Юмшоқ контакт линзадан фойдаланганда кўзда нега ноқулайлик сезилади?

Юмшоқ контакт линзалар – баъзи кўз хасталикларини даволашнинг қулай, замонавий ва арзон усули ҳисоб­ланади. Ушбу маҳсулотнинг афзалликлари боис бугун кўпчилик беморлар кўзойнак тақишни хоҳламайди.
Бироқ ушбу восита ҳам камчилик­лардан холи эмас. Хусусан, айрим беморлар ундан фойдаланганда турли ноқулайликларни ҳис этади.
Хўш, бунинг сабаблари нимада?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати ушбу мавзуда Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек ­Икромовга мурожаат қилди.

– Аввало, об-ҳаво ва иқлим ҳамда иш шароити учун нотўғри танланган линзалар бунга сабаб бўлиши мумкин, – дейди шифокор. – Қолаверса, турли кўз касалликлари, хусусан, шох парданинг шикастланиши, конъюнктивит, кўзнинг жароҳат олиши, яллиғланиши ва бошқа юқумли хасталиклар ҳам баъзан бу ноқулайликни юзага келтиради.
Шунингдек, кўзни намловчи суюқликнинг етарли даражада ишлаб чиқарилмаслиги, линзани алмаштириш ёки тақиш жадвалига риоя қилмаслик, ва энг асосийси, мутахассис тавсияларига қулоқ тутмаслик ушбу муаммога сабаб бўлади.
Бундай вақтда беморларда кўпинча қуйидаги ҳолатлар кузатилади:
– кўз оғриғи;
– кўзда бегона жисмни ҳис қилиш;
– қизариш ва йиринглаш;
– фотофобия (ёруғликка юқори сезувчанлик);
– кўздан атипик оқ шилимшиқ модданинг оқиши ва ҳоказо.
Ноқулайликнинг бир марта юзага келиши баъзан юмшоқ контакт линзалари билан боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Чунки у илк бор қўлланилганда, тана мослашиш даврини бош­дан кечиради. Бу вақтда кўзда бироз оғриқ пайдо бўлиши нормал ҳолатдир.
Қолаверса, линза тўғриланаётганда кўзда бегона жисм ҳис қилиш, ёш оқишининг кўпайиши кузатилади.
Шунингдек, муайян об-ҳаво шароитида, масалан, кучли шамол, совуқ ҳаво ёки қор ёғаётганда, кондиционер ёки иситиш тизими ишлаб турган офисларда ҳам инсон линза сабабли кўзида оғриқ сезиши мумкин. Бу эса ушбу восита билан боғлиқ ҳолат эмас.
Аммо, агар бир ҳафтадан ортиқ вақт бемор бу муаммолардан халос бўлмаса, дарҳол линзани ўрнатувчи мутахассисга мурожаат қилиши лозим. Эҳтимол, ушбу восита нотўғри танланган бўлиши мумкин.
Мутахассис эса уни танлашда нафақат кўзнинг анатомик хусусиятлари, балки беморнинг иш шароитини ҳам ҳисобга олиши зарур.

– Юмшоқ контакт линзалардан қандай фойдаланиш керак?


– Энг аввало, бемор контакт линзалар тиббий мослама эканини яхши билиши зарур. Бу эса мутахассиснинг барча тавсиялари ва рецептларига қатъий риоя қилиш кераклигини англатади.
Шундай қилиб, агар бемор кундалик линзалардан фойдаланаётган бўлса, улар билан ухлаш асло мумкин эмас! Акс ҳолда кўз шох пардасининг сурункали кислород этишмаслиги каби жиддий асоратлар ривожланиши мумкин.
Шу боис, агар кунига 12 соатдан ортиқ ишлатиш тавсия этилмайдиган линзалар танланган бўлса, ушбу чекловга риоя қилиш зарур. Худди шу ҳолат линзаларни алмаштириш тартибига ҳам тегишли. Масалан, бемор икки ҳафталик мосламадан фойдаланса, бу муддатдан кейин уни янги жуфтлик билан алмаштириши керак.
Мазкур икки ҳафта давомида ундан неча марта фойдаланилгани муҳим эмас, аксинча муддат блистернинг очилишига қараб ҳисоб­ланади. Яъни, икки ҳафта ичида атиги бир неча марта линзалар ишлатилган бўлса ҳам, муддат тугагач, улар янги жуфтлик билан алмаштирилиши лозим. Чунки бу вақт ичида мослама ўз хусусиятларини йўқотади.
Шунингдек, объективни эҳтиёткорлик билан парвариш қилиш зарур. Кун охирида мослама махсус эритмада ювилиши ва камида 6 соат давомида янги линза суюқлиги идишига жойлаштирилиши керак. Бу вақт ичида линзалар намликни тиклайди ва оқсил ва липид бирикмаларидан бутунлай тозаланади.
Агар улар бажарилмаса, кўзлардаги яллиғланиш жараёнининг ривожланишига олиб келади. Бу эса кўришнинг тўлиқ йўқолишига қадар жуда жиддий асоратларни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас.
Мутахассис билан биргаликда намловчи томчиларни танлаш ва бемор қуруқ ҳаво бўлган хонада ёки компьютерда ишласа, уларни кун давомида қўллаш мақсадга мувофиқ.
Оддий сув ёки туз эритмаси линзаларни парвариш қилиш учун мос эмаслигини унутманг!
Шунингдек, линзаларга эҳтиёткорлик билан ғамхўрлик қилиш, кун давомида улардан ортиқча фойдаланмаслик, энг муҳими, йилига бир марта кўз шифокори текширувидан ўтиб туриш лозим.

Яна ўқинг:  Асорати жиддий дард

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: