ЎЗБЕК КИНОСИ КАШФИЁТЧИСИ

Хивада Нурмуҳаммад девон оиласида дунёга келган болакай ниҳоятда янгиликка, билим олишга интиларди. У эски мактабда савод чиқариб шарқ, араб, форс тиллари грамматикасини пухта ўзлаштиради. Рус, немис, француз тилларини ўрганади. Кейинчалик эса у Ўзбекистонда илк бор фотография ва кинематография соҳасининг пайдо бўлиши ва ривож топишида тамал тошини қўйди. У бу ютуқларга тасодифий омад туфайли эришгани йўқ. Меҳнат ва изланишлари натижасида кейинчалик у Худойберган Девонов сифатида тарихда қолди.

Худойберган Девонов ҳаёт тақозоси билан немис ҳунарманди Вильгельм Пеннер билан учрашиб, унга шогирд тушади. Кейинчалик Петербург шаҳрига бориб кинематография мутахассисларидан шу соҳа бўйича керакли маълумотларни олади. Рус ҳамда француз фирмаларининг киноаппаратлари, граммофон ва телескопидан илк ўзбек фарзанди сифатида фойдаланади. Таъсирли асарлар яратади. 1908 йилда у Хиванинг марказий кўчалари, бозор ва сайлгоҳларини маҳорат билан суратга олади ва уйида намойиш этади.

Шундай қилиб биринчи ўзбек кинооператори томонидан ўзбек халқи ҳаёти, турмуш тарзи ва урф-одатлари тасвирланган “Ўрта Осиё меъморий ёдгорликлари”, “Хива ва хиваликлар”, “Туркистон кўринишлари”, “Тўрткўл”, “Чархпалак”, “Пахта терими”, “Ариқ тозалаш” каби мингга яқин киноматериаллари авлодларимизга муҳим тарихий манба бўлиб қолди.

1925 йилда Тошкентда ўзбек киностудияси ташкил этилиб, Х.Девонов шу ерда ўз фаолиятини давом эттиради. У нафақат ўз касбининг моҳир устози, истеъдодли фотограф, кинооператор, соатсоз, заргар, балки, шеърият мухлиси, мусиқа шинавандаси ҳам бўлган.

Худойберган Девонов Хива педагогика билим юрти ҳамда “Болалар уйи”да фото тўгараги ташкил қилиб, ёшларга фото, кино соҳалари бўйича билим берган. Марказий газеталарда мухбир ва фотомухбир сифатида ижодий фаолият кўрсатди. Хоразмга биринчи трактор келиши, ерни ижара усулида тақсимлаб берилиши ва оммавий тадбирларни бир қанча фотосурат ҳамда кинолавҳаларда акс эттирди.

Ўз даврининг маърифатли кишилари қаторида Худойберган Девоновга ҳам 1937 йилда ёмон одамларнинг туҳмати билан “халқ душмани” тамғаси қўйилиб, у қамоққа олинди ва бир йилдан кейин отиб ташланди.

Бироқ, у яратган ижод намуналари бугунги ўзбек киносининг мустаҳкам пойдевори учун асос бўлди. У томонидан яратилган фотосуратлар ва кино асарлар бебаҳо тарихий мерос сифатида, авлодлар хотирасида абадий сақланиб қолади.

Яна ўқинг:  ОҚСИЛГА БОЙ МАҲСУЛОТ

Хива давлат “Ичан-қалъа” тарихий-меъморчилик музей-қўриқхонаси таркибида “санои нафиса” жонкуяри, ўзбек киноси кашфиётчисининг ҳаёти ва ижодига бағишланган музей экспозицияси фаолият кўрсатмоқда.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: