ЗАҲАРНИНГ ОЗИ ШИФО… АСАЛНИНГ КЎПИ ҲАМ ЗАРАР
Биоген стимуляторлар – табиатнинг шифобахш инъомлари
Она табиатда ҳар бир ўт ва гиёҳ ёки ҳайвонот олами маҳсулотлари мўъжизавий ҳамда шифобахш таъсирга эга. Фақат уларни ўз ўрнида билиб ишлатиш зарур. Бунинг учун эса фармацевт-мутахассислар ёки лицензияга эга бўлган ва махсус тайёргарликдан ўтган, билимдон халқ табибларининг маслаҳат ва тавсиялари зарур. Айтишади-ку, “заҳарнинг ози шифо, асалнинг кўпи ҳам зарар”. Билиб-билмай турли рекламаларга ишониб, ўзбилармонлик билан дори воситаларини ичиш мумкин эмас. Чунки, сунъий ва кимёвий дори воситаларининг йўриқномаларини ўқисангиз унинг қандай зарарли акс таъсирлари ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Табиий ва шифобахш гиёҳларни ҳам ўзига яраша меъёр ва дозаларда халқ табиблари тавсияси асосида ичиш зарур.
Қуйида биз фауна (ҳайвонот олами) ва флора (ўсимликлар дунёси)дан олинган айрим табиий маҳсулотлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.
Биоген стимуляторларни биринчи бўлиб академик В.Филатов ўсимликлар ва ҳайвонлардан ажратиб олинган тўқималар ва аъзоларда регенерация(қайта тикланиш) жараёнини оширадиган биологик фаол моддалар сифатида аниқлади. Биологик фаол моддалар тўқималар ноқулай шароитга қўйилганда (совуқ, қоронғу жойда) шу шароитга мослашиш (адаптация) туфайли пайдо бўлади. Шу йўсинда олинадиган стимуляторларни ўсимлик ва ҳайвон тўқималаридан олинган моддалар: алоэ экстракти, шираси, плацента(йўлдош) осилмаси, ФИБС, гумизоль ташкил этади. Бу моддалар таркибида минерал тузлар, микроэлементлар, витаминлар, аминокислоталар ва бошқа биологик фаол моддалар мавжуд. Шунинг учун улар турли-туман таъсирга эга антителолар ҳосил бўлишини, фагоцитозни, асаб ва эндокрин тизими ҳамда бошқа аъзолар ва тўқималар фаолиятини бошқариб, организмни чидамлилиги ва унинг ҳимоя кучини оширади.
Алоэ ўсимлигининг хусусиятлари бундан уч минг йил аввал аниқланган. Юнонистон ва Мисрда йирингли яраларни даволаш, меъда ичак-касаллигида иштаҳани ошириш учун қўлланиб келинган. Бу ўсимлик барги ва шарбати таркибида ферментлар, витаминлар ҳамда фитонцид (ўсимликлар таркибидаги антибиотик хоссасига эга модда)лар, баргида антрагликозидлар, эмодин, эфир мойлари мавжуд. Алоэ барги меъда-ичак секрецияси (ҳазм учун турли ширалар ишлаб чиқариши)ни, ичак перистальтикаси (ҳаракати)ни оширади. Шунинг учун бу моддалар меъда-ичак тизими касалликларида қўлланади. Алоэ шарбати гинекологияда бачадон бўйни эрозияси (бачадон бўйини шиллиқ қаватининг юза яллиғланиши)ни даволашда буюрилади. Алоэнинг биостимулланган баргларидан инъекция учун тайёрланган экстракти, линименти организмнинг иммун ҳимоя кучларини, тўқималарда модда алмашинувини оширади, кўз касалликлари – блефарит, кератит, ирит, шишасимон тана хиралашганда, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраларида, куйган жойларни, нур касаллигида тери жароҳатланганда, трофик(узоқ вақт битмайдиган) яраларни, остеомиелит (суяк илигининг йирингли яллиғланиши)ни даволашда кенг қўлланилади.
ФиБС – лимон мойидан тайёрланган биостимулятор, кўз касалликлари (блефарит, шишасимон тана хиралашганда) ҳамда артрит (бўғимлар оғриғи), радикулит (бел оғриғи), миалгия (мушаклар оғриганда)ларни даволашда қўлланади. Парентерал йўл орқали юборилади.
Гумизоль – денгизнинг шифобахш балчиғидан тайёрланган биостимулятор бўлиб сурункали радикулит, плексит(елка асаб чигали яллиғланиши), невралгия(асаб толалари яллиғланганда), ревматоид артрит (бодли бўғим оғриқлари)ларни даволаш учун қўлланади. Мушаклар орасига ва электрофорез йўли билан танага юборилади.
Плацентадан инъекция учун олинадиган моддалар кўз касалликларида, миалгия, артрит, радикулитларда, аёлларнинг жинсий аъзолари яллиғланганда қўлланади. Кўз сили, глаукома, юрак ва қон томирлар етишмовчилигида, буйрак касалликларида қўллаш ман этилади.
Бошқа ҳар хил биостимуляторларга румалон, шишасимон модда, солкосерил, апилак, прополис (асалари муми), раверон моддалари киради.
Румалон ёш ҳайвонлар кемирчаги ва илигидан олинади. Бу дори воситаси артроз(бўғимларнинг дистрофик сурункали касаллиги), спондилёз(умуртқа поғонасининг дистрофик ва дегенератив сурункали касаллиги)ларни даволашда кенг қўлланилади.
Шишасимон модда – қора моллар кўзининг шишасимон моддасидан тайёрланади, куйиш оқибатида ва жарроҳлик муолажаларидан кейин ҳосил бўлган чандиқ тўқималарни юмшатиш ва тарқатиш учун ҳамда бўғимлар контрактураси(чангак, акашак-бўғим ҳаракатининг вақтинча ёки бутунлай чекланиши)да, радикулитларни даволаш учун қўлланади. Ушбу табиий дори воситаси тери остига юборилади. Баъзи кўз касалликларида (кератит , шох парданинг куйиши туфайли жароҳатланганда) коньюктива остига инъекция қилинади. Юқумли касалликларда, яллиғланиш жараёнларида, буйрак, жигар, ўсма касалликларида қўллаш ман этилади.
Солкосерил – қора мол қонининг оқсиллардан тозаланган экстракти бўлиб, бу модда моддалар алмашинувини ва регенерация жараёнларини оширади. Оёқдаги трофик яра(қийин битувчи)ларни, қорасон (гангрена), радиацион яраларни даволаш учун, тери кўчириб ўтказилганда қўлланади, парентерал (тана ичига юборилади)ва малҳам сифатида қўлланади.
Апилак – асаларидан олинадиган модда. Ёш болалардаги гипотрофия (овқатланишнинг сурункали бузилиши сабабли болаларнинг аста-секин озиб кетиши)ни, анорексияни, катталардаги гипотония (қон босими тушиб кетганда)ни даволаш учун қўлланади. Ичиш учун тавсия этилади ва эмизикли болаларга шамча шаклида қўлланади.
Раверон – ҳайвонларнинг простата безидан андроген ва экстроген моддалар, оқсиллар олиб ташлангандан кейин тайёрланган модда. Простата бези яллиғланишида ва простата аденома(хавфсиз ўсма)сини даволашда қўлланилади.
АСАЛАРИ ВА ИЛОН ЗАҲАРЛАРИДАН ОЛИНАДИГАН МОДДАЛАР
Асалари заҳари – апитоксин таркибида гистамин, ферментлар (гиалуронидаза, фосфолипаза А), холин, триптофан, микроэлементлар, органик кислоталар ва бошқалар бўлади. Асалари заҳари терига, тери остига юборилганда маҳаллий қизаради. Уни бу дори воситаси қизитади, тўқималар шишади, қонга сўрилгандан кейин эт увишади. Бош оғрийди, кўнгил айнийди, бемор қайт қилади, унинг ҳарорати кўтарилади.
Апитоксиннинг таъсир механизми охиригача аниқланмаган. Унинг таъсири қисман таркибидаги биологик фаол моддаларнинг хусусиятлари билан боғлиқ. Бу моддалар томирлар девори ўтказувчанлигига, қон босимига таъсир кўрсатади. Асалари заҳари қон қуюлишини, унинг қовушқоқлигини, қонда холестерин миқдорини камайтириши, гемоглобин миқдорини ошириши мумкин. Асалари заҳари рефлектор таъсир кўрсатади, қўйилган жойидан терини, тери ости рецепторларини таъсирлайди. Баъзи маълумотларга кўра асалари заҳари гипофиз, буйрак усти безини фаолиятини, картикостероид гормонлар ажралишини оширади.
Асалари заҳари бўғимлар, мушаклар яллиғланишида оғриқни қолдириш учун, носпецифик полиартрит(кўпгина бўғимларнинг бирдан яллиғланиши)ларни, миозит, радикулитларни, невралгияларни, баъзи аллергик касалликларни, мигрень(шақиқа-бошнинг ярим қисмида оғриқ кузатилади), трофик яраларни, облитерацияловчи эндоартерит (оёқ артериялари шикастланиши билан кечадиган томирларнинг сурункали касаллиги), тромбофлебит (вена қон томирлари девори яллиғланиб, унинг ичида қон лахтаси пайдо бўлиши)ларни даволаш учун қўлланилади. Асалари заҳаридан тайёрланадиган маҳсулотлардан апифор, апизартрон, вирапин каби дори воситалари қўлланилади. Буйрак, жигар, меъда ости бези, диабет касалликларида, ўсмалар, сил, сепсис (қоннинг заҳарланиши)да, оғир юқумли, руҳий касалликларда асалари заҳаридан тайёрланган дори воситаларини қўллаш ман этилади.
Илон заҳаридан тайёрланган випраксин инъекция учун қўлланади. Бу дори оғриқ қолдириш, яллиғланишга қарши, невралгия, артралгия (бўғимлар оғриғи), миалгия (мушаклардаги оғриқ), сурункали носпецифик полиартрит, миозит(мушаклар яллиғланиши)ларни даволаш учун қўлланади. Випроксиннинг таъсир механизми ноаниқ, рефлектор таъсир кўрсатади. Бу модда жараёнларни, гипофиз, буйрак усти безининг фаолиятини оширади. Випроксин оғриган аъзо териси остига, орасига ва мушаклар орасига юборилади. Ушбу дори воситаси юборилган жой бир неча дақиқа куйгандек оғрийди. Шу соҳада кичкина шиш пайдо бўлади. Випроксинни шу моддага сезувчан, ўпка сили бор беморларга, тана ҳарорати кўтарилганда, миядаги қон томирларнинг қон айланиши бузилганда, жигар, буйрак касалликларида, ҳомиладор аёллар учун қўллаш ман этилади. Илон заҳари моддаларидан випералгин (инъекция учун), випросал (малҳам), випратокс линименти қўлланади.
Дилафрўз ЙЎЛДОШЕВА,
Ўқув-даволаш комплекси коллежи ўқитувчиси,
Шайхонтоҳур тумани