ОАВ: ВАЗИФА ВА МАСЪУЛИЯТ

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муваффақияти кўп жиҳатдан фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрлигига боғлиқ.

Ҳуқуқий демократик давлат қуриш жараёнида давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири – жамиятда сиёсий-ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда аҳолининг фуқаролик фаоллигини оширишдан иборат.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир ҳам ана шу масалага бағишланди. “Аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш ва фуқаролик фаоллигида матбуотнинг роли ва аҳамияти” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломов очиб, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, сўз эркинлигини амалда таъминлаш, фикрлар хилма-хиллиги, кишиларнинг ўз фикрларини очиқ ифода этишлари учун реал имкониятлар яратиш каби вазифаларни ҳал этиш борасида мустаҳкам қонунчилик базаси яратилгани ҳақида гапириб ўтди.

Дарҳақиқат, аҳолини давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисида доимий хабардор қилиш мақсадида барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари ва Интернет тармоғида веб-сайтлари ташкил этилди. Бу эса ўз навбатида нафақат республика аҳолисини, балки мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқаро жамоатчиликни ахборот олиш даражасини ошириш учун замин яратиб бермоқда. Тадбирда сўзга чиққанлар оммавий ахборот воситалари томонидан амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, давлат билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, демократик давлат барпо этиш ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим ўрин тутишини алоҳида қайд этишди. Шунингдек, Оммавий ахборот воситаларининг ахборот олиш юзасидан мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВнинг олдида турган вазифалар, бу борада журналистларнинг ихтисослашуви ва масъулиятини кучайтириш билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтилди.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2015/9)

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: