Билим ва маърифат маскани

Бугун ҳар бир китобхон қай бир асар бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистон Миллий кутубхонасидан топиб, ундан кенг фойдаланиш имкониятига эга. Бу ерда улар учун барча шарт-шароит ва имкониятлар мавжуд. Ушбу замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳоли, айниқса, ёшларнинг билим олиши, маънавий-маърифий, маданий эҳтиёжларини ҳар томонлама қондиришига имкон бермоқда.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2011 йили пойтахтимизда шаҳарсозлик маданиятининг ноёб намунаси – “Маърифат маркази” бунёд этилиб, унда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг жой олиши буюк мутафаккир бобомизга бугунги авлодларнинг юксак эҳтироми намунаси бўлди.

Кутубхонада жаҳон талабларига жавоб берадиган автоматлаштирилган ахборот-кутубхона тизими, нашриёт-матбаа ҳамда нусха кўчириш ускуналари ўрнатилган. Интерфаол китоб қурилмасидаги электрон саҳифани варақлаш учун мониторни бармоқ билан босиш кифоя. Шу тарзда сенсорли киоск орқали мазкур кутубхона, қадимий шаҳарларимиз ва улуғ алломаларимиз ҳаёти ҳақида маълумот олиш, китобга буюртма бериш мумкин.

Мамлакатимиз бош кутубхонасининг фонди қарийб 7 миллион нусхани ташкил этади. Ўтган вақт мобайнида кутубхона фонди салкам 350 минг электрон нусхадаги янги адабиётлар билан бойитилди. Бу ерда тўпланган алоҳида қимматга эга китоблар, нодир қўлёзмалар, қадимий нашрлар кутубхона фахри ҳисобланади. Фондда буюк мутафаккирларимизнинг XI ва ундан кейинги асрларга оид қўлёзмалари, XVI-XIX асрларда дунёнинг кўплаб тилларида чоп этилган китоблар сақланмоқда.

Миллий кутубхона таркибидан республика йиғма электрон каталог маркази жой олган. Шу асосда мамлакатимизнинг электрон кутубхонага эга ҳар бир Ахборот-ресурс марказида қандай адабиётлар мавжудлигини билиб олиш имконини берадиган маълумотларни тақсимлаш базаси яратилмоқда.

Кутубхонада энг юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган шароитлар яратилган. Бундай ғамхўрлик боис юртимизда етук билимли, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган, келажакка дадил ишонч билан қарайдиган баркамол ёш авлод тарбияланмоқда. Бунда халқимиз ва жаҳон цивилизациясининг улкан маънавий, илмий ва маданий мероси кўз қорачиғидек асраб-авайланаётган, қалбларга эзгулик ва зиё улашаётган она Ватанимиз бош кутубхонасининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги дилимизни фахр-ифтихор туйғуларига тўлдиради.

Н.НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Яна ўқинг:  Спортга ихтисослашган таълим муассасаларида аутсорсинг жорий этилади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: