ЗАРАРЛИ ИЛЛАТ
ичкиликбозлик – насл кушандаси
Ичкиликбозлик – бу тез-тез ва кўп миқдорда спиртли ичимликлар истеъмол қилиш туфайли пайдо бўладиган, унга кучли иштиёқ билан кечадиган, сурункали хасталик ҳисобланади. Бу ҳолат “бош оғриққа” эҳтиёж, шахснинг ўзига хос ўзгариши, соматик(ички) ва ижтимоий оқибатларга олиб келади. Бу зарарли иллатга олиб келувчи омил алкоголдир. Лекин касалликнинг пайдо бўлиши учун фақат алкоголнинг ўзи етарли бўлмай, ичкиликбозликнинг ривожланишида ижтимоий, психологик ва биологик омиллар қатнашади.
Шахс маълумоти, оилавий аҳволи, моддий таъминоти, жамиятдаги ўрни, ичкиликбозликка муносабати ва бошқалар ижтимоий омиллар гуруҳига киритилади. Ичкиликбозлик ривожланишидаги психологик омилларни кишининг алкогол берадиган хушкайфият, қувноқлик ҳолати, енгил тортиш, “ҳаётдаги қийинчиликлардан қочиш” интилишлари ташкил этади. Биологик омиллар деганда ирсий мойиллик, модда алмашинувининг бузилишлари, хусусан В ва С витаминлар баланси, қонда хлор ва натрийнинг ўзаро нисбати бузилиши, адреналин билан адренохром ўртасидаги мувозанат бузилиши тушунилади. Мастлик (алкоголь билан ўткир заҳарланиш) – спиртли ичимликларнинг психотроп таъсири туфайли вужудга келган руҳий, вегетатив ва неврологик бузилишлар мажмуидир.
Сурункали ичкиликбозлик соматик касалликларни келтириб чиқариши натижасида, кўплаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлиб келмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотига кўра, ичкиликбозлик натижасида вужудга келган касалликларнинг ўлим кўрсаткичи бўйича, юрак қон-томир касаллиги ва ўсма касалликларидан кейинги ўринда турар экан.
АҚШнинг статистик кўрсаткичлари бўйича, сурункали ичувчиларнинг спиртли ичимлик ичмайдиганларга нисбатан ўртача ўлим кўрсаткичлари икки баробарга юқори экан. Бу эса инсон умрини 17-18 йилга қисқартиради.
Ичкиликбозликнинг миллат генофондига таъсири юқори. Чунки, туғиладиган чақалоқлар, руҳий ва жисмоний заиф бўлиб дунёга келади. Ушбу зарарли иллат натижасида инсон соғлигидан айрилади ва иш фаолияти пасаяди. Шунингдек, оилада ўзаро келишмовчиликлар ва оила бузилиши вужудга келади. Шахснинг инсоний фазилатлари йўқолиб, бу кимса меҳнат қилмай ҳаёт кечириш тарзига ўтади. Бу йўлга кирганларнинг даволаш ва реабилитация қилиш қанчадан-қанча маблағни талаб этади.
Мунтазам тарзда спиртли ичимликни истеъмол қилиш оилага ва жамиятга катта салбий таъсир қилади. Шунинг учун ҳам алкоголга қарши тадбирларда, беморларни даволаш ва ижтимоий даражада тиклаш билан бирга, ичкиликбозлик касаллигининг оқибатларини, унинг олдини олишни, яъни спиртли ичимлик ичиш ва истеъмол қилишга олиб келувчи омил ва сабабларни йўқотишдан иборатдир.
Текширувлар шуни кўрсатадики, алкоголь истеъмоли қанчалик юқори даражада бўлса, вужудга келадиган муаммолар ҳам ўткир тус олиб кўпайиб боради. Алкоголни истеъмол қилиш даражаси билан, касалланиш кўрсаткичларининг боғлиқлиги, ўлим ва мастлик, ичкиликбозлик натижасида келиб чиқадиган жиноятлар муҳим ўрин эгаллайди.
Шундан маълум бўладики, биринчи ўринда ичкиликбозлик касаллигига кўп миқдорда тез-тез кучли спиртли ичимлик ичувчилар чалинадилар. Бу тоифага асаб тизими бўш инсонлар киради. Улар алкоголдан хаёлий қўзғалишларни қидирадилар, ҳаётда вужудга келадиган тўсиқларга қарши кучсизликни йўқотиш учун спиртли ичимлик ичадилар. Узоқ ва кўп миқдорда, алкоголни истеъмол қилиш, миянинг иш фаолиятини пасайтиради. Марказий асаб тизимида салбий ўзгаришлар келтириб чиқаради, буларга фикрлаш, хотира, сезги ва ҳоказоларнинг бузилиши киради. Яъни, биринчи ўринда марказий асаб тизимининг юқори бўлими заҳарланади. Бундай ҳолатда ташқаридан келадиган турли руҳий таъсирларга чидамсиз ва турли шароит ўзгаришларига мослашишлар қийинроқ бўлади. Ички аъзолардан меъда-ичак тизими зарарланади. Меъдада ҳазм қилиш функцияси бузилади. Алкогол меъда шиллиқ қаватини яллиғлайди. Беморларда сурункали гастрит, кейинчалик ошқозон ва 12 бармоқ ичак яра касалини келтириб чиқаради. Спиртга асосан жигар жуда сезгир бўлади. Жигардаги модда алмашинувида фаол иштирок этувчи ҳужайралар атрофияга учраб, унинг ўрнини бириктирувчи ва ёғ тўқималари эгаллайди. Алкогол таъсирининг нейтралловчи кучи пасаяди. Жигар яллиғланиб, жигар циррози вужудга келади.
Текширувлардан шу нарса маълум бўлдики, жигар циррозидан 2050 та ўлим ҳолатидан 81фоизини алкоголни истеъмол қилувчилар ташкил этган. Ушбу хасталик туфайли юрак қон-томир тизимида ҳам ўзгаришлар кечади. Юракнинг мушак толаларида алкогол таъсиридан ёғ тўқималари вужудга келиб, мушаклар бўшашиб, ўз иш фаолиятини бажара олмай қолади. Бу эса вақтидан аввал, атеросклероз ва хафақон касаллигига олиб келади.
Давлатимиз томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонунни қабул қилишдан мақсад алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ушбу ҳужжат фуқароларнинг соғлиғини, аввало, йигирма ёшга тўлмаган эл фарзандларини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилгандир.
Спиртли ичимлик рекламасининг кучлилиги, идишлардаги ёрлиқларнинг ёрқинлиги билан ҳам ўзига тортади. Оилада ёшларимизни назоратсиз ва эътиборсиз қолиши, ота-оналарнинг болалари олдида спиртли ичимликларни истеъмол қилиши, салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти.
Ёшларда, катта ёшдагиларга нисбатан организмнинг алкоголга чидамлилиги анча паст бўлади. Вақт ўтган сари спиртли ичимликка чидамлилик ошиб бориб, фожеали ҳолат ичкиликбозликнинг белгилари намоён бўлиб боради. Алкоголь заҳрига, ёшларнинг марказий асаб тизимининг кучсизлиги, ўз навбатида спиртли ичимликка тобелик ва ички аъзоларининг ишдан чиқишига олиб келади. Спиртли ичимлик ичиш натижасида, гепатит (сариқ), панкреатит (меъда ости бези яллиғланиши), эндокрин касалликлар, юрак фаолиятининг бузилиши, қон босимининг ўзгариб туриши, нафас фаолиятининг бузилиши, юқумли касалликларга чидамлиликнинг пасайиши ва руҳиятда ҳамда марказий асаб тизимида салбий ўзгаришлар кечади.
Ёшларга ичкиликбозликнинг олдини олишда, авваламбор тарбияга аҳамият бериш ва спиртли ичимликнинг зарарли таъсирини тўғри тушунтириш керак бўлади. Ота-оналар шуни унутмасликлари даркорки, зарарсиз спиртли ичимлик умуман бўлмайди.
Айниқса, аёлларнинг спиртли ичкиликка ружу қўйиши, ҳозирги кунда жиддий муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Уларнинг ичкиликбозлик касалига чалиниши эркаклардан фарқли ўлароқ спиртли ичимликка мойиллиги тезроқ содир бўлади. Яъни, эркакларда касаллик ривожланиши 7-10 йилни ўз ичига олса аёлларда эса 5 йил кифоя. Ичкиликнинг организмга ножўя таъсири аёлларда эркакларга нисбатан анча эртароқ кечади. Асосан спиртли ичимлик жигар ва меъдаости безини зарарлайди. Ичкиликка ружу қўйган аёлларнинг хулқи, ҳаёт тарзи ёмон тарафга ўзгаради. Натижада турли жинсий касалликлар келиб чиқади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ичкиликбозликка чалинган аёлларнинг фақат 10 фоизида жинсий безларнинг нормал фаолияти сақланар экан. Спиртли ичимликни истемол қилиш натижасида, руҳий бузилишлар авж олади. Уларнинг характери ўзгариб, яъни жаҳлдор, асабий, фақат ўзини ўйлайдиган бўлиб қоладилар. Эркакларга нисбатан уларда шахс ўзгариши ва ақл пасайиши тезроқ авж олади. Патологик ўзгаришлар аёлларнинг шу касалликни тарк этишни англаб етишларида тўсқинлик қилади. Шунинг учун ҳам касалликнинг қанчалик даражада жиддийлигини англамай, ичкилик ичишни тўхтатишга ҳаракат ҳам қилмайдилар. Аёлларда хумор синдроми эркакларга нисбатан, юмшоқроқ ўтади. Шунинг учун ҳам улар узоқ муддат шифокорга мурожаат қилмайдилар. Ичкиликбозликка чалинган аёлларнинг эркакларга нисбатан аввалги ҳаёт тарзларига қайтариш анча мушкул ва у кўп вақтни ўз ичига олади. Аёлларга бу касалликни тарк этишда шифокорлар ва яқинларидан жуда катта эътибор ва чидам талаб қилинади.
Жўрабек ТОИРОВ,
Республика наркология маркази шифокори, нарколог