Уқалаш муолажалари мижозни мўътадил қилади

Уқалаш (массаж) муолажаси қадим замонлардан гигиеник, даволаш ва ҳар хил касалликларнинг олдини олишда, иш қобилиятини ҳамда организмнинг турли хил ташқи таъсирларига нисбатан чидамлилик даражасини ошириш мақсадида қўлланиб келинган ва бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Уқалаш муолажалари даволаш усули сифатида биринчи бор Хитойда пайдо бўлган. Кейинчалик бу усул Корея, Вьетнам, Япония, Ғарбий Европа, сўнгра Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Миср, Юнонистон, Италия ва бошқа давлатларга кириб борган. Гиппократ ўз замонасида уқалашга таъриф бериб, “Шифокор кўп нарсаларни, жумладан, уқалашни ҳам билиши керак ва тажрибали бўлиши лозим. Чунки, уқалаш бўшашган бўғим ва бойламларни мустахкамлайди, қаттиқ бўғим ва бойламларни бўшаштиради” дейди. Машҳур юнон олими Асклепиад уқалаш мойли ва қуруқ, кучли ва кучсиз, қисқа ва узоқ давомли турларга бўлинишини айтади. Кўпчилик манъбаларда уқалашнинг усулларини ишлаб чиққан олим Гален эканлиги қайд этилади. Қадимги римликлар одамларда сиҳат – саломатликни, жисмоний камолотни, қадди – қоматни шакллантиришда уқалашдан кенг фойдаланганлар.

Буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино ҳар хил турдаги дори – дармонларни кўп истеъмол қилишнинг зарарли эканини таъкидлаб, уқалашнинг аҳамияти ва унинг турлари тўғрисида ёзиб қолдирган.

Ибн Синонинг таъкидлашича уқалаш 4 хил бўлади. Гавдани бақувват қилувчи – кучли, гавдани юмшатувчи – кучсиз, оздирувчи – давомли ва гавдани яшнатувчи – мўътадил турларга бўлинишини айтади. Алломанинг айтишича уқалашдан асосий мақсад, бўшашган ғовак аъзоларни зичлаш, юмшоқларини қотириш, зичларини ғовак қилиш, қаттиқларини юмшатишдан иборатлигини ва айниқса, болаларда қаттиқ ва дағал уқалашни тавсия этмайди. Гўдаклар ва кексаларнинг соғлиғини сақлашда уқалашни қўллаш ҳақидаги қимматли фикрларига бугун ҳам бутун дунё шифокорлари амал қиладилар.

Уқалаш тўқималарга бевосита таъсир кўрсатиб терида айрим кимёвий моддалар, асосан гистамин ва ацетихолиннинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Гистамин организмда кўплаб жараёнларда иштирок этади. Айниқса, оқсилларнинг парчаланиш натижасида пайдо бўладиган аминокислоталар ва полипептидлар билан барча қон, лимфа суюқлиги орқали ички аъзоларни, қон томир, асаб рецепторларини таъсирлайди.

Шунингдек, гистамин моддаси буйрак усти безига таъсири натижасида адреналиннинг ажралиши ошиб организмнинг ҳимоя ва мослашиш қобилиятини оширади. Капилляр (майда томирлар) қон томирлар кенгайи­ши ҳисобига тўқималарнинг қон билан таъминланиши яхшиланади. Яхши озуқа олади, модда алмашиниши кучаяди, натижада тўқималарнинг иш фаолияти ошади.

Яна ўқинг:  ТОЗАЛИК – СОҒЛОМ ҲАЁТ ГАРОВИ

Уқалашнинг организмга таъсир турига қараб маҳаллий ва умумий уқалаш турларига бўлинади. Маҳаллий уқалашда фақат битта аъзога, мушак, бўғим ёки бойламларга таъсир қилинса, умумийда бутун тана уқаланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уқалашда тана қисмига эмас балки, марказий асаб тизими орқали организмдаги кўплаб аъзолар ва тўқималарга таъсир қилинади ва ушбу аъзоларнинг ҳам функционал фаолиятида ўзгаришлар пайдо бўлади.

Шундай қилиб минг йиллар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган табиий даволаш ва профилактика усули уқалаш бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Уқалаш организмда умумий моддалар алмашинишини фаоллаштириб, ички аъзоларимиз функционал ва ҳаёт фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Танани тетиклаштиради, унинг касалликларга қаршилик қобилиятини мустаҳкамлайди. Иммун тизимига ижобий таъсир кўрсатади ва кайфиятни кўтаради, уйқуни яхшилайди. Таъкидлаш жоизки, уқалаш натижасида ҳужайралар фаоллашиб уларнинг ҳарорати 1 даражага ошса модда алмашиниши 13 фоизга, кислород билан тўйиниши 20 фоизга кўпаяди. Уқалаш муолажаси организмнинг муҳофаза ва бошқарув вазифаларини тартибга солувчи ва кучайтирувчи муҳим профилактик восита ҳисобланади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: