Инклюзив таълим: моҳият, мақсад ва мурувват

Анвар тўққиз ёшда. Бугун уни кўргани синфдошлари келишди. Дўстлар дийдоридан Анварнинг кўнгли тоғдай кўтарилди. Мана, бир неча йилдирки, у умуртқаси фалажланиб, тўшакда ётиб қолган. Ўқитувчилари уйига келиб дарс беришади. Анвар бошқа синфдошлари каби мактабга қатнашни, дарсларни қунт билан ўзлаштиришни жуда хоҳлайди. У бу орзуси йўлида тинмай курашмоқда. Шифокорларнинг таъкидлашича, унда яқин ойлар ичида бемалол ҳаракатланиб кетиш эҳтимоли юқори. Зеро, бугунги кунда юртимизда Анвар ва унга ўхшаш хасталаниб қолган болажонларга таълим-тарбия бериш, соғлиқларини яхшилаш йўлида самарали тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яқинда халқаро YUNISEF ташкилоти ташаббуси билан пойтахтимиздаги қатор мактабларда “Сафимизга қўшилинг” шиори остида махсус дарслар ташкиллаштирилди. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад соғлом болаларда ногирон болаларга нисбатан тўғри муносабатни шакллантириш, уларга бағрикенглик туйғуларини сингдиришдан иборатдир.

Имконияти чекланган инсонлар учун ташкил этилган хайрихоҳлик дарслари (инклюзив дарслари) уларнинг жамиятга интеграциялашувига нисбатан ижобий, ижтимоий фикрнинг шаклланишига ёрдам беради. “Сафимизга қўшилинг” дастури ногиронларга нисбатан бундай ёндашувга тўлиқ мос келади. Зеро, дастурнинг мақсади унинг қатнашчиларида кишиларга ғамхўрлик, адолатпарварлик, раҳмдиллик каби умуминсоний қадриятларни ривожлантиришга, ўзига ва атрофдагиларга нисбатан масъулият, ҳурмат ва эътибор билан қарашга йўналтиришдан иборатдир.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти эълон қилган маълумотларга кўра, айни пайтда дунё миқёсида 750 миллиондан ортиқ ногиронлар истиқомат қилмоқда. Ажабланарлиси, уларнинг 80 фоизи ривожланган мамлакатлар фуқароларидир. Жаҳондаги ҳар ўн нафар боладан бири ногирон эканини ҳисобга олсак, қанчадан-қанча бола меҳр ва муҳаббатга зорлигини тасаввур қилиши мумкин. Ривожланмаган давлатларда, жумладан, Африка қитъасидаги қашшоқ мамлакатларнинг кўпчилигида ногирон болаларнинг атиги 2-3 фоизигина мактабга боради.

Инклюзив таълим ҳақида гап кетганда, аввало ушбу тушунчанинг мазмун ва моҳиятини билиб олишимиз лозим. Инглизча “inclusive”, “inclusion” сўзлари “уйғунлашмоқ”, “қамраб олмоқ” маъноларини англатади. Бундай таълим жараёнида болалар ўзларининг жисмоний, психологик, интеллектуал, этник-маданий, тил ва бошқа хусусиятларидан қатъий назар умумий таълим тизимига бириктирилган бўлади. Бундай таълимда улар соғлом тенгдошлари билан бирга жисмоний имкониятлари ҳисобга олинадиган ва керакли махсус ёрдам кўрсатиладиган умумтаълим мактабларида таҳсил олишади.

Бундай таълим жараёнида ривожланишида камчилиги бўлган болалар мактаб қошида ташкил қилинган махсус гуруҳларда эмас, балки ўз тенгқурлари билан бир синфда таълим олиш имкониятига эга бўлишади. Мана шундай дарслардан бири Тошкент шаҳридаги 34-умумтаълим мактабида ташкиллаштирилгани қувончли ҳодисадир. Махсус дарслар мактабнинг 5-,7– ва 8-синфларида олиб борилди. Дарсларда инклюзив таълимга оид мавзулар ёритилиб, ўқувчилар имконияти чекланган инсонлар ҳаёти, уларнинг жамиятда тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида атрофлича тушунчага эга бўлишди. Дарслардан кўзланган асосий мақсад имконияти чекланган болаларни жамиятда ўз ўринларини топишда яқиндан кўмаклашиш, уларни ўзлари севган касбга йўналтириш, ўзларига бўлган ишончни янада орттиришдан иборатдир. Энг асосий мақсад эса албатта, имконияти чекланган болаларни тенгдошлари билан яқиндан дўст тутинишларига эришишдир.

Яна ўқинг:  SPORT XABARLARI

– Мактабимизда ташкиллаштирилган махсус дарслар халқаро YUNISEF ташкилоти томонидан олиб борилди. Ушбу янги дарсларни “Сафимизга қўшилинг” дея номладик. Дарслар жараёнида турли синф ўқувчилари билан суҳбат-тренинглар олиб борилиб, уларга тенгдошлари, қизиқиш ва имкониятлари ҳақида батафсил тушунтириб ўтилди. Биз уларнинг тенгдошлари билан дўстлашиб кетишларига ишонамиз, – дейди 34-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Мавлуда Набихонова.

Ташкиллаштирилган махсус дарсларни бевосита кузатган халқаро YUNISEF ташкилоти вакили Роберт Бертли дарслар юқори савияда ташкил этилганини эътироф этди. Бугунги кунда инклюзив таълим дунёнинг турли мамлакатлари таълим тизимига татбиқ этилмоқда. Махсус методик қўлланма асосида тайёргарликдан ўтган устоз ва мураббийлар томонидан олиб борилаётган дарс машғулотлари ўз самарасини бераётир.

“Ҳамма мактаб ўқувчилари тенгдирлар”, “Ҳамма ўқувчилар ўз тенгдошлари ва ўқитувчилари билан мулоқот қилишда тенг имкониятларга эга бўлишлари керак” каби қоидалар инклюзив тизимидаги мактабнинг асосий тамойилларидан ҳисобланади.

Ногиронлик ёки бўлмаса бирон нуқсон билан туғилиш айб эмас, албатта. Ногиронлардан кўплаб буюк шахслар етишиб чиққанлигидан баъзилар бехабардир. Улар томонидан амалга оширилган улкан ишлар, буюк кашфиётлар, баъзи бир тани соғ одамларнинг ҳам қўлидан келмаслиги бор гап.

Пифагор, Юлий Цезарь, Гёте, Людвиг ван Бетховен, Байрон, Альберт Эйнштейн, Фёдор Достоевский номларининг ўзиёқ ҳайратингизга сабаб бўлиши табиий.

Буюк юнон файласуфи ва математиги Пифагор эпилепсия касаллиги билан оғриган. Бу касаллик унда тез-тез хуруж қилиб турар эди. Аммо шундай оғир дард ҳам унинг геометрия, астрономия, фалсафа каби ўнлаб фанларда илмий кашфиёт қилишига тўсқинлик қила олмади.

Гап инсоннинг соғ ёки носоғломлигида эмас, балки ўзидан қоладиган ишлари, яхши амалларидадир. Яқин йиллар ичида юртимиз таълим муассасаларида инклюзив таълимнинг ижобий самара беришига, умумтаълим мактабларида имконияти чекланган болалар тенгдошлари қатори бир сафда таълим-тарбия олишларига ишонамиз.

Барно ЛУТФУЛЛАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: