ОТА УЙИ

Ота уйи. Атак-чечак ташлаган илк қадамларимизга, қўнғироқдек беғубор кулгиларимизга, жажжиларга хос чулдирашларимизга гувоҳ бўлган муқаддас макон!

Ота уйини халқимиз ота Ватан деб ардоқлайди. Юрт кенгликларини биз шу ерда юракка туямиз, соғинчни, орзу қилишни, полапонлардек кўкларга парвоз этишни ният қиламиз. Дилимизга, хотираларимизга жойлаймиз! У бизнинг Ватан ичидаги Ватанимиз, уриб турган юрагимиз, суянч тоғимиз!

Ватан. Унинг ҳар қаричи, ҳар бир гиёҳи биз учун муқаддас. Оила эса шу улуғворликнинг гулғунчаси. Мустаҳкам оила эл-юрт тинчлигини таъминлайди, дейди донишмандларимиз. Баъзида бу тушунчани ёдимиздан чиқариб қўямиз. Натижада кимдир ёки нимадир сабаб бўлиб ана шу муқаддас даргоҳга дарз кетади. Биз айбни бошқалардан излаймиз. Баъзида эса атрофимиздагиларни, яқинларимизни тушунмаймиз ёки тушунишни хоҳламаймиз. Кимдир мол-дунё талашади, ёинки ўзини ўзгалардан устун қўйишга ҳаракат қилади. Бошқа биров эса ҳаёт икир-чикирларидан андиша қилса, «андишанинг отини қўрқоқ» қўйишади.

Пойтахтга оиласи билан кўчиб кетган кенжа ўғил ниҳоят ота уйига меҳмонга келди. Интизор бўлиб кутаётган онаизори билан дийдорлашди. Волидаси ўғлини бағрига олар экан, соғинчлари анча босилгач, меҳр билан сўрайди: – Болагинам, бунча узоқ қолиб кетдинг, соғ-саломат юрибсанми? Келиним, невараларим яхшигина юришибдими? Ишинг яхшику-я, фарзандларинг, оиланг ҳам жойида, Яратганга шукур, – Атрофни қўли билан кўрсатаркан: – даданг қўллари теккан бу эски деворларни бир янгиласанг, дегандим. Отагинангнинг руҳлари шод, менинг кўнглим тўқ бўларди. Ахир, бу уй энди сенга тегишли. Опанг, синглинг уйли-жойли, оиласи билан тиниб-тинчиб кетган. Аканг ҳам ёнимиздаги маҳаллада янги уй қурди. Сен ҳам вақти келиб қайтсанг, ҳаммамиз бир жойда бўлсак, яхши-ёмон кунларда туғишганлар бир-бирингизни қўллаб-қувватлаб турармидингизлар дейман-да, болам.

Онасининг бу гапидан кейин ўғил чуқур ўйга толди: – Болаларим катта бўлишса, бу ерга қайтиб келишармикан?.. Кейин болаликнинг бахтли онларини эслаб кўнгли ёришди. Дастурхон атрофида ўтириб нима дер экан, дея унинг оғзини пойлаётган онасига қараб: – Хўп бўлади онажон, ҳаммаси сиз айтгандек бўлади. Фақат менга бироз фурсат беринг, рўзғордан орттириб, маблағ тўплаб олай, албатта, ҳовлимизни кўнглингиздагидек қилиб таъмирлайман, хавотир олманг, онажон, – деди. У ота уйининг қадри баландлигини англаб етгандек эди…

Яна ўқинг:  Ғолиб фарзандларинг шарафла, Халқим!

Болаликда девор-дармиён қўшнимиз бўларди. Уларнинг оиласида икки нафар ўғил ва бир қиз фарзанд бор эди. Болаликлари ниҳоятда аҳил-иноқликда ўтган бу оиланинг тинчлиги ўғиллар уйлангач, дарз кета бошлади. Икки оға-инининг ораларидан «ола мушук» ўтди. Катта келин ишдан кеч қайтган кун ҳеч қаерда ишламай уйда ўтирадиган кичкина келиннинг гап-сўзлари тинмайдиган бўлди: – Мен бу уйда овсинимга малай эмасман, бундан кейин овқат егиси келса, пишириб есин. Ҳамма уй ишлари менга, ойижонимизнинг сийловлари опамга. Бўлди, ҳаммасидан тўйдим. Бу уйда ё улар туришсин ёки биз.

Кун ора бўладиган уруш-жанжал, оиладаги хотиржамликни емира бошлади. Отанинг қалби бундан қаттиқ озорланди. Кунлар ўтиб, меҳр-оқибат, ҳурмат ва хотиржамлик ушбу хонадонни тарк этди. Биргина сингилни ҳам келган совчиларни сўраб-суриштирмай турмушга узатишди. Орадан беш-олти ой ўтиб-ўтмай ҳомиладор қиз ота уйига қайтиб келибди. Нима экан, куёвнинг бошқа оиласи бор экан. У ота-онасининг қистови билан уйланганини, унга кўнгли йўқлигини айтгач, ғурури топталган қиз уйига қайтишга мажбур бўлибди. Ор-номус устунлик қилиб ота бечора юрагини чангаллаганча ерга қулабди…

Хуллас оиладаги носоғлом муҳит уни парокандаликка олиб келди. Иккала овсин эса «Икки ёмон занжир узар» деганларидай, ота уйни сотишга, алоҳида «дом» олишга эрларини кўндиришибди. Бир пайтлари гуркираб, болажонларнинг шодон кулгусига тўлган ота уй ўзгаларга насиб этибди…

Юртимизнинг таниқли рассомларидан бири ўзи туғилиб ўсган маконидан йироқда бўлса ҳам болалиги ўтган маконни, қум кўчалари-ю, унда унган ажабтовур гиёҳларни энтикиб эслайди. Янтоқ гулларидан завқланиб, дарё бўйларида оёқ яланг чопганларини, ўртоқлари билан мазза қилиб дарёда чўмилганларини ўзгача соғинч билан гапириб беради. Буларнинг бари унга илҳом манбаи бўлганини ва айни кунда ҳамон илҳом бағишлашини қайта-қайта ғурур ила такрорлашдан чарчамайди. Ижодкорнинг кўзларидаги соғинч алангалари унинг ота уйига бўлган меҳридан дарак беради. Шу эмасми, Ватан соғинчи?! Она Ватанга меҳр-муҳаббат, Ватандан фахрланиш туйғуси!

Мен ҳам болаликнинг ёрқин кунлари ўтган, бувим эккан мевали дарахтлар билан тўла боғу роғни ҳамон эслайман. Оиламизда олти нафар фарзанд эдик. Болалигимиз елдек учиб ўтди-кетди. Эсимда, уйимизнинг олдидан лойқа сувли ариқ оқар, биз болалар ёзнинг жазирама кунларини эртадан-кечгача чўмилиш билан ўтказардик. Бувимиз ёпган кулчаларни ариққа оқизиб, сувга бўктириб ердик. Уйимизнинг орқа томонида эса олма, ўрик, шафтоли, олча ниҳоллари мева бера бошлаганида биз болалар нақадар шодланардик, еб тўймасдик.

Яна ўқинг:  Босма ОАВга ГРАНТ МАБЛАҒЛАРИ АЖРАТИЛДИ

Биз вояга етгач билим олиш, ишлаб пул топиш, рўзғорга бироз бўлса-да, қарашиш мақсадида полапонлардек учиб ҳар томонга тарқалдик. Йиллар ўтди. Бувижоним оламдан ўтди. Вақти келиб уйни сотишга мажбур бўлдик. Кўп ўтмай уйни, бувимни соғиниб, болалигимни эслаб кўргани кирдим. Не кўз билан кўрайки, бувим эккан мевали дарахтлар ҳам қуриб қолибди. Табиатнинг мана шундай мўъжизалари олдида инсон баъзан лол қоларкан…

Ота уй. Бу биз дунёга келган хонадон. Ота-онамизнинг фарзандларим ўсиб-улғайсин, дея пешона тери, меҳнатлари эвазига бунёд этилган кошона. Азизлар, ушбу бахт қасрини асраб-авайлайлик. Умр елдек ўтмоқда. Борган сари инсон болаликнинг беғубор ҳароратини қўмсайди. Ундай кезларда ота-она, оға-ини, опа-сингиллар қадри янада билинади. Дилингни эзгуликлар қуршаб олади. Ўткинчи дунёда бир-биримизга яхшилик қилиб яшамоқ бахти ҳаммамизга насиб этсин. Зеро, донишмандлар дейдилар «Кенгга кенг дунё!”

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: