ОТА ҲАМ СОҒЛОМ БЎЛСА…
Истиқлол йилларида инсон саломатлиги, хусусан она-бола соғлиги ва болаларни жисмонан бақувват, маънан етук қилиб тарбиялаш устувор вазифа сифатида кун тартибига чиқарилди ва бу борада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Салкам чорак асрда бу соҳада қилинган ишлар салмоғи ҳайратланарли. Буни тавсифлаб, таърифлаб бўлмайди. Биргина “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар кўламини тасаввур этиб кўринг-а…
Соғлом она, соғлом бола ҳақида матбуотда юзлаб мақолаларни ўқиб, нега соғлом ота хусусида кам гапирамиз ё боланинг соғлиги отага боғлиқ эмасми, деган савол туғилади.
“ЎҒИЛНИ ОТАГА ЎХШАТАР ЖАҲОН…”
Шарқ адабиётидаги исталган даҳо шоирлар ижодини оласизми, ўзбек халқи яратган достон, минг-минглаб эртак, ривоят, мақол, қўшиқ ё ўзга жанрлардаги асарларга назар соласизми, оилани, жамиятни асраб турган учликка дуч келасиз: Ватан – оила – фарзанд. Шу учликда Ватан юқори туради, ота-она иккинчи, фарзанд сўнгги ўринни эгаллайди. “Ўғилни отага ўхшатар жаҳон”, деб ёзади Фирдавсий.
Халқимиз фарзанд яхши бўлса: “яша, ота ўғил”, ёмон бўлса, “боладан буюрмапти”, дейди. Халқ эътиқодича, ҳар отадан ё ул, ё тўл қоларкан. Биласизки, қўй-эчкилар болалаганда тўл тушди, дейди. Тўл, яъни қўзи-улоқлар ота-она, юрт қадрини билмайди. Одамзоднинг ўғли ҳам шундай бўлса у ул эмас, тўлдир.
Исталган ёзма тарихий ва хотира кучига асосланган оғзаки манбаларда ота оила бошлиғи, муносиб ўғил-қизлар тарбиячиси сифатида шарафланади ва фарзанд тарбиясидаги ўрни юксак баҳоланади.
ОТАЛАР БЕДАРДМИ?
Аввало, оила қуришда бўлғуси ота ва онадаги ирсий касалликларни билиш, ўрганиш шарт. Ота-боболаримиз шундай қилишган.
Шундай экан, нега оналарни авайлаш, асраш, хасталигини болага ўтказмаслик ҳақида бонг урганда оталарни унутамиз? Нега боладаги учраган касалликни онадан кўрамиз, уларни беҳуда айблаймиз? Ҳозиргача, ўғил кўрмаса ҳам онани гуноҳкор биламиз. Келин фарзанд кўравермаса ҳам эрни эмас, уни айблаб, туғмасга чиқарамиз. Бунинг барчаси эрни бекаму кўст билишдан.
Ўйлаб қарасангиз, бу ҳам янгилик эмас. Беш-олти йил олдин малака оширишга келган шогирдимни учратиб қолдим. Сўрашиб: “армия” қанча бўлди (шогирдлардан фарзандлар нечта дейиш ўрнига шундай сўрайман), – дедим. Хомуш ҳолда: “Йўқ, бўлмаяпти”, – деди. Ўтган йиллар мобайнида хотинини шифохона, мулла-эшон, қушноч қолмай кўрсатибдию, ўзини кўрсатмабди. Яхши гапириб, пинҳона бир таниш шифокорга олиб бордим. Сир сақлашни айтиб, текширтирдим. Шукурки, даволаниш шарофати билан ота бўлди. Ҳозир бир ўғил, бир қизи бор. Хулосага келдим: айрим йигитлар уялиб ёки ор қилиб уларга дардини айта олмас экан-да.
ОРТИҚЧА ҒУРУР – КИМГА ЗАРАР?
Фарзанд кўришда ва саломатлигида ота айбдор бўлмайди, деган фикр ҳамон мавжуд. Бола касал ёки ногирон бўлса, онани айблаш, масъулиятдан кўз юмиш осон. Ахир ароқхўр, гиёҳванд отадан соғлом бола туғиладими? Ёки орттирилган юқумли хасталикка учраган эркаклар ўз дардини айтмай, мажруҳ фарзандлар туғилишига сабаб бўлаётгани фожеа эмасми?
Биз атрофдаги дўсту ёронлар, қариндош-уруғлар, маҳалладошлар ўша йигит (эркак)нинг нафақат хасталигини, балки шу ҳолатга олиб келган омилларни-да биламиз. Биламизу унга таъсир этиш, даволатиш ўрнига сукут сақлашни маъқул кўрамиз. Неча минг йиллик қадрият, анъаналарни унутиб, ўз-ўзимизни, яқинларимизни назорат қилмаймиз.
“БЕЛИДА БЕЛБОҒИ БОР”ЛАР МАСЪУЛИЯТИ
Мустаҳкам, бахтли оила ҳақида гапирганда энг кўп масъулиятни эркакда, отада бўлиши кўпчиликка аён. Йигит уйланишдан олдин шу масъулиятни, ақлан, жисмонан ва руҳан ҳис этиши, чуқур англаши шарт. Бу масъулиятни сингдириш эса отанинг, бобонинг, тоғанинг, амакининг вазифаси, бурчидир.
Ҳозирги кунда оталарнинг ақлан ва руҳан соғломлиги, маънавий-маърифий дунёқараши соғлом авлод, комил фарзандлар тарбиялашнинг етакчи омилидир. Бўлажак оналарга қанчалик диққат-эътибор қилиб соғлиғини сақлашга ҳаракат қилаётган, шарт-шароит яратаётган, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораётган бўлсак, бўлажак оталар масаласига ҳам шундай ёндашилса, мақсадга мувофиқ келади.
Абдуолим ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси