Гўзал ва мафтункор бўлиш сирлари
– Эрта тонгдан юзингиз тиниқ бўлишини истасангиз, сувга яримта лимон шарбатини солинг ва шу сув билан юзингизни артинг. Кўз остига беш дақиқага ўсимлик мойи суриб қўйинг. Кейин оддий сув билан ювинг.
– Кўзларингиз шишган бўлса қайнатиб олинган сувдан томизинг ва беш дақиқага кўз атрофларига қирғичдан ўтказилган картошка қўйинг.
– Қипиқланувчи тери учун ниқоб. Эрталаб олмани қирғичдан ўтказинг. Шарбатини олиб, бўтқасини эса юзингизга суртинг.
– Ҳар куни эрталаб бир стакан сутни бир бўлак оқ нон билан ичинг. Уйқудан олдин ўсимлик мойи ва сметанадан тайёрланган ниқобни ўн дақиқага юзингизга суртинг.
– Оёқларингиз чарчаса, тоғорага совуқ сув солинг ва ўн дақиқа давомида оёқларингизни ботиринг. Дарҳол ўринга ётиб, оёқларингизни юқорига кўтаринг.
– Қуёш уришига қарши ҳар куни 200 гр. қирғичдан ўтказилган сабзи еб туринг. Тонгда сабзи шарбати билан юзингизни артинг.
– Ажинга қарши крем. 100 гр сариёғ, 2 чой қошиқ асал ва 2 ош қошиқ сметана аралаштирилади. Эрталабки ва кечки ювинишдан сўнг ўн дақиқа давомида крем юзга сурилади ва сутга ботирилган пахта билан артиб олинади.
– Лабларингиз олча рангида бўлишини истасангиз оддий хинони иссиқ сув билан аралаштиринг ва массани бир текисда лабга суринг. Йигирма дақиқадан сўнг совуқ сувда ювиб ташланг.
– Кўзлар чақнаб туриши учун ҳар тонг кўз гимнастикаси машқларини бажаринг. Аввал ўнгга кейин чапга қаранг. Кўзингизни соат йўналиши бўйича айлантиринг, узоқдан яқиндаги буюмларга тикилиб қаранг. Сўнг қайнаб илитилган сув билан чайинг.
– Сочларингиз соғлом нур сочишини истасангиз, ҳар куни эгилиб (бошингиз юрагингиздан пастда бўлиши керак) сочингизни пастга қараб камида 50 марта тарашингиз лозим. Сочни ювиб бўлгандан сўнг уни сирка аралашмаси билан чайинг. ( 1 литр сувга 1 чой қошиқ аралаштирилган сирка).
– Сепкилга қарши ниқоб. Икки дона водород перокид таблеткаси бир стакан сувда эритилади. Унга крахмал қўшиб сметана ҳолатига келгунча аралаштирилади. Тозаланган юзга ўн дақиқа давомида сурилади ва совуқ сувда ювилади.
– Сўлғин терилар учун ниқоб. Бир дона бодринг ва уч дона редиска қирғичдан ўтказилади. Унга 1 қошиқча асал аралаштиринг ва кўз атрофларини қолдириб, юзга суртинг.
– Қошларингиз қалин бўлиши учун ҳар тонгда уларни кастор ёғига ботирилган тиш чўткаси билан таранг. Қош теришдан олдин қовоқларни муз бўлаклари билан артиб олинг.
– Киприкларингиз қалин бўлиши учун ҳафтада бир марта уларга кастор ёғини суришингиз мумкин. Киприклар сийраклашиб қолишини истамасангиз макияж билан ухлашга борманг!
– Целлюлит йўқолади! Агар муаммоли жойга ҳафтада бир-икки марта йигирма дақиқа давомида оддий хантал (горчичник) қуйилса.
– Дармондорига бой коктейл. 1 дона лимон, 2 та олма, 2 та бодринг, 2 та сабзини гўшт қиймалагичдан чиқаринг ва ярим стакан қайнаб совитилган сув билан аралаштиринг. Аралашмани докадан ўтказиб, ҳар тонг ичинг.
– Витаминли ниқоб. 1 боғ шивит, 2 дона редиска, 1 дона олма, 1 дона лимон, 2 чой қошиқ асал. Бу маҳсулотларни гўшт қиймалагичдан ўтказиб, асал билан аралаштиринг ва ҳар куни 15 дақиқага юзингизга ниқоб қилинг.
– Қўлларингиз юмшоқ ва майин бўлишини хоҳласангиз ҳар куни уларни ўсимлик мойи ва тухум оқи аралашмаси билан уқаланг.
– Тирноқларга ҳар куни сутли ванна қилсангиз синмайди ва мустаҳкам бўлади. Сутни 40 даражагача илитиб, тирноқларингизни 15 дақиқа давомида ботиринг.
– Варикоздан сақланиш учун ҳафтада бир ўсимлик мойи ва қизил қалампир аралашмаси билан оёқларни уқаланг.
Маҳфуза ҚУВОНДИҚОВА тайёрлади