Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти
ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Танлов иштирокчилари энг намунали маҳалла, олий таълим муассасаси, касб-ҳунар коллежи ёки академик лицей, умумтаълим мактаби, тиббиёт муассасаси, корхона ва мактабгача таълим муассасаларидаги хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари йўналишларида қатнашдилар.
Қўмита тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада кенг йўлга қўйиш мақсадида 2011 йилдан буён Хотин-қизлар қўмитаси тизимида “Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танлови ўтказилиб келинмоқда. Бу йил ўтказилган танловнинг туман-шаҳар босқичларида 25 минг нафарга яқин, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар босқичида 3 минг нафарга яқин бошланғич ташкилот раислари иштирок этди ва уларнинг 98 нафари 7 йўналиш бўйича республика босқичига тавсия этилди.
– Мен танловнинг “Энг намунали олий таълим муассасаси Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти” номинацияси бўйича 1-ўрин соҳибаси бўлдим. Таълим муассасамизда 414 нафар талаба қиз билим олади. Улар орасида “Иқтидорли қизлар”, “Билимдонлар” каби турли кўрик-танловлар ўтказиб турамиз. Жорий йилда спортнинг қўл тўпи бўйича ўтказилган мусобақада бир нафар қизимиз республика бўйича чемпион бўлди. Ҳар уч ойда бир маротаба озодаликни йўлга қўйиш мақсадида талабалар турар жойлари ўртасида “Энг чиройли, энг озода хона” танловини ўтказамиз. Бугунги ютуқ бизнинг кейинги муваффақиятларимизга пойдевор бўлади, албатта, – дейди Тошкент Давлат Аграр университетининг Нукус филиали Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси, доцент Тамара Осербаева.
Танлов натижаларига кўра республика босқичида 1-ўринни Навоий вилояти, 2-ўринни Наманган вилояти, 3-ўринни Фарғона вилояти эгаллади. Мазкур тадбирда ғолиблар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди. Тадбирда санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага завқ улашди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.
Ўз мухбиримиз