Ҳолсизлик, кўп терлаш ва сут тишларининг кеч чиқиши рахит аломатими?

Янги туғилган чақалоқ парвариши ота-оналардан алоҳида эътибор ва масъулият талаб этади. Айниқса, бу даврда бола суякларининг тўғри ривожланиши жуда муҳим.

Акс ҳолда, мурғак организм­нинг соғлом шаклланишига тўсиқ бўлувчи турли касалликлар бош кўтаради. Улардан бири рахит хасталигидир. Хўш, мазкур касалликнинг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлади? Унинг белгилари ва даволаш усуллари нималардан иборат?
Аввало шуни айтиш жоизки, рахит янги туғилган чақалоқлар ва 3 ёшгача бўлган болалар организмининг умумий хасталиги бўлиб, «Д» витамини етишмаслиги сабабли юзага келади. Натижада суяк тўқималарининг ҳосил бўлиши, шаклланиши ва уларнинг минерализацияси билан боғлиқ турли бузилишлар кузатилади.


Маълумки, бола организмининг бенуқсон ривожланиши, хусусан, суякларнинг тўғри ўсиши ва мустаҳкам бўлиши учун кальций ва фосфор элементлари жуда зарур. «Д» витамини эса ушбу моддаларнинг ичакда сўрилиши, суяк, мушак ва бошқа ­аъзо тўқималарига етиб боришини бошқаради.


Агар бу витамин етишмаса, танада ўз-ўзидан кальций ва фосфорга бўлган эҳтиёж ҳам қондирилмайди. Бу эса рахит хасталигини келтириб чиқаради.
Касалликнинг бошланиши боланинг 3-4 ойлигига тўғри келиб, ундаги неврологик ўзгаришлар билан намоён бўлади. Яъни, гўдак кўп безовталанади. Бот-бот қайсарлик ва инжиқлик қилади. Уйқу бузилиши, шовқин ва ёруғликдан чўчиши ҳамда таъсирчанлик кузатилади. Кичкинтой кўп терлайди ва мушак тонуси пасаяди. Натижада боланинг жисмоний ривожланиши кечикади. Яъни, у тенгдошларига нисбатан ўтириш, эмаклаш ва оёққа туришда ортда қолади.


Бола ўз вақтида даволанмаса, касаллик янада зўрайиб, суяк­ларда салбий ўзгаришлар содир бўлади. Яъни пешона ва калласининг тепа қисми туртиб чиқади, энса соҳалари яссиланади. Умуртқа поғонаси букчайиб, оёқ «Х» ёки «О» шаклида қийшаяди ҳамда яссиоёқлик ривожланади. Шунингдек, жажжи беморнинг иммунитети пасайиб, юқумли касалликларга таъсирчан бўлиб қолади.
Ҳатто узоқ вақт рахит билан оғриган ва даволанмаган болаларнинг кўкрак қафаси қийшайиши, шу билан бирга, ичга ботиб кириши, қовурғаларнинг йўғонлашуви, камқонлик, суяклар юмшаши, тишлар ўз вақтида ва бир текис чиқмаслиги аниқланади. Хасталикнинг оғир даврида эса бола анча вақтгача бош ва гавдасини тута олмайди.


Агар ота-оналар фарзандида рахит касаллиги белгиларини сезса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиши зарур. Чунки ушбу хасталикни даволаш алоҳида муолажаларни талаб этади. Касалликнинг дастлабки босқичида «Д» витамини ва кальций препаратларини қабул қилишнинг ўзи етарли. Аммо касаллик зўрайган даврда унинг олдини олиш учун қатор тиббий чораларни қўллаш лозим.
Хусусан, зарур ҳолларда болада шифокор тавсияси билан уқалаш муолажаси, кварц лампаси билан нурлантириш амалиётлари ўтказилади. Ушбу даво чоралари ва махсус дори-дармонлар фақат мутахассис тавсияси билангина белгиланади.


Касалликнинг олдини олиш учун болани қуёшли кунларда ва эрталаб очиқ ҳавода сайр қилдириш, чўмилтириш, дармондорилар, жумладан, «Д» витамини бериш лозим. Энг муҳими, рахитнинг олдини олиш билан боғлиқ профилактика ишларини бола туғилмасдан олдин бошлаш мақсадга мувофиқ.

Умида РУСТАМОВА,

Яна ўқинг:  Қалпоқ кийган қаламчалар

тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: