ТАНБЕҲ МЕЪЁРИДА ИЖОБИЙ САМАРА БЕРАДИ

Кўплаб аёллар болаларининг бетартиблик қилмаслиги, уларни одобга ўргатиш учун баланд овозда гапириш, таъқиқлаш, ҳаттоки озор беришни афзал кўрадилар. Аслида эса, бу каби усуллар билан ижобий натижага эришиш даргумон.

Ҳеч қачон болангизга қичқирманг ва уни асло урманг. Биринчидан, бунда пайдо бўладиган қўрқув, кўплаб руҳшуносларнинг фикрича, болада ўраб турган дунёга нисбатан шафқатсиз муносабат шаклланишига, ҳамма нарсага куч билан эришиш мумкинлиги ҳақида тасаввур уйғотади. Шунингдек, боланинг кўз ўнгида ота-онанинг обрўси ҳам буткул тушиб кетади. Аммо боланинг инжиқликларига эрк бериб қўйиш ҳам керак эмас. Чунки бу унинг ўзи истаган нарсага ҳар доим айнан шу усул билан эришишга ўрганиб қолишига омил бўлади.

Шу сабабли биринчи навбатда болаларингизнинг инжиқликларининг сабабини аниқланг. Агар бола ноҳақ бўлса, унда қўрқув ҳиссини уйғотмасдан фақатгина мулзам қилинг, хотиржамлик билан танбеҳ беришга ҳаракат қилинг.

ИНЖИҚЛИКНИНГ ҲАҚИҚИЙ САБАБИНИ БИЛМАСДАН ТУРИБ, БИРОР-БИР ЧОРА КЎРИШГА ШОШИЛМАНГ.

Агар болакай қулоқ солишни умуман ҳоҳламаса ва жазавага тушиб қолиб, оёқ-қўллари билан ер тепина бошласа, уни бақириш ва танбеҳларсиз тинчлантиришнинг битта яхши усулини таклиф қиламиз: индамасликка ва бошқа хонага чиқиб кетишга ҳаракат қилинг. Ишонинг бу бола учун жуда қаттиқ жазо. Тез орада довдираб қолган болакай олдингизга чопиб келади ва шубҳасиз, қандайдир саволларни бера бошлайди. Унга, токи ўзи хатосини англаб етмагунча ва уни тузатмагунича, эътибор қилмасликка ҳаракат қилинг. Буни эса у, албатта, қилади, чунки болалар улар билан яна гаплаша бошлашлари учун ҳамма нарсага тайёр бўлишади.

БОЛАЛАРНИ ОРТИҚЧА ҚЎРҚИТИШ КЕРАК ЭМАС.

Сўзингиз таъсир қилишининг бир усули – бу болакайда раҳмдилликни уйғотишдир: “Илтимос, конфет қоғозини ердан олгин, бўлмаса мен хафа бўламан ва йиғлайман”. Жуда бўлмаса, унинг устидан кулиш ёки бундай дейиш керак: “Агар сен тирноқларингни тишлайверсанг, ҳамма устингдан куладиган бўлади”. Шубҳасиз, болакай ўйланиб қолади ва, энг муҳими, хатосини тузатади.

Ҳамма оналар ўз болаларининг бахтиёр бўлишларини истайдилар, кўплари ўз болаларини эркалайдилар, кимлардир эса улар билан доим қўл ушлашиб юради. Аммо ота-оналарнинг бу муомаласи болакайга яхши таъсир этиши даргумон. Чунки, болакайни гўдаклигидан ўйинчоқлар ва ширинликлар билан кўмиб ташлаш келгусида худбинлик ва кибрга мойилликка олиб келиши мумкин. Доимий назорат эса уни мустақиллик ва ўзига ишончдан маҳрум қилади.

Яна ўқинг:  ЯХШИЛИК УЛАШИБ ЯШАШ ЗАВҚИ

Ўз дилбандингизни болалигиданоқ бир вақтнинг ўзида унга керакли эътибор кўрсатишни тўхтатмасдан, мустақилликка ўргатинг.

Психолог Зебинисо АҲМЕДОВА тавсиялари асосида Сарвар ОЧИЛОВ ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: