ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

Азиз ватандошларим, қадрдонларим!

Мана шу унутилмас, шукуҳли дамларда сиз, мўътабар отахон ва онахонларни, мунис опа-сингилларимизни, навқирон ўғил-қизларимиз, жажжи болаларимизни – барча-барчангизни қутлуғ қадамлар билан юртимизга кириб келаётган янги йил билан чин қалбимдан табриклаб, самимий тилакларимни изҳор этишни ўзим учун катта бахт деб ҳисоблайман.

Байрамона дастурхон атрофида жамулжам бўлиб ўтирган сиз, азизларни бағримга босиб, хонадонларингизга тинчлик, соғлик-омонлик ва хурсандчилик, тўкин-сочинлик ёр бўлишини, юртимиз янада обод бўлиб, янада чирой очиб равнақ топишини, барча-барча эзгу ниятларимиз ушалишини тилайман.

Бугунги кунда олдимизда турган буюк мақсадларимизга эришиш, тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, ҳаётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мамлакатимиз қўяётган амалий қадамлар, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори юксалиб бораётгани барчамизга яхши маълум.

Якунига етаётган 2013 йилнинг айни шу йўлда Ватанимиз тараққиётига, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига, эл-юртимиз ҳаёт даражасининг юксалишига салмоқли ҳисса қўшгани, хосиятли ва баракали бўлганини шукроналик билан таъкидлашимиз лозим.

Бунинг далили сифатида жаҳон миқёсида ҳали-бери давом этаётган молиявий-иқтисодий инқирознинг жиддий таъсирига қарамасдан, кейинги йилларда иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари 8 фоиздан зиёдни ташкил этгани ва бундай кўрсаткич дунёда камдан-кам давлатларда кузатилаётгани барчамизга чуқур мамнуният етказади.

Иқтисодиётимизга жалб қилинаётган кенг кўламли капитал маблағлар ва чет эл инвестицияларининг ҳажми тобора ошиб бораётгани, шунинг ҳисобидан энг замонавий технологияларга асосланган юзлаб корхоналар, транспорт коммуникациялари, минг-минглаб янги уй-жойлар, инфратузилма объектлари барпо этилгани шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда, мамлакатимизнинг салоҳиятини янада ошириб, келажагимиз учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ўтиб бораётган 2013 йилда аҳолимизнинг реал даромадлари 15,7 фоизга, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори 20,8 фоизга ўсгани, инфляция даражаси 6 фоиздан ортмагани, бозор ва дўконларимиз расталари тўкин-сочин бўлиб, кўзни қувонтираётгани, нарх-наво меъёрдан ошмагани – буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг фаровонлиги, ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётганининг яққол далили ва исботи, десак, янглишмаган бўламиз.

Янги йилда ҳам айни шу сиёсатни изчил давом эттириш асосида аҳолимизнинг моддий аҳволи янада яхшиланиб, ойлик иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори бу рақамлардан кам бўлмайди, деб барчангизни ишонтириб айтишга тўлиқ асосларимиз бор.

Яна ўқинг:  “Болалар китоби” III Республика фестивали

Қадрли юртдошлар!

Бугун биз катта орзу-умидлар билан кутиб олаётган янги – 2014 йил ҳақида, барчамизнинг эътиборимиз марказида туриши зарур бўлган вазифалар ҳақида гапирганда, энг аввало, қўлга киритган ютуқларга маҳлиё бўлмасдан, бепарволик кайфиятига берилмасдан, эришган натижаларимизни танқидий баҳолаб, ҳаёт талаблари билан ҳамоҳанг бўлиб, кўзлаган истиқболимизга қадам қўйишимиз ниҳоятда муҳимдир.

Шу маънода, биринчи навбатда юртимизда тинчлик ва осойишталикни, меҳр-оқибат, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни, қўшниларимиз билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ҳар қандай бало-қазоларни остонамизга йўлатмаслик, сарҳадларимиз дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраш, бунинг учун Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ва қудратини оширишга алоҳида аҳамият бериш – бугунги кунда нотинч замоннинг ўзи олдимизга қўяётган долзарб вазифалар қаторида сақланиши зарур.

Биз танлаган ва ўтган давр мобайнида ўзини тўлиқ оқлаган, чуқур ўйланган, жамиятимизни демократлаштириш ва ҳаётимизни эркинлаштиришга қаратилган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва самарасини ошириш сиёсатимизни давом эттириш янги йилда барча дастурларимиз ва кундалик ҳаракатларимизнинг мақсадларига айланиши керак.

Шу борада замонавий корхоналарни ишга тушириш ҳисобидан иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатларини ривожлантиришга кенг йўл очиб бериш, соғлиқни сақлаш, биз учун муҳим ўрин тутадиган таълим-тарбия соҳасини янги босқичга кўтариш, кенг кўламли бунёдкорлик ишларимизни давом эттириш янги йилда ҳам энг устувор вазифаларимиз бўлиб қолади.

Кириб келаётган 2014 йилнинг юртимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилинганини халқимиз катта мамнуният билан кутиб олгани ва кенг қўллаб-қувватлаётгани бу қарор эл-юртимизнинг олижаноб орзу-интилишларига нақадар ҳамоҳанг эканидан далолат беради.

Ҳақиқатан ҳам, болаларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, уларнинг бахту иқболини кўриш – ҳар бир ота-она, ҳар қайси оиланинг энг улуғ ва муқаддас орзусидир.

Шу билан бирга, ҳаммамиз яхши тушунамизки, фақатгина жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук, замонавий билимга, ўз фикр ва қарашларига эга бўлган, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган янги авлодимизни камол топтириш – биз кўзлаган обод ва фаровон ҳаёт барпо этишнинг асосий гарови ва айтиш мумкинки, ҳал қилувчи шарти бўлиб майдонга чиқмоқда.

Айни шу ҳақиқатни чуқур англаб, “Соғлом бола йили” деб ном олган 2014 йилда ва келгусида ҳам бу масала, бу вазифа ҳам давлатимиз, ҳам жамиятимиз, барча-барчамизнинг доимо эътиборимиз марказида бўлиши лозим.

Яна ўқинг:  Ҳиндистон ўзбек ёшлари ижодида

Азиз ва қадрли ватандошларим!

Янги йил кириб келишига саноқли дақиқалар қолган мана шу ҳаяжонли дамларда барчамиз Яратганимиздан эзгу орзу-мақсадларимизнинг рўёбга чиқишини, хонадонларимизнинг қут-баракаси, файзини беришини чин қалбимиздан сўраймиз.

Кириб келаётган янги йилимиз юртимизга, барча-барча оилаларга бахту саодат ва омад келтирсин!

Ҳар биримизнинг пок ният ва тилакларимиз ижобат бўлсин!

Ватанимиз тинч, халқимиз омон, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Янги йил барчамизга муборак бўлсин!

Ислом КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: