Қулай шароит, яхши муолажа

беморларнинг саломатлиги тикланишида муҳим ўрин тутади, дейди Республика

руҳий касалликлар клиник шифохонаси Бош шифокори Абдулла Сейидов.

Қош қорая бошлади. Кеч бўлганини пайқаган Гулноза ишларини битказиб уйга отланди. Ташқарига чиққач, енгил тин олди. Баҳорнинг интиқлик билан кутилган ёқимли ифори димоғига хуш ёқиб, кўнгли энтикиб кетди. У манзили сари дадил илдамлади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бошига қаттиқ зарб урилганини ангалган Гулноза оғриқнинг кучидан ерга йиқилди…

Бўлиб ўтган воқеадан сўнг Гулноза шифохонада даволаниб чиқди. Аммо бош қисмидаги оғриқ ва арзимаган воқеаларга тез-тез асабийлашиши онаси Марҳамат опани ташвишга сола бошлади. Шифокор кўриги, белгиланган муолажалар дардини бироз енгиллаштирса-да, буткул бартараф этмади. Руҳиятида пайдо бўладиган ваҳима, ортиқча жиззакилик уни кун сайин ҳолдан тойдирарди…

Шифокорлар уни Республика руҳий касалликлар клиник шифохонасига йўналтиришди. Гулноза клиниканинг чегарадош бўлимида даволанди. Орадан кўп ўтмай, у бош қисмидаги оғриқдан буткул фориғ бўлди. Энг муҳими, кўнглидаги хотиржамлик, руҳиятидаги сокинлик ҳамда ўзига бўлган ишонч уни ҳаётга қайтарди.

Муассасада Гулноза каби ҳаётнинг турфа пасту баландликларида руҳи хаста бўлган беморлар даволанади. Уларнинг бошига тушган кўргиликнинг сабаблари турлича бўлгани каби хасталикнинг кўриниши ҳам ўзгача. Аммо муассаса ходимлари барча беморлар саломатлиги учун бирдек масъулдирлар

Айтишадики, ҳақиқий шифокоргина беморнинг нафақат жисмидаги хасталикни даволайди, балки руҳиятининг тикланишига ҳам кўмаклашади. Дарҳақиқат, Республика руҳий касалликлар клиник шифохонасидаги малакали мутахассислар фаолияти бунга мисолдир.

МАСЪУЛИЯТНИНГ ЗАЛВОРИ

– Инсоннинг энг катта бойлиги бу иродали қалби, соғлом руҳиятидир, – дейди шифохона ҳақида сўз юрита туриб клиниканинг чегарадош бўлим бошлиғи Гулжон Бешкемпирова – Жисм хасталигини маълум муолажалар орқали даволаш мумкин. Аммо унинг руҳиятига кириб бориб, хасталикка барҳам бериш ниҳоятда мушкул. Бизнинг фаолиятимиздаги ўзига хос қийинчиликлар ҳам ана шунда. Бу борада давлатимиз томонидан етарлича шарт-шароит ва имкониятлар яратилган.

Таъкидлаш жоиз, Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам босқичма-босқич янги тизимга ўтишни бошлади. Бу тизимда амалга оширилаётган юксак ислоҳотлар Республика руҳий касалликлар клиник шифохонасини ҳам четлаб ўтмади. Президентимиз томонидан 2001 йил январь ойида тасдиқланган “Психиатрия қонуни” ҳам унинг фаолияти ҳамда моддий техник базасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Яна ўқинг:  Энг соғлом мамлакатлар эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрда қабул қилинган фармойишига асосан Республика руҳий касалликлар клиник шифохонаси “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиокомпанияси тасарруфида бўлган Сергели тумани, 4-мавзесида жойлашган профилактория биносига кўчириш белгиланди.

Шифохонани мазкур манзилга кўчириш ва моддий техник базасини янада яхшилаш муассасанинг бош шифокори Абдулла Сейидовга юклатилди. 2012 йил 2 ноябрдан мазкур фаолият юзасидан штаб тузилиб, шу кундан бошлаб профилактория биносини руҳий беморларга мослаштириш ишлари амалга оширилди.

2013 йил сентябрь ойида муассаса белгиланган манзилга кўчириб ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишини белгиланган тартибда бажаришда шифохона бош шифокори – Абдулла Сейидов раҳбарлигида барча ходимлари сидқидилдан жонбозлик кўрсатди. Ҳозирги кунда шифохонада 177 нафар бемор даволанмоқда.

– Республика руҳий касаликлар клиник шифохонаси руҳий эркаклар бўлими, руҳий аёллар бўлими, чегарадош бўлим ҳамда махсус реабилитация бўлимидан иборатдир, – дейди бош шифокор Абдулла Сейидов. – Муассасадаги беморлар бепул даволанади. Қабул қилинадиган дори воситалари ҳам давлатимиз томонидан бепул таъминланади. Бу эса юртимизда инсон қадри ва унинг манфаатини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг исботидир.

Шифохонадаги ҳаёт билан яқиндан танишар экансиз, ундаги муҳит дастлабки тасаввурнинг аксини намоён этади. Бу ерда орасталик, сокинлик ҳукм суради. Шинам палаталар, муолажа хоналари, замонавий тиббий анжомлар билан жиҳозланган физиотерапия хонаси, электроэнцефалограмма хонаси, шунингдек, электрокардиография хоналари беморлар хизматида.

ҲАЁТ ҲИКМАТИ

Таниш оиланинг фарзандларидан бири руҳий хаста. Хонадон катталари унга парвона. Ота-она дилбандини ўз вақтида шифокор назоратидан ўтказиб туришади, оқ ювиб, оқ тарайди. Кимдир уларга ҳамдард бўлса, яна биров яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг аянчли оқибати нақадар мудҳиш эканини кўнглидан ўтказади. Охирини ўйламай қилинган иш, бу оиланинг бир умр ташвиш билан яшашига сабаб бўлмоқда.

– Руҳий касалликлар, психозлар – бош мия фаолиятининг бузилишидан келиб чиқадиган касалликлар руҳий ҳолатнинг функционал ўзгаришлардан то унинг бутунлай бузилишигача бўлган ҳолат ҳисобланади, – дейди шифохона психиатри Хайрулла Ҳамидуллаев.

Шифокорнинг сўзларига қараганда руҳий хаста бемор воқеликни тўғри идрок эта олмайди, шу жиҳатдан, у ички касалликлардан фарқ қилади. Бунинг сабаблари хилма-хил бўлиб, улар орасида ирсий омил асосий ўрин тутади. Олигофрения, психопатия, маниакал-депрессив психоз, эпилепсия ва шизофрениянинг келиб чиқишида кишининг насл-насаби муҳим аҳамиятга эга. Шу жумладан, руҳий хасталикларнинг пайдо бўлиши ва авж олишига юқумли касалликлар, бош миянинг шикастланиши, интоксикация(заҳарланиш), руҳий изтироблар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, онанинг ҳомиладорлик пайтида чуқур депрессия ҳолатини бошидан ўтказиши, ўткир вирусли хасталикларга чалиниши ёки жисмоний шикастланиши сабабли ҳомиланинг зарарланиши ҳам боланинг руҳий ривожланишига акс таъсир этади.

Яна ўқинг:  Гуллаётган ёшлик чоғлари...

– Баъзи инсонлар оила аъзоларида руҳий хасталикнинг белгилари намоён бўлганда дарҳол руҳшунос кўригига бормасдан аксинча ўзибиларчилик билан даво чораларини ахтаради, – дея сўзида давом этади шифокор. – Турли муолажа “маросимлари”ни ўтказишади. Натижа бўлмагач, сўнгра шифокор ҳузурига келишади. Афсуски, бу пайтда касаллик сўнгги босқичларга ўтган бўлади. Бунда эса даволаш муолажалари бироз қийин кечади.

Инсон табиати қизиқ. Баъзида у ўзгалар ҳаётида яшаётгандек гўё. Ўз тақдирига бек эмас. Ҳамиша бировлар гап-сўзига, фикрига қулоқ солади. Зарурат чоғларида ҳам бизнинг шифохонада даволанишга панжа ортидан қарашади. Энг ачинарлиси шундаки, фарзандидаги хасталик белгиларини яшириб, уйлантириб қўйишади, ёки узатишади. Натижада икки оила бахтсизликка учрайди.

Шифохонадаги беморларни кузатар эканман, бу дунёга ҳеч ким, ҳеч қачон бежиз келган эмас, деган ҳаётий ҳикмат ёдимга тушди. Хатти-ҳаракатлари ва сўзларида чалкашлик, нигоҳларида эса ваҳима ва хадик бўлишига қарамай, буткул соғайиб кетиш илинжидаги бу беморлар тўрт мучаси саломат, аммо ҳаётнинг турли қинғирликларидан қайтмаганларга ҳаётни севиб, унинг ҳар бир они азиз эканини ёдга солса, бошқаларга ҳар бир кунимиз осуда ва саломат ўтаётгани учун чексиз шукрона айтишга ундайди. Эҳтимол бу ҳаёт ҳикматидир.

ТУННИ ТОНГЛАРГА УЛАБ…

Ҳар куни турли ёшдаги руҳий хаста беморлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг ўзгарувчан кўнглига йўл топаётган шифокорларни кузата туриб, уларнинг фаолияти нечоғлик машаққатли эканига гувоҳ бўламиз. Руҳий беморни даволашда биринчи муолажа унинг иродасини мустаҳкамлашдир. Бунинг учун, аввало, шифокорнинг ўзи тажрибали, чуқур билим эгаси бўлиш билан биргаликда мустаҳкам ирода соҳиби бўлмоғи лозим.

Ўтган йили шифохонадаги малакали шифокорлар кўмагида икки мингга яқин беморлар даволаниб, уйларига қайтарилган. Бунда эса Қаҳрамон Қурбонов, Малика Зоирова, Атабек Маҳмудов, Хайрулла Ҳамидуллаев, Ҳайит Абдуллаев, Рашид Исоқов, Светлана Ҳайитмуҳаммедова Гулжон Бешкемпирова, Қундуз Ҳусанова, Музаффар Улуғходжаев, Отабек Салимбеков каби кўплаб касб фидойиларининг хизмати катта.

– Биргина руҳий хаста беморнинг соғайиб оиласига қайтишида шифохонамизнинг барча ходимлари бирдек масъул, – дейди Абдулла Сейидов. – Аммо муаммога бир томонлама қараш нотўғри. Беморнинг руҳий ҳолатини тиклашда унинг атрофидагилар, оила аъзолари ҳам жонбозлик кўрсатишлари зарур. Шундай ҳолатлар бўладики, қарилик туфайли хотираси сустлашган кишиларни ҳам шифохонамизга олиб келишади. Бу, албатта, фарзандларининг ота-онаси саломатлигидан қайғуриши омилидир. Бироқ, уй шароитида уларга ширинсўзлик билан ёдидан кўтарилган воқеаларни эслатиб туриш, руҳий ҳолати яхшилигини бот-бот таъкидлаш, ёмон самара бермайди. Қолаверса, бундай кишиларни соғломлаштириш учун маҳаллаларга, оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларига махсус руҳшунослар жалб этилса, ўйлайманки, мақсаддан ҳоли бўлмайди. Шунда руҳий хаста беморлар сони камайишига, уларнинг дарди зўрайишига чек қўйилиши мумкин.

Яна ўқинг:  Эл корига яраш саодати

Дарҳақиқат, Гулноза каби руҳий ҳолати бузилган беморлар Республика руҳий касалликлар клиник шифохонасида даволаниб, жамиятнинг фаол аъзосига айланмоқда. Бундан кўринадики, муассасадаги малакали шифокорлар инсон тақдири, унинг келажагига бефарқ эмас. Уларнинг саъй-ҳаракати туфайли қанчадан-қанча оилаларнинг ташвиши ариб, бахтли ва фаровон яшашга бўлган умиди қайта тикланмоқда.

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: