Ёнғичқолида янги ҚВП
Бола – азиз. У эртамиз эгаси. Келажагимиз бунёдкори. Уларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари эса эртанги кунимизнинг саодатидан даракдир. Шу сабабдан мамлакатимизда она ва бола саломатлигини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Замонавий шароитларга эга бўлган, барча тиббий ускуналар билан жиҳозланган янги тиббиёт муассасаларининг бунёд этилиши бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир. Шунингдек, барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт йўналишида ҳам қатор ривожланган давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси фаолиятида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари алоҳида ўрин тутади.
Германиянинг “Фриденздорф Интернейшнл”, АҚШнинг “Амери Керз”, Жанубий Кореянинг “Save the children” халқаро ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган кўплаб лойиҳалар бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Халқимизда “тўйга тўёна билан” деган нақл бор. Шу сабабдан турли байрамлар арафаси бир-бирига совға бериб кўнглини кўтариш юртдошларимиз учун одатга айланган. Яқинлашиб келаётган Янги йил байрами арафасида ҳам ушбу анъанага содиқ қолган Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани “Ёнғичқоли” ҚФЙ ҳудудида байрам арафасида 9 минг 865 нафар фуқарога хизмат кўрсатишга мўлжалланган янги ҚВП фойдаланишга топширилди.
30 нафар тиббиёт ходими фаолият юритаётган мазкур муассаса Жанубий Кореянинг “Save the children” халқаро ташкилоти ҳомийлик маблағи ҳисобидан бунёд этилган бўлиб, жорий йилнинг 17 декабрь куни фойдаланишга топширилди. Ушбу ҚВП барча керакли тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланган. Бундан ташқари ЭКГ, физиотерапия, стоматология хоналари хизматлари ҳамда энг замонавий русумда жиҳозланган лаборатория хоналари ҳам аҳоли хизматида. Қолаверса, муассаса Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан хона жиҳозлари ва мебеллар билан таъминланган.
Ушбу тиббиёт масканида фаолият юритаётган ходимлардан уч нафари олий тоифали умумий амалиёт шифокори, олти нафари олий тоифали, уч нафари биринчи тоифали ҳамширалар бўлиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида фаолият олиб бормоқда.
– Тиббиёт муассасамиз “Ёнғичқоли” қишлоқ фуқаролар йиғини таркибига кирувчи бешта умумтаълим мактаби, МТМ ва касб-хунар коллежига хизмат кўрсатади. Муассаса бир кунда 75 нафар беморни қабул қилиш имкониятига эга, – дейди биз билан суҳбатда ҚВП бўлим мудири Салоҳиддин Холматов.
Шунингдек, ҚФЙда мавжуд бешта маҳалладаги боқувчисини йўқотган, ёлғиз қариялар ва кам таъминланган оилаларга тиббиёт ходимлари бириктирилган бўлиб, уларнинг ҳолидан манзилли хабар олиб турилади.
– Юртбошимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, оналар ва болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик боис мамлакатимизда оналар ва болалар ўлими йилдан йилга қисқариб бормоқда, – дейди катта ҳамшира Мадина Дониёрова. – Ўтиб бораётган йил ҳисобидан бизнинг муассасада оналар ўлими умуман кузатилмагани эса олиб борилаётган ишларнинг яққол самарасидир.
Фарҳод ТОЛИПОВ,
“Соғлом авлод” мухбири