Ўткир юқумли ичак касалликлари: кимлар кўпроқ чалинади?

Ушбу касалликларнинг кеч баҳор ва ёз, куз мавсумларида кўпроқ учрашига бир қанча омиллар сабаб бўлиши мумкин:


– Ҳаво ҳарорати юқори бўлган вақтларда инсонларнинг қайнатилмаган сув­ни кўп миқдорда ичишлари натижасида ошқозондаги хлорид кислотасининг концентрация пасайиб кетиши ва бунинг натижасида организмнинг қаршилик кучи (иммунитет) пасаяди ва касалликларга чалинишга замин яратади;
– Яхши сақланмаган ва узоқ муддат туриб қолган овқатларни истеъмол қилиш;
– Ҳўл мевалар ва қовун-тарвузларни яхши ювмасдан истеъмол қилиш;
– Ушбу касаллик билан оғриган бемор билан мулоқотда бўлинганда шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинмаганлиги;
– Белгиланмаган очиқ сув ҳавзаларида чўмилган пайтларда сув билан микроб­ларнинг организмга тушиши;
– 3 ёшгача бўлган болаларга бериладиган қўшимча овқатларни тайёрлаш жараёнида санитария-гигиена қоидалари ҳамда сақлаш шароитларига риоя қилмаслик;
– Касалликни ташувчи пашшаларнинг кўпайиши.

Ўткир юқумли ичак касалликларига чалинган беморларда умумий ҳолсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, қорин соҳасида оғриқ бўлиши, иштахасизлик, ич кетиши ва унинг натижасида бемор танада сувсизланиш пайдо бўлиши, натижада ҳаётий зарур органларнинг функционал ўзгаришлари кузатилиши мумкин.
Агарда умумий холсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши каби касаллик белгилари кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилишлари зарур бўлади. Акс ҳолда ўз билганича, нотўғри муолажа қилиш, антибиотиклардан ўринсиз фойдаланиш ёки ўз вақтида даво-чоралари кўрилмаслиги оқибатида оғир асоратлар юзага келиши мумкин.


Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотига қараганда саломатликни асраш 10-15 фоиз тиббиёт ходимларининг хизмати, 65-70 фоиз ҳолатларда эса, кундалик соғлом турмуш тарзимизга боғлиқ. Шунинг учун, ўткир юқумли ичак касалликларидан сақланишда қуйидагиларга амал қилиш керак:

– Сувни қайнатилган ҳолда ичиш;
– Биринчи галда озодаликка риоя қилиш, айниқса, қўлларни овқатдан олдин совунлаб ювиш зарур. Умуман ишда, жамоат жойларда шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш керак;
– Бозорлардан ҳўл меваларни харид қилаётганингизда таъмини татиб кўрмаслик, аксинча меваларни яхшилаб ювиб истеъмол қилиш;
– Яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатлар ҳамда ҳар хил турдаги салатларни истеъмол қилмаслик;
– Очиқ сув ҳавзаларида чўмилганда сувнинг тозалигига ва чўмилиш жараёнида сув ютмасликка эътибор бериш керак;
– Совутгичларни тоза тутиш, ундаги маҳсулотларни ўз вақтида истеъмол қилиниши ва тез-тез янгилаб турилишига эътибор бериш;
– Қовун-торвузларни кесишдан олдин оқар сувда тозалаб ювиш;
– Ҳўл мевалар ҳамда полиз маҳсулотларини истеъмол қилинганидан сўнг қайнатилмаган сувни ичиш ёки овқатланиш тартибига риоя этмасдан ёғли овқатлар билан бирга истеъмол қилмаслик керак;
– Кундалик турмуш тарзини тўғри режалаштириш, жисмонан фаол бўлиш. Жисмоний ҳаракат инсоннинг ҳимоя кучи (иммунитет) ортишига сабаб бўлади;
– Атроф-муҳитни, яшаш хоналарни ва аҳоли умумий фойдаланадиган жойларни доимо озода бўлишини таъминлаш;
– Пашшалар кўпайишига йўл қўймаслик керак.


Кўп йиллик кузатишлар натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, асосан 3 ёшгача бўлган болалар ва улар орасидан 1 ёшгача бўлганлари юқумли ичак касалликлари билан касалланишнинг асосий қисмини ташкил этмоқда. Бу эса шундан далолат берадики, 1 ёшгача бўлган болаларни озиқлантиришда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, қўшимча овқатларни кўп миқдорда тайёрлаш ва узоқ муддат туриб қолиши, сақлаш шароитларига эътибор бермаслик сабаб бўлмоқда. Шунинг учун, болаларни озиқлантираётганда оналарнинг тўғри парвариши алоҳида ўрин тутади. 1 ёшгача бўлган болалар кўкрак сути билан боқилиши, 6 ойдан кейин бериладиган қўшимча овқатларни тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши, овқатларни тайёрлашда бир марталик режимига риоя этилиши ва шу мақсадда ишлатиладиган полиэтилен ва шиша идишлар тозалаб ювилиши ҳамда қайнатилишини таъминлашлари зарур.

Яна ўқинг:  Спорт – соғлиқ гарови

Наргиза НУРУЛЛАЕВА,
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими врач эпидемиологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: