Кумушбиби шифокор бўлмоқчи

Мактаб саҳнасида қалби қувончга тўлиб қўшиқ куйлаётган, рақс тушаётган, шеър ўқиётган болаларга кимнинг ҳам ҳаваси келмайди дейсиз. Ахир улар нафақат ўз иқтидорини намоён қилмоқчи, балки ота-онаси ҳамда устозларининг ишончини ҳам оқлаб, ўзгаларга шодлик улашмоқда.

Ҳа, биз ҳикоя қилаётган бу санъатсевар ўқувчилар Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабининг 3-синфида таҳсил олишяпти. Синф раҳбари Зилола Умрзоқова ўқувчиларини ҳар бир байрам тадбирига ана шундай жонкуярлик билан тайёрлайди. Уларни ҳам ўқишда, ҳам санъатда етакчи бўлишга ундайди. Маълумки, мактабда синф раҳбарининг ўзига хос ўрни бор. У ҳар бир ўқувчининг қизиқишлари, интилишлари ва оилавий шароитини яхши билиши лозим. Ана шундагина ҳар бир боланинг нимага қодирлигини ҳис қилиб, ўқувчисининг иқтидорини намоён эта олишига кўмаклашади. Бундай вазифаларни дилдан англаган Зилола ўзи раҳбарлик қилаётган синфдаги ҳар бир болани худди ўз фарзанди сингари меҳрла ардоқлаб, кези келганда талабчанлик билан уларни ортидан эргаштириб келмоқда. Шу боис ҳам мазкур синфдаги болажонларнинг барчаси фанларни “аъло” ва “яхши” баҳоларга ўзлаштириб, “уч” баҳо – “пуч” баҳо эканлигини исботлашяпти. Бундан уларнинг ота-оналари ҳам хурсанд. Ушбу таълим масканида яратилган шарт-шароитлари рисоладагидек бўлгани боис ўқувчилар устозлари бошчилигида кўплаб яхши натижаларга эришмоқда. Ҳам билимда, ҳам спортда мактаб шуҳратини нафақат вилоятда, балки республикада ҳам ошираётган илғор опа ва акалари изидан бораётган ушбу ўқувчиларнинг орзулари бир олам. Дарвоқе, болажонларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, уларнинг бири учувчи, яна бири адвокат, бошқалари эса ўқитувчи, ҳисобчи, кимёгар бўлишни орзулаши ҳақида сўзлайди. Ўз синфининг аълочилари сафидан жой олган Кумушбиби Саидова эса шифокор бўлмоқчи. Чунки, эгнидаги оппоқ либоси ўзига ярашган шифокорларни кўриб қизалоқ бу касбга меҳр қўйибди. Унинг китоб-дафтарларини бирам озода сақлагани, кундалигининг ҳар варағида “аъло” баҳоларнинг “жилмайиб” туриши, дугоналарига меҳрибонлиги, устозининг энг яқин ёрдамчиси эканлиги ёш қизчанинг ёрқин келажак эгаси эканидан дарак беради. Кумушбиби математика фанини чуқур ўзлаштирмоқда. Унинг айтишича, шахмат-шашка тўгарагининг энг фаол ва иқтидорли аъзосига айланишига бу фан катта ёрдам беради. Кумушбиби табиат манзараларини ёрқин бўёқларда акс эттириб, чизган суратлари билан танловларда қатнашган. Унинг синфдошлари эса “Ким кўп китоб ўқийди?”, “Мен севган эртак қаҳрамони” каби беллашувларда, “Биз футболчи бўламиз” спорт мусобақаларида ҳам фаол қатнашиб, тенгдошларига ўрнак кўрсатаётир.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон – чемпионлар Ватани

Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабининг иқтидорли ўқувчиларига чиндан-да ҳавасимиз келди. Синф раҳбари сифатида ўқувчиларининг иқтидорини теран англаётган Зилола Умрзоқова сингари устозлар сафи янада кенгайишига умид қиламиз.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: