Болангиз сариқ (гепатит) касаллигига чалиндими?

“А” гепатит кўпинча жигарни шикастловчи вирус орқали юзага келади. Касаллик кичик болаларда енгил, катталар ва ҳомиладор аёлларда эса оғир кечади. Бемор кўпинча икки ҳафта оғир бўлиб, кейинги бир ёки уч ой давомида қувватсиз бўлади. Кўз оқидаги хасталик туфайли пайдо бўлган сариқ ранг йўқолганидан сўнг ҳам уч ҳафта ўтгунга қадар бемордан вирус осонгина юқади, – дейди Вирусология илмий текшириш институти клиникаси 1-бўлими мудираси, олий тоифали шифокор Насиба Муҳамедова.

– Ушбу касаллик ҳаводан юқмайди, балки болалар қўлини ювмасдан овқатланганида, қайнатилмаган сув ичишлари сабабли касалликка чалинишади. Шу билан биргаликда болалар мактабгача таълим муассасаларида мактабларда ўзаро мулоқот жараёнида ҳам гепатит касаллигини юқтириб олишлари мумкин. Уйда ўтирган болалар камроқ шу касаллик билан оғришади.

“А” ГЕПАТИТНИНГ ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАРИ БОР?

– Бу хасталик дастлаб яширин кечади. Касалликнинг яширин даври 35 кун бўлиб, бу вақтда касалликнинг ҳеч қандай белгилари сезилмайди. Ҳар бир организмнинг ўзининг иммунитетига қараб касалликнинг кечиши турлича бўлади. Айрим беморларда 15 кун,баъзиларда эса 35 кунда гепатит белги беради. Бу албатта организмга тушган вируснинг қанча миқдордалиги ва иммун тизимининг ҳолатига боғлиқ бўлади. Хасталикнинг илк даврида беморда сариқлик аломатлари бўлмайди, лекин ундан олдинги белгилар бўлади. Бу нафас йўлларининг яллиғланиши, ич кетиш, грипп ва ЎРВИ(ўткир респиратор вирусли инфекциялар) хасталикларнинг аломатларидир. Касалликнинг ушбу даври 5 кундан 7 кунгача давом этиши мумкин. Ундан кейин организмда сариқ касаллиги белгилари бошланади.

Ота-оналар кўпинча бизга айни ўша сариқ касаллиги аломатлари бошланган пайтда мурожаат қилишади. Шифокорга аввалроқ яъни, сариқ касаллигининг аломатлари сезилишидан олдинги даврда мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Сабаби ушбу даврда вирус асосан ахлат ва пешоб орқали ажралиб чиқади ва касаллик анча юқумли бўлади. Беморнинг териси ва кўз оқлари сарғайгандан кейин 2-3 кун ўтгач эса касаллик юқмайди. Айни шу давр келиб бемор шифокорга мурожаат қилиб даволанади. Касалликнинг юқумли даврини эса болалар юқорида айтиб ўтганимдек мактабгача таълим муассасалари ва мактабда ёки уйда ўтказиб юборишади. Шунинг учун ҳам гепатитнинг тарқалиши тезлашади, кўпаяди.

ДАВОЛАШ…

– Шуни аоҳида айтиб ўтиш керакки, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасида ҳам кўпгина кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, бизнинг клиникамиз ҳам замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Бу эса беморларга аниқ ташхис қўйиш, махсус тиббий асбоб-ускуналар, лаборатория таҳлиллари ёрдамида организмга тушган вируснинг турини аниқлаш осонлашди. Худди шу янги технологиялар ёрдамида гепатитни даволаш катта самара бермоқда. А гепатит касаллиги асорат қолдирмайди ва организмдан тез чиқиб кетади. Касалликнинг бу тури бошқаларига қараганда сурункали давом этмайди, 6 ойдан сўнг бемор соғлом кишилар қаторига қўшилади. Эътибор қилиш керак бўлган жиҳати шундаки, бемор тузалгандан кейин ҳам белгиланган парҳезларга амал қилиши шарт. Чунки, жигар тўқималари тикланиши учун 6 ой вақт керак бўлади. Мана шу олти ой мобайнида беморга ёғли, аччиқ ва шўр овқатларни истеъмол қилиш мумкин эмас. Кейин жигарни зўриқтириш ҳам таъқиқланади ва албатта беморга 3 кг дан ортиқ юк кўтариш ман этилади. Ота-оналар мана шу жиҳатларга жиддий эътибор бериб ва назоратга олишса бола касалликдан буткул фориғ бўлади.

Яна ўқинг:  Мижоз ва унинг хусусиятлари (давоми бор)

ПАРҲЕЗ…

– Сариқ касаллиги билан оғриган беморларга фақат қайнатилган ва буғда пиширилган таомлар ейиш тавсия этилади. Қовурилган овқатлар тановвул қилиш умуман мумкин эмас. Мол гўштини бир марта сувда қайнатиб олиб, унинг сувини тўкиб кейин овқатга ишлатиш керак. Сўнгра бемор кўпроқ суюқлик ичиши ва витаминларга бой сабзавотлар, ҳўл мевалардан ҳам кўпроқ истеъмол қилиши керак.

ОТА-ОНАЛАРГА МАСЛАҲАТЛАР

– Биринчи галда тозаликка эътибор бериш керак. Ота-оналар иложи борича болаларнинг гигиена қоидаларига тўла амал қилишларига эътибор беришлари, қайнатилмаган сувни ичмасликлари, овқатланишларини назоратга олишлари зарур. Албатта, катталар болада гепатит белгиларини сезгудек бўлишса, шифокорга мурожаат қилишлари зарур. Чунки, касалликнинг биринчи белгилари қон, пешоб, ахлатни лабораторияда текшириш орқали аниқланади. Гепатит касаллигининг сариқлик билан кечувчи тури ва сариқ бўлмаган турлари бор. Эҳтимол бемор ушбу касаллик билан оғриса ҳам сариқ касаллиги ўзининг белгиларини бермаслиги мумкин. Буни фақат жигарни текшириб кўриб аниқлаш мумкин ва керакли тавсияларни шифокор беради.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: