От – йигитга қанот
Қизилмозорлик эски танишим – Абдусалом Раҳимқуловдан Катта Ўранинг энг номи чиққан сайисларидан бири ҳузурига бошлаб боришни илтимос қилдим.
– Қўшни Терсоқар қишлоғида умри от қараб ўтган Имомберди деган бобо бор, айни сиз излаб юрган одам у киши.
Йўлбошловчим эшакда, мен ювошгина байталда йўл танобини тортиб, у ер, бу ердаги атрофига ҳовли ўралмаган уйлар оралаб, баланд ялангликдаги икки хона, ўртаси айвонли уй ёнига келиб тўхтадик.
– Ҳой, ким бор, меҳмон олмайсизларми? – бақирди Абдусалом ака баланд овозда.
Кигиз, гиламларни офтобрўяга ёяётган ўрта ёшлардаги чечангина аёл истиқболимизга юрди:
– Меҳмон бўлса бош устига.
Пастқамгина уйдан соч-соқоли оқарган чол чиқиб келди, у бир зум бизни синлаб турди-да:
– Абдусаломбоймисиз, нега уловдан тушмаяпсиз? – деди.
– Катта шаҳардан меҳмон олиб келдим, Сизни китоб қилармиш, – ҳазиллашди шеригим.
– Менинг нимамни китоб қилишарди, қани уйга тортингларчи.
Отахоннинг изидан хонага кирдик, меҳмон келганини эшитиб яқин қўни-қўшнилар ҳам бирин-сирин қора берди. Бизни қизиқтирган саволлар бошқаларни ҳам бефарқ қолдирмади шекилли, тезда суҳбатимиз қўр олди. Имомберди бобонинг айтишича от бир ёшда қулун, иккисида той, учида ғунан, тўртида дунан, беш ёшида от бўларкан. Дунандан ўтганидан сўнг от тиш ташлаб, оғиз чиқарар, олтига кирганда жағининг тепа қисмидан икки тиш чиқарар, етти ёшда жавдонини (тишнинг орасидаги бир арпа сиғадиган чуқурча) бир урар, ўн ёшида пастки тишидаги жавдонлар, ўн беш ёшида ҳамма жавдонлари тўларкан.
Бўлар отнинг калласи кичик, гўштсиз, бели калта, бўйни узун, қулоқлари кичик ва икки қулоғи оралиғи кенг бўларкан. Орқа сони тик той яхши тулпор бўлиб етишар, тулки ва сарка сонли отлар унчалик улоққа ярамас экан. Кўкрак қафаси (ўмгани) кенг отлар осонликча ён бермасмиш.
– Бўлар отнинг бурни ичида учтадан тўққизтагача холга менгзаш тешик бўлади, бундай тулпорлар учқур ва топилмас саналади. Шу боис кексаларимиз шундай таърифлашган:
Бўйни калта, бели узун чополмас,
Бели калта, бўйни узун топилмас,
Бўйни узун, бели калта сотилмас…
– У қулоғингизга ҳам, бу қулоғингизга ҳам қуйиб олинглар, бундай от камдан-кам туғилади, туғилгани ҳам сайисининг қўлига тушмаса чинакам тулпор бўлиб етишмайди. Етишгани нафақат эгасининг, балки қишлоғининг донгини ёяди, шу боис ноёб, бебаҳо саналади. Умрим мобайнида йигирма-ўттиз отнинг нархига сотилган қанчалаб тулпорларни кўрдим.
* * *
– Отни кўпкари мавсумига тайёрлашнинг ҳам сир-асрорлари борми?
– Сизнингча дуч келган отни миниб кўпкари чопилаверарканда, – деди Имомберди бобо “шуни ҳам билмайсизларми?”, деган маънода ажабланиб бизни синларкан. – Бу жуда узоқ давом этадиган, инжиқ жараён. Боқувга олинадиган от баҳор ойларида қўй қўтонга боғланиб, вақти-вақти билан кўк ўтга қўйилади, сўнг буғдойиқ кўпроқ бўлган жойларга арқонлаш керак. Чунки, буғдойиқ отнинг этини қотиради. Шундан сўнггина боқувга олинади. Боқувдаги от устига ўрама жул ташланиб, қуёш тушмайдиган, баҳаво жойда сақланиши лозим. Саратонда қирқ кун арпа берилади, ора-орада арпага улоқ қони аралаштирилади.
– Улоқ қони аралаштирилишининг сабаби нима, – савол беради кимдир сабрсизлик билан.
– Агар гапимни бўладиган бўлсанглар кексалик, адашиб қолишим мумкин.
Ҳаммамиз бесабр шеригимизга норози нигоҳ ташлаймиз. Имомберди бобо чой ҳўплаб, бироз тин олганидан сўнг:
– Улоқ қони аралаштирилган емни еган от кўпкарига кирганда таканинг ҳидини тез ажрим қилади, ем умидида даврани ёриб, унга яқинлашишга уринади.
– Шу билан от кўпкарига тайёр ҳолга келадими?
– Ўзиям жуда бесабр экансизда ука, бу ҳали отни тайёрлашнинг бир босқичи, қирқ кун арпага тўйинтирилган от шунча муддат совутилади. Совутиш ҳам қисмларга бўлинади:
– биринчи, иккинчи кунлари от эгарланиб, жилови эгарнинг қошига илдирилиб, тушовлаб қўйилади;
– ҳар куни белгиланган салқин вақтда отни бир киши миниб эллик метрдан ҳафта давомида масофа қўшилиб бир километргача бориб келади, от югуришига йўл қўйилмайди:
– бир ҳафтадан сўнг масофа тағин кўпайтирилади;
– от қанча масофага бориб-келишидан қатъий назар саккиз соат ўтказилиб сувланади. Шундан сўнг от ўпкаёл бўлиб, ариғланади, тезаги қотиб қумалоқ ташлайди, бу отнинг етилганидан дарак беради.
– Эҳ-ҳей, отни тайёрлаш ҳам бир дунё ташвиш экан-да?!
– Ҳали бу ҳаммаси эмас, отни кўпкарига қўшгандан сўнг ҳам пала-партиш минилса, йил бўйи тортган азобинг бир пул бўлади. От, айниқса, улоқчи тулпор жуда нозик жонивор, шу боис машҳур чавандозлар тез-тез синчи сайислардан маслаҳат олиб туришади, ўзим ҳам шу тегранинг чавағонман дегани билан иш солишганман…
Биродарлар, бўз от қандай бўлади? Сурпдай оппоқ бўлади! Борди-ю, аждодида бўлса, тўққизга тўлганда тарлон бўлади. Тўққиз ёшида бўзнинг баданида холдай-холдай қора доналар пайдо бўлади. Шундан бошлаб у бўз эмас, Тарлон от бўлади. Тарлон – хол-хол от! Тарлон – отлар сараси!
Биродарлар тўриқ отнинг юздан бири яхши бўлади, тарлон отнинг юздан бири ёмон бўлади!
Биродарлар, от танимасанг, Тарлон ол!
Тоғай МУРОД,
(“От кишнаган оқшом” асаридан)
* * *
– От касалликлари қандай пайдо бўлади дейсизларми, – “роса саволларинг кўп эканда” дегандек бироз жим қолди Имомберди бобо. – Бўлмаса эшитинглар:
– Отни совутмасдан кўпкарига қўшиш ёки чоптириш;
– чарчаган пайти терини қотирмасдан сувлаш;
– паррандаларнинг ахлатини истеъмол қилишига йўл қўйиш чавлаб қолишига, буйраги ишдан чиқишига сабаб бўлади.
– Айниқса, вақтидан олдин сувлашнинг оқибатлари ёмон, бундай пайтда отнинг оёғига, белига сув тушиб, ланг(чўлоқ) бўлиб қолади. Шунингдек, от кўп зўриқишдан қавс хасталигига чалиниши ҳам мумкин.
– Демак арзимаган бир эҳтиётсизлик туфайли тулпор ишдан чиқиб қолаверар экан-да?
– Бу ўша от бошқа кўпкарига ярамайди дегани эмас, фақат бир йиллик меҳнатингга куясан. Касалланган отни қайта кўпкарига қўшиш учун қуйидаги жараённи ўтказиш керак:
От батамом емдан узилиб, арриғлантирилади;
– қайта кўк ўтга қўйиш олдидан сигир ёғидан гавдасига қараб 2-3 литр ичирилади, бу отнинг ичидаги яллиғланиш оқибатида пайдо бўлган қурумларни ҳайдайди;
– кейин қўй қийидан (тезагидан) олинган махсус ёғ отнинг сувлуғига суртилади, сувлуқни сўриш жараёнида у отнинг ичига сўрилади ва ўпка, буйрагини, сув тушган бўғинларини даволайди.
– Кейинчи?
– Кейин кўпкарига тайёрлаш жараёнидаги тартибда кўк ўтга қўйилиб, саратонда камида икки ой кигиздан ёпинчиқ қилиниб, отнинг устига ташланади. Шамол тегадиган жойдаги охурга икки томонидан арқон билан боғланиб, арпа бериб боқилса, тегишли тартибда совутиб борилса от тағин улоққа кириб кетаверади.
– Сайисликнинг ҳам ташвишлари кўп эканда?!
– Албатта, шу боис улоқчи отларни ҳамма ҳам парваришлайвермайди. Ота-боболаримиз қавс касаллигини батамом баданидан чиқариб юбориш учун отни бўритикон(гулхор) атрофидан айлантиришган, чунки, бу ўсимликда даволовчи ифор бор, унинг мевасидан шарбат тайёрлаб ичиришган.. Эскилар отимга кўз тегмасин деб отхонага булбул уясини қўшиб исириқ тутатишган.
Кекса “отшунос” билан гурунгимиз анчагача давом этди, биз Имомберди бобога қизиқарли суҳбати учун қайта-қайта раҳмат айтиб хайрлашдик.
Абдунаби АБДИЕВ