ОНКОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАР ҚАНЧА ЭРТА АНИҚЛАНСА, ШИФО ТОПИШ ШУНЧА ОСОНЛАШАДИ

Онкологик касалликлар нафақат катта ёшдаги аҳоли, балки болалар саломатлигига ҳам жиддий таъсир этаётган муаммолардан биридир. Мутахассисларнинг фикрича, бундай касалликлар профилактикасига оид тадбирларни самарали ташкил этиш ва касалликни эрта босқичда аниқлаш орқали минглаб беморларни соғлом ҳаётга қайтариш мумкин.
Тиббиёт фанлари номзоди Тожиддин
МУСТАФОЕВ билан
суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

– Бугунги кунда болалар ўртасида қандай онкологик касалликлар кўп учраяпти?


– Болалар ўртасида учрайдиган онкологик касалликлар ичида гемабластозлар қарийб қирқ фоизни ташкил этади. Шунингдек, марказий асаб тизими ўсмалари, нейробластомалар, буйрак, суяк, юмшоқ тўқималар, қулоқ, томоқ, бурун, жигар ва жинсий аъзолар хавфли ўсмалари учраб туради.

– Бундай касалликларнинг келиб чиқишининг асосий сабаблари нимада ва унинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?


– Болаларда онкологик касалликлар юзага келишида эмбрионал омиллар асосий ўрин эгаллайди. Болаларда хавфли ўсма касалликларининг олдини олиш учун, аввало, ота-она соғлом бўлиши, оилада соғлом муҳит яратилиши, ҳар бир инсон ичиш, чекиш каби зарарли иллатлардан холи бўлиши, шунингдек, экологик муҳит мусаффолиги жуда муҳим ҳисобланади.

– Болада хавфли ўсма ривожланаётганини қандай билиш мумкин?


– Бола ҳолсизланади, камқонлик ривожланиб боради, тана ҳарорати 37-37,5 гача кўтарилади. Бундан ташқари, тана вазни камаяди, периферик лимза тугунлари, жағ ости, қўлтиқ ости, бўйин, човларда лимфа тугунлари катталашади. Ана шундай аломатлар кузатилса, болани онколог кўригига йўллаш керак. Бугунги кунда ҳудудларимиздаги тиббиёт муассасаларида болаларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича замонавий имкониятлар яратилган.

– Баъзи болаларда халқимиз тилида нор, хол дейиладиган ҳосилалар бўлади. Булар бола учун хавф туғдирадими?


– Нор тиббиёт тилида гемонгиома деб аталади. Бундан ташқари, болаларда лимфангеомалар, суяк остеомалари, юмшоқ тўқималарда ҳар хил хол кўринишидаги ҳосилалар учраб туради. Булар хавфсиз ўсмалар ҳисобланади. Бироқ, баъзилари хавфли ўсмага айланиши мумкин. Шу боис, боланинг баданидаги бундай ҳосилаларни ота-она ўз билганича бартараф этишга уриниши, холларни юлишга ҳаракат қилиш ёки ҳар хил ёғлар суриб йўқотишга уриниш асло мумкин эмас. Бу оғир оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Агар боланинг баданида бундай ҳосилалар бўлса, албатта, болани тегишли мутахассис кўригидан ўтказиб, шифокор тавсияларига амал қилиш лозим.

– Бирламчи тиббий-санитария муассасаларида ўсмир қизлар одам папиллома вирусига қарши эмланади. Ушбу вирус инсон соғлиғига қанчалик зарар етказиши мумкин?


– Папиллома вирусли касаллик ҳисобланади. Айрим кўринишлари онкологик хасталикларни келтириб чиқаради. Хусусан, аёллардаги бачадон бўйни саратони ривожланишида айнан папиллома вируси етакчилик қилади. Бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида тарқалиши бўйича кўкрак бези саратонидан кейинги ўринни эгаллайди.
Статистик маълумотларга кўра, дунёда биргина 2018 йилда бачадон бўйни саратони билан қарийб 570 000 янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Ҳар йили шу касалликдан 311 000 дан ортиқ аёллар вафот этади. Жумладан, мамлакатимизда ҳам ҳар йили 1600 нафардан зиёд аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда. Касалликнинг олдини олишнинг энг мақбул усули эмлашдир.

– ОПВга қарши нега айнан 9-14 ёшдаги қизлар эмланади?


– Боиси, улар ҳали турмушга чиқмаган ва вирусни юқтириш иммунитетига эга бўлмаган бўлади. Шу сабабли ҳам айни шу пайт­да эмлаш бошқа ёшдагиларга нисбатан самарали бўлади.

– Болаларда учрайдиган аденоид касаллиги ҳақида маълумот берсангиз? Унинг асоратлари онкологик касалликка олиб келиши мумкинми?


– Аденоидлар – бу бурун-ҳалқум йўли лимфоид тўқимаси муртакларининг яллиғланиш натижасида катталашиши. Кўпинча 12 ёшгача болаларда учрайди. Тез-тез шамоллаш, нафас олиш ва эшитиш қийинлашиши, хуррак отиш, бош оғриқлари ва бошқалар бу касалликнинг аломатлари ҳисобланади.
Бугунги кунда тиббиётимиз бу касалликни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш бўйича катта имкониятларга эга. Бу касаллик, агар аденоид деб тўғри ташхис қўйилган бўлса ва ўз вақтида даволанса, у саратонга айланмайди.

– Остеоген саркоманинг илк белгилари ҳақида маълумот берсангиз.


– Остеоген саркома болаларда энг кўп учрайдиган суяк тўқимасида ривожланадиган хавфли ўсма касаллигидир. Бу касалликнинг илк белгилари зарарланган соҳада шиш пайдо бўлиши, тунлари кучли оғриқ, пайпасланувчи ҳосиланинг пайдо бўлиши билан кечади. Касаллик рентгенологик ва марфологик усулда текширилади.

– Болалар онкологиясининг бугунги энг муҳим ютуқлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.


– Бугун Ўзбекистонда болалар онкологияси дунёнинг тиббиёти энг ривожланган мамлакатлари билан тенгма-тенг ривож­ланмоқда. Хусусан, касалликка аниқ, тез ташхис қўйиш имкониятлари жуда юқори. Бу борада ўсма маркерлари билан ишлаш, иммуногистохимик таҳлиллар замонавий стандартлар асосида ўтказилади. Бундан ташқари, МСКТ, МРТ, ПЭТ, рақамли рентген, допплер каби замонавий тиббий технологиялар тиббиёт амалиётига чуқур кириб келиши касалликка эрта босқичларда аниқ ташхис қўйиш имкониятини кенгайтирмоқда. Табиийки, саратон қанча эрта аниқланса, беморларнинг саломатлигини асраш имконияти ҳам шунча юқори бўлади.

Болалар онкологиясида бугун бир қатор янги замонавий жарроҳлик амалиётлари ҳам самарали қўлланилаяпти. Булар таянч ҳаракат тизими ўсмаларида суяк аутопластика операциялари, суяк кўчириб ўтказиш амалиётлари, йирик бўғимларни эндопротезлаш операциялари, буйрак, қорин парда ости соҳаси, кичик чаноқ бўшлиғи ўсмаларида ҳам янгича операция усуллари муваффақиятли қўлланилаяпти. Албатта, тиббиётимизнинг бундай илғор ютуқлари беморлар соғлиғини тиклашда муайян ютуқларга замин бўлмоқда.

Бироқ ҳар қандай касаллик каби болаларда учрайдиган хавфли ўсма касаллигини ҳам даволашдан олдини олиш осонроқ. Бунинг учун эса оилаларда тиббий маданиятнинг юқори бўлиши муҳим омил саналади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, йилига 400 000 нафарга яқин болалар хавфли ўсма касаллиги билан рўйхатга олинади.

Ўзбекистонда ҳам йилига 900 нафарга яқин болаларда хавфли ўсма аниқланади. 4000 нафардан кўпроқ бола ҳисобда туради.

 Ҳолсизлик, камқонлик, тана ҳарорати 37-37,5 гача кўтарилиши, тана вазни камайиши, периферик лимфа тугунлари, жағ ости, қўлтиқ ости, бўйин, човларда лимфа тугунлари катталашиши болада хавфли ўсма ривожланаётганидан дарак беради.

Баҳор ХИДИРОВА ёзиб олди

Яна ўқинг:  Варикоз – асоратлари билан хавфли

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: