Мактабгача таълим муассасига болани қабул қилишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Маъктабгача таълим муассасалари – Ўзбекистон Республикасидаги таълим муассасаларининг тури бўлиб, турли йўналишдаги мактабгача бўлган даврдаги умумтаълим дастурларини амалга оширади. МТМлар 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни тарбиялашни, ўқитишни, назорат қилишни, парваришлашни ва соғломлаштиришни таъминлайди”.
“Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза этишини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги” Низомдан
Мактабгача таълим муассасалари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари асосида ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 25-октябрдаги “Мактабгача таълим соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини бажариш ва мактабгача таълим муассасаларининг ҳужжатларини тартибга солиш мақсадида МТМларда қатор самарали ишлар йўлга қўйилмоқда. Хусусан, муассасанинг мақсад ва вазифалари аниқланиб, шунга асосан иш кўрилмоқда. Бироқ, баъзи ҳолатларда МТМга навбатга қўйилгандан сўнг навбат келишини ойлаб, ҳатто-ки йиллаб кутишга тўғри келади. Бунинг сабаби нимада?
Шу каби саволларга Чилонзор тумани Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мактабгача таълим методисти Жамила Жамилова қуйидагича жавоб беради:
– Ҳар бир мактабгача таълим муассасасида гуруҳларга қабул қилинадиган болалар сони белгилаб қўйилган. Агарда муассаса белгиланган миқдордаги болалар билан тўлган бўлса ота-оналар навбат кутиб қолишига тўғри келади. – Чунки, кўпчилик катталар рус тилига ихтисослашган муассасани танлашади. Улар фарзандини болалигиданоқ чет тилларини яхши ўзлаштиришини, натижада эса келажакда ҳар томонлама билимли бўлишини истайдилар. Талаб катта бўлган МТМларимизда рўйхатга қўйилган фуқароларнинг сони кўп бўлганлиги туфайли айрим пайтларда узоқ кутишга мажбур бўлишади.
Мактабгача таълим муассасасида гуруҳлар сони муассасанинг қувватидан ва гуруҳларнинг режали тўлдирилишидан келиб чиқиб, муассис томонидан “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”да қуйидагича белгиланади:
– 2 ёшдан 3 ёшгача, камида – 15 бола, бироқ, 20 нафар боладан ортиқ эмас;
– 3 ёшдан 6-7 ёшгача, камида – 20 бола, бироқ, 25 нафар боладан ортиқ эмас.
– Бир туманда истиқомат қилиб, бошқа туманга кўчиб ўтганлиги сабабли фарзандларини МТМларга жойлаштириш жараёни қандай амалга оширилади?
– Фуқаро янги кўчиб ўтган туманидан доимий рўйхатдан ўтса ёки вақтинчалик ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатни олиб келса шу асосида ўзининг уйи атрофидаги МТМга навбатга турмаган ҳолда жойлаштириш имкони мавжуд.
Бундай муассасаларга болани жойлаштириш жараёнида ота-оналарда турли саволлар пайдо бўлади. Кўпинча ота ёки она пойтахтда доимий рўйхатда бўлмайди, бундай ҳолатларда она қаерда рўйхатдан ўтгани аниқланиб, кейин шу асосида фаолият олиб борамиз. Чунки, она доимо фарзанди билан кўпроқ бирга бўлади. Баъзи ҳолатларда иккала тараф ҳам Тошкент шаҳридан рўйхатдан ўтмаган бўлади. Бундай вазиятда биз уларнинг турар жойидан вақтинчалик рўйхатга қўйилганлиги ҳақида маълумотномани талаб қиламиз. Бизнинг тасарруфимизда 55та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улардан 7 таси махсус мактабгача таълим муассасалар ҳисобланади. Болаларимизнинг жисмоний фаолияти ҳар хил бўлганлиги сабабли уларнинг соғлиғига, касаллигини турига, имкониятларига қараб муассаларимизга ажратганмиз. Масалан: махсус нутқида оғир нуқсони бўлган болалар, махсус таянч ҳаракат аъзоларида нуқсони бор болалар, гепатит (сариқ), касалликларга мойил бўлган болалар(сиҳатгох типидаги), махсус психик-руҳий ривожланишда орқада қолаётган болалар,заиф кўрувчи ва кўзи ожиз болалар ва бошқалар. Мазкур махсус мактабгача таълим муассасаларида болаларга алоҳида парвариш лозим бўлади. У ерда махсус мутахассисларимиз, логопедлар, психологлар бола билан алоҳида иш олиб боришади.
Чарос ХУШВАҚТОВА