Ҳамиша эъзозда, эҳтиромда
Ҳар бир инсон вояга етар экан, аввало, унинг тарбиясида оила муҳитининг аҳамияти алоҳида ўрин тутади. Оилада умуминсоний қадриятлар, ўзбекона удум ва рўзғор тутумида саранжом-саришталик, тиббий саводхонлик ва экологик тарбияга катталар томонидан жиддий эътибор қаратилса, бундай хонадонда, албатта, қобил фарзандлар улғаяди. Маълумки, бобо-бувиси ёки ота-онаси, тарбиячию устозларидан эртак эшитмаган болани топиш мушкул. Бу эртакларда кўпинча меҳрибон бобо ёки бувижонлар бош қаҳрамон бўлиши бежиз эмас. Чунки, донишманд бу кайвонилар ота-онамизни тарбиялашган. Энди эса улар улкан ҳаётий тажрибаларга таянган ҳолда невара-чеваралар тарбияси билан ҳам машғул бўлишади.
Мана, бир неча йиллардан бери Юртбошимиз томонидан йилларга ном бериш эзгу анъанага айланди. Янги 2015 йилни Президентимиз томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши халқимиз томонидан қизғин кутиб олинди. Зеро, элу юрт корига ярайдиган, соғлом ва мустақил фикрли интеллектуал салоҳиятли, билимдон, ғайрату шижоатли, ватанпарвар, инсонпарвар баркамол авлодни тарбиялашда нуронийларнинг хизматлари беқиёсдир.
Мустақил Ўзбекистонда инсон манфаатлари олий қадрият сифатида улуғланади. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Юртимиз гўёки улкан қурилиш майдонига айлангандек. Шаҳару қишлоқлар ўзгача чирой очмоқда. Буюк бунёдкорлик саъй-ҳаракатлари она Ватанимиз равнақи ва жамият тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда амалга оширилаётган бу эзгу ишларда инсон омили муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбек миллий маърифатпарвар шоири, драматург ва педагог Абдулла Авлоний: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деганида нақадар ҳақ эканлиги ҳозирги даврда ҳам ўз исботини топмоқда. Чунки, ўзи зиёли ёки касбу ҳунарли бўлган ота-оналар ҳалол меҳнати билан фарзандларига ўрнак бўлади. Ёшлигида ўғил-қизларига тўғри тарбия берган инсонлар кексайган чоғларида ўзлари ҳам роҳат-фароғатда яшайди.
Президентимиз Ислом Каримов ҳам ёшларнинг маънавий тарбиясига катта эътибор қаратиш нақадар муҳимлиги ҳақида тўхталиб,: “Ёшлар халқ маънавиятининг муносиб эгаларидир. Шунинг учун ҳар бир ўғил-қизимиз дастлабки қадамларидан бошлаб маданий бойликларимиздан баҳраманд бўлиши керак” дея таъкидлаган эди.
Болалигидан китобга ошно бўлган ёшлардан ёмонлик чиқмайди. Айниқса, ота-онаси ва оиладаги ёши катталарнинг доимо меҳнат билан шуғулланганлиги ёки бирорта фойдали машғулот билан бандлигини кўриб улғайган фарзандларининг бекорчиликка вақти бўлмайди. Шунингдек, оилада ўзаро меҳру муҳаббат устун бўлса, шу муҳитда улғайган болалар ўзгаларга ҳам меҳр кўрсата олади.
Барча иллатлар лоқайдлик ва бекорчиликдан келиб чиқади. XXI аср ахборот асри. Компьютер технологиялари шиддат билан ривожланмоқда. Ҳар бир инсон хоҳ у катта бўлсин, хоҳ кичик замон билан ҳамнафас яшамоғи зарур. Аммо ана шу замонавий қулайликлар билан бирга инсон маънавиятини бузувчи, уни шахс сифатида таназзулга юз тутишига сабаб бўлувчи “оммавий маданият” таҳдидлари ҳам мавжудки, бундан огоҳ бўлиш нафақат ҳар бир ота-онанинг, устозларнинг, балки бобою бувиларнинг ҳам масъулиятли бурчидир.
Чунки, турмушнинг аччиқ-чучугини тотган, умрнинг пасту баланд довонларидан ўтган, ҳаётий тажрибага эга бу донишманд инсонларнинг пурмаъно сўзлари бола тарбиясида қўл келади. Ўзбек маҳалласида тўю ҳашамлар, маъракалар кекса, нуроний отахону онахонларнинг дуоси билан бошланади. Ҳашарлар ҳам пиру бадавлат кайвонилар бошчилигида ўтказилади. Зеро, кайвонили эл ҳамиша маслаҳат ва кенгаш билан иш юритади.
Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мана бир неча йилдан буён аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида энг чекка ва экологик жиҳатдан яшашга ноқулай ҳудудда истиқомат қилувчи фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга хорижий ҳамкорлар томонидан юборилган мурувват юкларини топшириш, шунингдек, анъанавий тарзда “Саломатлик” поездларини ташкил этиб келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорини бажариш юзасидан ҳам фонд ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлардаги ҳудудий филиаллари жамоалари фаол иш олиб бормоқда.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида фонднинг жойлардаги тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари томонидан республикамизда яшовчи 700 нафар ёлғиз қариялар ва ногиронлардан манзилли хабар олинди. Уларга кийим-кечаклар, озиқ-овқат, дори-дармон ва санитария-гигиена воситалари, шунингдек, кўрпа-тўшак жилдлари (чойшаблар) инсонпарварлик ёрдами сифатида ҳадя этилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, донишманд кексалик бўсағасида турган инсонларни асраб-авайлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш ҳар бир ўғил-қизнинг фарзандлик бурчи. Ёши улуғ устозларга эҳтиром кўрсатиш эса шогирдларга ҳам қарз, ҳам фарздир.