ЎСМИРЛИК ҒЎРЛИК ДЕГАНИ ЭМАС
Ҳар бир инсон, авваламбор оилада тарбияланади. Шунингдек, бола камолотида таълим муассасаларининг ўрни ҳам беқиёс. Айниқса, коллеж даврида ўсмирлар ўзини эркин ҳис қилишга интилади. Ўқитувчилар айнан шу даврда ўсмирларга жиддий эътибор қаратишлари ва ўқувчи билан тўғри муносабат ўрнатишлари лозим. Бу даврда педагог ўсмирнинг психологияси, оиласи, кўча муҳити, ўртоқлари билан муносабатларини тўғри баҳолаб, ота-онани бохабар қилиши керак. Ўз навбатида ота-она ҳам фарзандини тушуниши, у билан мунтазам мулоқотда бўлиши, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиши шарт.
Ўсмирлик даври инсоннинг бошқа даврлардан ўзининг нисбатан қийинроқ, мураккаброқ кечиши билан фарқланиб турувчи даврдир. Бу пайт тахминан болаларнинг 11-12 ёшдан 14-15 ёшгача бўлган давр оралиғида кечади. Айримларида бу давр 1-2 йил эртароқ ёки кечроқ кузатилиши ҳам мумкин.
Ўсмирлик оғир, мураккаб давр экани кўплаб психологик, физиологик, ижтимоий омиллар билан боғлиқ. Айни шу ёшда ривожланишнинг барча жиҳатлари – жисмоний, ақлий, ахлоқий, ижтимоий омилларнинг мазмун-моҳияти ҳам ўзгаради. Унинг ўз-ўзига ва атрофдагиларга нисбатан бўлган муносабати бутунлай бошқача характер касб этиб боради. Унинг ўз “мени” шаклланиб, шу “мени”нинг аҳамияти ортади.
Маълумки, бола дунёга келган кундан кимнингдир қарамоғига муҳтож бўлади. Ота-онаси фарзандининг барча моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондиради, тарбиялайди ва уни мунтазам назорат қилади. Улар болани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турадилар ва бола бундай қўллаб-қувватлаш, далдаларга муҳтожлик ҳис этиб туради.
Ўсмирларда суяклар ва мушак тизимининг жадал ўсиши ортида унинг ички аъзолари – юрак-ўпка, меъда-ичак йўллари ривожланиши ҳамма вақт ўзгаравермайди. Юракнинг ўсиши қон-томирлари ўсишидан илгарилаб кетади. Оқибатда қон босими ортади ва биринчи навбатда юракнинг ишлаши қийинлашади. Юракнинг етарлича ишлай олмаслиги эса ўғил ва қиз болаларда кўпинча бош айланиши, рангнинг оқариши ҳолатларининг кузатилишига олиб келади. Бундан бош оғриғи, тез толиқиш, вақти-вақти билан ланж бўлиш каби белгилар кузатилади. Жинсий балоғатга етиш даври тугаши билан бундай ўзгаришлар одатда изсиз йўқолиб кетади.
Балоғатга етиш даврида ўсмир организмининг нормал жисмоний ривожланиши муҳим рол ўйнайди. Бу даврда турли хил сервитамин овқатларни етарлича истеъмол қилиш, шунингдек, очиқ ҳавода сайр қилиш, спорт билан шуғулланиши лозим. Шу ўринда бир муаммони айтиб ўтмоқчиман. Айрим ота-оналар фарзандларини ўсмир давридаёқ, яъни 16,17,18 ёшлардан турмушга беришга шошиладилар. Ваҳоланки, бу даврда қиз бола ҳам жисмонан, ҳам психологик жиҳатдан ҳаётга тайёр бўлмайди.
Табиатнинг ўзи ота-она ва фарзандни бир-бирига боғлаб қўйган. Уларни ўзига хос муҳаббат туйғуси бир-бирига бўлган эҳтиёжни ушлаб туради. Ота-она боласига ғамхўрлик қилишга ҳаракат қилади. Болалар буни тушунади, аммо аксарият ҳолларда қабул қилмайди. Бунинг моҳияти шундаки, бу ерда ота-оналар ягона мақсад билан болани тарбиялайдилар. Ахир болаларга ҳақиқий ота-она меҳри зарурдир. Ўсмир ўсаётган оилада адолат, қадриятлар, интизом, ёйинки барча яхши хислатлар мавжуд бўлмаса, ўсмир ўзини ёмон ҳис этади. Бу ерда уларда ҳурматсизлик, ишончсизлик шаклланади.
Муҳими, ота-оналар болалар ҳатти-ҳаракати, мотивларини тушунишга ҳаракат қилишлари, мустақил фикрлашини ҳурмат қилишлари зарур. Шу ўринда сизга айрим тавсияларимизни бериб ўтмоқчи эдим.
Фарзандингизни ким билан дўстлашганини, у қандай оиланинг фарзанди эканлигини, яна қандай одатлари мавжуд, унинг психологияси билан қизиқинг ва аниқланг.
Болангиз ўсмирлик даврини бошидан кечираётганлиги учун у билан юмшоқ муомалага киришинг. Уни самимий суҳбатга чорланг. Ота ўғил фарзанд билан организмидаги ўзгаришлар табиийлиги, шундай жараённи ўзи ҳам бошидан ўтказганлигини айтиши ва унга тўғри тавсия ва маслаҳатларини бериши лозим. Оналар ҳам қизларига гигиеник жиҳатдан ёндашиб, қиз боладаги психофизиологик ўзгаришларни ўз вақтида ва тўғри тушунтиришлари лозим.
Ўсмирлик даврининг яна бир қийин тарафи шундаки, ёш йигит-қиз шу даврда қийин танловда бир тўхтамга келиши керак, яъни улар касб танлаши керак. Албатта бунга унинг ички хоҳиш-истаги ва қобилияти асос бўлади. Лекин шундай бўлса ҳам ота-она маслаҳати ва эътибори зарурдир.
Бугунги кунда фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, маънан етук инсон бўлиб ўсишлари, уларнинг билим олишлари учун мамлакатимизда барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Президентимиз томонидан ўсмир ёшдаги ўғил-қизларимизни тўғри тарбиялаш, уларнинг оиладаги, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга жиддий эътибор берилмоқда.
Бу борада Сирдарё вилояти Сардоба тумани Пахтаобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ҳам бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Масалан, ота-оналар мажлислари, семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва турли хил кечалар мунтазам равишда ўтказилиб борилмоқда. Булар ўқувчи-ёшларга нима беради? Ўқувчи давраларда ўзини тўғри тутишни, фикрини эркин баён этишни ўрганади. Унинг нутқи равонлашади, ўзига ишончи ортади ва ҳаддан ташқари тортинчоқликдан халос бўлади.
Ота-оналаримиз фарзандларининг коллеждаги ўқиши ва аҳволидан тез-тез хабар олиб туриши, педагог билан суҳбатлашиб, фарзандининг камоли учун бирдамликда ҳаракат қилишларини тавсия этган бўлар эдик.
Азиз ота-оналар! Фарзандингиз қалбига қулоқ солинг. Уни тингланг, у ўз муаммолари билан ёлғиз қолмасин. Шунингдек, ўз фарзандингизга маслаҳатгўй ва психолог бўлинг. Болангизнинг бегоналардан нажот излашига йўл қўйманг.
Мадина РУСТАМОВА,
Сардоба тумани Пахтаобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи педагог-психологи