Ҳунардан наф елга эмас, элга

ўқувчилар кулолчилик сирларини қунт билан ўрганмоқда

Юртимиз тупроғининг ҳар зарраси олтинга тенг: унумдор ва серҳосил. Бу нафақат деҳқончиликда, балки миллий ҳунармандчиликнинг ҳам равнақ топишида муҳим аҳамият касб этган. Оддий лойдан яратилаётган уй-рўзғор ва турли хўжалик ашёлари фикримизнинг яққол далилидир. Айниқса, Фарғона вилоятининг Риштон туманида асрлар оша кулолчилик мактаби шаклланган. Дунёга овоза бўлган. Хўш, бу гўша кулолчилиги бошқа воҳаларникидан қандай фарқ қилади? Аввало, унумдор қизил тупроғи ҳамда ёпишқоқ лойи, қолаверса, устоз ва шогирд анъаналарининг бардавомлиги, ҳунарига содиқ, меҳнатсевар, изланувчан кулоллари Риштонни маълуму машҳур диёрга айлантирган. Ана шундай лойдан мўъжиза яратаётганлар сафида Ўзбекистон халқ устаси Набижон Қодиров ҳам бор.

– Ҳунар – обрў, Ҳунар – давлат, – дейди уста кулол биз билан суҳбатда. – Бежиз ота-боболаримиз йигитга қирқ ҳунар ҳам оз демаган. Лойга меҳр қўйиб кам бўлганим йўқ. Ёшлигимдан кулолчилик орқасидан рўзғор тебратаман. Илк бор Риштонда халқ устаси Иброҳим Комиловдан сабоқ олган бўлсам, бугун ўзимнинг шогирдларим ҳам юқори натижаларни қўлга киритмоқда. Бундан албатта фахрланаман. Ўз устимда изланишга, янги-янги асарлар яратишга бўлган хоҳиш кундан-кун кучайиб бораверади. Ҳазрат Навоийнинг:

“Ҳунарни асрабон нетгумдир охир,

Олиб тупроққами кетгумдир охир”,

деган сатрлари ҳар бир ҳунарманд учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши керак. Ҳозир Тошкент шаҳрида ижод қилиш баробарида ёшларга ҳунаримни ўргатишдан асло толганим йўқ. Пойтахтимиздаги 213-умумтаълим мактаби қошида қизиқувчи ўқувчиларга кулолчиликнинг сир-асрорларини ўргатиб келмоқдаман. Жажжи шогирдларим республика миқёсидаги кўргазма ва кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этяпти.

Илк бор 1985 йили милллий ҳунармандчилик кўргазмасида ўз асарларини намойиш қилган Набижон Қодировнинг шогирдлари бугун ёш бўлишига қарамай, бундай нуфузли тадбирларда ўзининг иқтидори, ижоди билан муносиб иштирок этмоқда. Уларнинг тиришқоқлиги устозига ҳам кўтаринки руҳ бағишлайди. У ёш кулоллар бу ҳунарнинг сирларини пухта ва осон ўзлаштириши учун Риштондан махсус тупроқ олиб келади.

– Юртимизда ҳунармандлар учун жуда кенг имкониятлар яратилган, – дейди Набижон Қодиров. – Биргина мисол: ўзининг ҳунари ортидан тадбиркорликни йўлга қўйганларга солиқларни тўлашда имтиёзлар мавжуд. Бундан унумли фойдаланиш, ёшларда миллий ҳунармандчилигимизга меҳр уйғотиш эса бизнинг асосий вазифамиз. Жорий йилни Соғлом бола йили, деб номланиши замирида ҳам фарзандларимизни маънан ва жисмонан соғлом этиб тарбиялашдек эзгу ғоя мужассам. Миллий ҳунармандчилигимизда ҳам халқимизнинг қадимий анъаналари, урф-одатлар ва қадриятлари ўз ифодасини топган.

Яна ўқинг:  Олма пўчоғи озишга ёрдам беради

Дарҳақиқат, юртимизда жажжи авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга жиддий эътибор берилмоқда. Кўпгина имконият ва шароитлар яратиб бериляпти. Энг муҳими, буни кишилар тўғри англаб, ўзлари ҳам амалга оширишга киришган. Шарафли меҳнат учун Ўзбекистон Республикаси халқ устаси фахрий унвони билан тақдирланган Набижон Қодиров ана шундай ёш авлод эртаси учун қайғураётган юртдошларимиздандир.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: