Харид қилган МАҲСУЛОТИНГИЗ СИФАТЛИМИ?

Бирор халқнинг турмуш тарзини билмоқчи бўлсанг, бозорларини айлан, деган ибратли гап бор. Дарҳақиқат, бозор элнинг кўзгусидир. Биргина у орқали мамлакат тараққиёти, эл саломатлиги, кишиларнинг ҳаёти, орзу-умидлари, интилишлари, маданияти, ўзаро ҳамжиҳатлигини билиш мумкин. Шунинг учун ҳам юртимизда қадимдан бозорларни обод қилиш, уни турли ноз-неъматлар билан тўлдириш урф бўлган. Истиқлол йилларида эса бу анъана қадрият даражасига кўтарилди.

Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги бозорларгача капитал таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этди. Кўплаб савдо марказлари, деҳқон бозорлари қад ростлади. Мавжудлари кенгайтирилди. Бугун бозорларимизни айланаётган хорижий сайёҳлар Ватанимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар – ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш борасидаги ютуқларимиз ҳақида маълумотга эга бўлади. Шунингдек, аҳолининг тўқ-фаровон турмуш кечираётгани юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг маҳсули эканини англайди.

Тўрт фаслда ҳам турли ноз-неъматлар расталарини безаган бозорлар ёз фаслида янада тўлиб тошади. Тилни ёргудек мевалар бебаҳо дармондорига айланади. Киши организмида витамин ва турли моддалар етишмаслигига барҳам берилади. Энг муҳими бозор озодалиги, маҳсулотларнинг санитар-гигиеник ҳолати сифат даражасида бўлиши саломатликни таъминловчи асосий воситадир.

– Бозоримизда олтита павильонда турли озиқ-овқат маҳсулотлари сотуви йўлга қўйилган. 12 та овқатланиш шохобчаси фаолият юритмоқда, – дейди Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ОАЖ Юнусобод деҳқон бозори директори биринчи ўринбосари Отабек Расулов. – Биласизми, бозорнинг ҳам ўзига яраша ёзилмаган қонун-қоидалари бор. Шулардан бири қанча турдаги маҳсулот сотилаётгани эмас, балки истеъмолчиларга сифатли маҳсулот етказилишидир. Муддати ўтган озиқ-овқат инсон саломатлигига жиддий зарар етказади. Буни ҳис қилган ҳолда бозоримиз ҳудудида ветеринария ва санитария экспертиза лабораторияси ташкил этилган. Қолаверса, Юнусобод туман Давлат санитария эпидемиология назорат маркази ходимлари ҳам бу ишга доимий жалб этилган. Туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган жамоатчилик назорати вакиллари ҳам бу маҳсулот сифати, унинг яроқлилик муддатини доимий назорат қилиб боришади. Бозор маъмурияти томонидан эса гўшт ва сут маҳсулотлари расталарига махсус совутгичлар ўрнатилди. Бу саъй-ҳаракатлар замирида истеъмолчиларга сифатли маҳсулот етказиб бериш, уларнинг талаб ва истакларини қондиришдек мақсад мужассам. Қолаверса, бу инсон саломатлигини таъминлашда ҳам жуда муҳим рол ўйнайди.

Яна ўқинг:  QISHLOG‘IMGA

Марказий бозор ҳудуди 3 гектар майдонни эгаллаган. 1 минг 670 та раста мавжуд. Битта растадан кунига камида ўн нафар истеъмолчи маҳсулот харид қилса, уларнинг умумий сони 16 минг 700 нафарга тўғри келади ва шунча оилага бозор озиқ-овқат маҳсулотлари етиб боради. Бу эса аввало, бир кунда 50-60 минг нафар аҳолининг саломатлиги бозор озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати билан бевосита боғлиқ деганидир. Мазкур ҳисоб-китоб, албатта, тахминий. Аслида эса кўрсатгич бундан беш баравар юқори бўлиши ҳам мумкин. Шундай экан, бозордаги санитар-гигиеник ҳолатни барқарор сақлашга, нафақат бозор маъмурияти, балки тегишли ташкилот вакиллари ҳам бирдай масъулдирлар.

– Вазифамиз аҳолига сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришдир, – дейди Юнусобод туман Давлат санитария эпидемиология назорат маркази овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Пўлат Камолов. – Шу мақсадда Юнусобод деҳқон бозорига уч нафар ходимимиз бириктилган. Уларнинг иш фаолиятини назорат қилиб турамиз. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида санитария қонун-қоидаларини бузганлиги учун 27 та фуқарога нисбатан жарима солинди. Келиб чиқиши номаълум, ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз бозор ҳудудига олиб келинган 400 килограммга яқин ҳар хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги боис қонун доирасида савдодан олиниб, мусодара қилинди.

Дарҳақиқат, шунга ўхшаш ҳолатларнинг аниқлангани, вақтида қонун доирасида жазо қўлланилганлиги кўплаб инсонларнинг соғлиғини сақлаб қолиши, шубҳасиз. Зеро, саломатлик ҳар қандай эзгу ишнинг бош омилидир. Тани соғ одамнинг юмуши енгил, муаммоси эса ўз ечимини топиб бораверади. Зеро, соғлик – оилалар тинчлигини таъминловчи асосий воситадир.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Муаллиф олган сурат.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: