МИАСТЕНИЯ – мускуллар толиқишими?

Ҳа, миастения – мускуллар толиқиши дегани. Бу касалликда мус­куллар тез толиқиб қолади. Келинг, ушбу касалликка хос барча белгиларни беморнинг ўзидан эшитайлик:

«Доктор, мен эрталаб уйғонсам ўзимни худди соғ одамдек ҳис қиламан, кўзларимни бемалол очиб-­юмаман, юз-қўлимни ва тишларимни ҳам қийналмасдан юваман, овозим ҳам яхши чиқади, эрталаб нонушта қилсам оғзим чарчамайди, овқатни бемалол чайнайман ва бемалол юта оламан. Бироқ орадан 2-3 соат ўтгач, кўзларим юмила бош­лайди, юқори қовоғимни ҳеч кўтара олмайман, нарсалар ҳам иккита кўринади, овозим пасаяди, бурун тешиклари битиб қолади, нонни ҳам узоқ чайнай олмайман, оғзим тез чарчаб қолади, овқатимни ҳам қийналиб ютаман. Агар 2 соат ухлаб турсам яна аввалги соғлом ҳолимга қайтаман. Бироқ кечга бориб, яна аҳволим ёмонлашади».

Савол: Қайси ёшда кўп учрайди?
Жавоб:
Бу касаллик ҳар қандай ёшда, яъни эрта болалик даврида ҳам, кексалик даврида ҳам ривожланади. Аммо миастения 20-40 ёшларда кўп учрайди. Аёллар эркакларга қараганда 2-3 баробар кўп касалланишади.

Савол: Қандай омиллар келтириб чиқаради?
Жавоб:
Миастения ривожланиши, асосан, кўкрак қафаси ичида жойлашган айрисимон без (тимус) фаолиятининг издан чиқиши билан боғлиқ. Чунки миастения ташхиси қў­йилганларнинг 80 фоизида тимус патологияси аниқланади. Миастения баъзида полимиозит, Хашимото бўқоғи, систем қизил бўрича, ревматоид артрит, лимфосаркома, саркоидоз каби бир қатор аутоиммун касалликлар билан бирга учрайди. Мутахассислар ушбу касалликларни юзага келтирувчи этиологик омиллар ўхшаш бўлиши мумкин, деб ҳисоблашади.

Савол: Миастенияда айнан қайси соҳадаги мускуллар кўпроқ зарарланади?
Жавоб:
Бу касалликда юқори қовоқни кўтарувчи ва кўзни ҳаракатлантирувчи мускуллар кўп зарарланади. Шунинг учун ҳам миастенияда юқори қовоқ тушиб қолиши ва ғилайлик кўп кузатилади. Улар касалликнинг бошланғич давридаёқ пайдо бўлади. Беморнинг эрталабки очиқ кўзлари тушликдан сўнг ёпилиб бошлайди. Бемордан кўзларни бир неча бор юмиб-очиш сўралса, унинг юқори қовоқлари толиқиб, кўзлари ярим ойсимон ёпилиб қолади. Кейинчалик бу белгилар чайнаш ва мимика мускулларига, сўнгра ютиш ва товуш учун жавоб берадиган мус­кулларга тарқалади.

Савол: Бошқа мускуллар зарарланмайдими?
Жавоб:
Миастения белгилари баъзида бўйин, елка, қўл ва оёқ мус­кулларида ҳам толиқиш билан намоён бўлади. Бундай беморлар ҳар қандай жисмоний фаолиятдан кейин ҳам чарчаб қолишади.

Яна ўқинг:  Она сути – неъматларнинг аълоси

Савол: Миастения билан оғриган беморлар нега қийналиб нафас олишади?
Жавоб:
Мазкур касалликда диафрагмани кўтариб-туширувчи, яъни ташқи нафас мус­куллари ҳам зарарланади ва у нафас олишнинг бузилиши билан намоён бўлади. Айниқса, бу ҳолат кучли стрессдан кейин рўй беради.

Савол: Миастения туғма бўлиши ҳам мумкинми?
Жавоб:
Бўлиши мумкин. Туғма миастения – энди туғилган болада кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар зарарланиши билан намоён бўлади. Миастениянинг бу тури билан ўғил болалар қиз болаларга қараганда 2 баробар кўп касалланишади.

Савол: Тўғри ташхис қўйиш учун бемор қандай текширувлардан ўтиши лозим?
Жавоб:
Миастения ташхисини қўйишда юқорида қайд қилинган белгиларни бемордан излаш лозим. Бундан ташқари, фармакологик синамалар, электромиография ва иммунологик текширувлар олиб борилади.

Савол: Миастения билан оғриган беморлар ҳомиладор бўлиб қолишса, қандай йўл тутилади?
Жавоб:
Бундай ҳолатларда касаллик белгилари кучайиши, пасайиши ёки ўзгармасдан қолиши ҳам мумкин. Бу организм­нинг умумий ҳолатига ва иммунитетга боғлиқ. Уларда ҳомиладорликнинг дастлабки 3 ойлиги оғир кечиши мумкин ва бу даврда бола тушиши ҳам кўп кузатилади. Агар аёл туғишни хоҳласа, у невропатолог ва гинеколог назоратида туради ва туғишга рухсат берилади.

Савол: Даволаш қандай олиб борилади?
Жавоб:
Даволаш невропатолог томонидан олиб борилади. Бунинг учун махсус дорилар дозаси белгилаб олинади ва узоқ вақт тавсия этилади. Даволашда гормонлар билан биргаликда қонни патологик иммун омиллардан тозаловчи плазмафарез усули ҳам қўлланилади. Миастения билан касалланган беморлар систематик тарзда даволанишса, 6-12 ой ичида тузалиб кетишади.

Савол: Операция йўли билан даволаш мумкинми?
Жавоб: Патологик ўзгарган тимусни олиб ташлаш бу касалликда жуда самарали усулдир. Бироқ жарроҳлиқ усули ҳаммага ҳам қўлланилавермайди. Баъзи ҳолатларда жарроҳлик усулидан кейин ҳам калий сақловчи дорилар ичиб юришга тўғри келади. Стрессдан ҳам асраниш лозим.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: