СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ – БАХТЛИ ҲАЁТ АСОСИ
Организмнинг репродуктив имкониятлари инсон саломатлигининг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1992 йил февраль ойидаги “Фертиль ёшдаги аёлларни соғломлаштиришнинг шошилинч чора-тадбирлари тўғрисида”ги махсус буйруғи асосида кейинги ўн йил давомида бу борада катта амалий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, барча фертиль ёшдаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, улар орасида турли хил соматик(ички)касалликларни аниқлаш, ҳамда соғломлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Буларнинг натижасида республикамизда болалар ва оналар ўлими кўрсаткичлари сезиларли даражада камайди.
Эндиликда бундай чора-тадбирларга мавсумий ҳолат деб қарамасдан ўтказилаётган ташкилотчилик ва даволаш-соғломлаштириш ишларининг ҳажмини янада кенгайтириш зарур. Бўлажак оналар бўлмиш қизларимизнинг репродуктив саломатликларини муҳофаза қилишни барча турдаги таълим муассасаларида кенг кўламда амалга оширишнинг вақти келди.
Ўқувчи-қизларда жисмоний ва руҳий саломатликларининг шаклланиши эртароқ бошланади. Уларда репродуктив аъзоларнинг жадал ривожланиши 12-13 ёшга ёки 5-6 синфда ўқиш даврига тўғри келади. Бу даврда уларнинг организмида турли хил аъзолар фаолияти кучаяди. Неврозлар, психовегетатив бузилишлар учрайди. Ақлий қобилиятнинг сусайиши каби ҳолатлар содир бўлади. Бундай вазиятда уларда ўқув юкламаларини камайтириш, ўқув-тарбиявий жараёнларни тўғри ташкил қилиш, жисмоний машғулотларни ҳафтасига камида уч мартагача кўпайтириш тажрибаси ижобий натижалар бериши аниқланган.
Ўсмир қизларда ҳайз кўриш жараёнида эса жисмоний машғулотларни чегаралаш, айрим ҳолларда эса батамом таъқиқлаш лозим. Ўқувчи-қизларнинг шахсий психофизиологик хусусиятларининг шаклланиши, руҳий-асаб тизимининг ҳолати, руҳий саломатлигини уларнинг келажакда она бўлишини эътиборга олиб босқичма-босқич соғломлаштириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Қиз болаларнинг репродуктив саломатликларининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омиллар қаторида ички секреция безлари ва модда алмашинув жараёнларининг бузилиши (бўқоқ касаллиги, Шершевский-Тернер синдроми, қандли диабет), вегетатив асаб тизими касалликлари (невроз(асаб бузилиши), психоз, депрессия(руҳий тушкунлик), аллергик касалликларни кўрсатиб ўтиш, шунингдек, уларнинг олдини олишда оила ва тиббий ходимлар (диспансер кўриклари), педагоглар томонидан амалий чора-тадбирлар кўришнинг зарурлигини уқтириб ўтиш жоиздир. Педагог, шифокор, хусусан, гинекологлар ўзаро ҳамкорликда ўқувчиларнинг ўсмирлик даврида организмда рўй бераётган гормонал ўзгаришлар ҳақида тушунча беришлари лозим. Чунки, болаларнинг жинсга оид муаммоли масалаларни “кўчадан” ўрганмай, балки ўз педагогларидан билиб олганлари маъқул. Антрополог ва физиологлар ҳозирги даврда бутун дунёда ўғил-қизларни эрта балоғатга етаётганини, яъни аксемрацияни қайд этмоқдалар. Мутахассислар томонидан оилавий нотинч, ичувчи, кашанда, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш каби зарарли одатлари бўлган носоғлом оилаларга ва у ерда вояга етаётган ўсмир йигит-қизларга катта эътибор қаратиш зарур бўлади.
П.МАҚСУДОВА,
П.Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқитувчиси