлар ўгити ва тажрибамдан келиб чиққан ҳолда шу касбга меҳр қўйган ёшларга зарур маслаҳатлар бериб келмоқдаман.

Яна ўқинг:  MOMOLARDAN MEROS KASHTALAR

– Саломатлигингизни мустаҳкамлаш мақсадида спорт билан шуғулланасизми? Болалар тарбиясида ота-онанинг масъулияти, оилавий муҳитнинг ўрни борасида сизнинг фикрингиз.

– Спорт билан шуғулланаман десам, муболаға бўлади. Лекин кўпроқ пиёда юришга ҳаракат қиламан. Ўзим учун жисмоний машқларни бажариб тураман. Чунки, ўзини англаган ҳар бир киши саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида гимнастика билан шуғулланиши зарур, деб ҳисоблайман. Ишимиз кеч тугайди. Талабалик давримда ҳам ўқишдан кеч қайтардим. Онам (раҳматлик) ҳар доим мени келишимни пойларди. Ҳарбий хизматдалигимда отам дунёдан ўтгандан кейин онам кўпроқ менга суяниб қолганди. Онам билан дўст эдик…

Ҳар бир инсон ўз фарзандларини адолатли, билимли, олижаноб ва инсонпарвар бўлишини истайди. Болалар аслида тақлидчи бўлишади. Шу боис биз уларга ҳаётда ҳар томонлама ўрнак бўлишимиз керак. Шунинг ўзи тарбия. Турмуш ўртоғим билан муносабатларимизда бир-биримизга ҳурмат, эътибор билан қараймиз. Тўнғич ўғлимиз Жамшиджон Тошкент давлат Молия институтининг магистратурасини, Нозимжон эса Тошкент давлат Ахборот технологиялари университетини тугатяпти. Биз оилада тўрт нафар фарзанд эдик. Ота-онамиз бизга қандай тарбия берган бўлсалар, ўз навбатида турмуш ўртоғим билан фарзандларимизга ҳам шундай тарбия беряпмиз.

Инсон манфаатлари олий қадрият саналадиган ва унинг ҳалол меҳнати эъзозланадиган юртимизда бу камтарин, шу билан бирга самимий сўз устасининг кўп йиллик меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланди. 2002 йилда у “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” деган шарафли номга сазовор бўлди. Ўтган 2014 йилда эса Абдумўмин Ўтбосаров “Ўзбекистон Халқ артисти” унвонига сазовор бўлди. Бу эътирофлар унинг меҳнатига берилган муносиб баҳодир. Шунингдек, унинг ўз касбига бўлган садоқати ва бутун қалбини шу соҳага бахш этаолганидадир.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: