“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?

Чирчиқ шаҳар “Ифтихор” маҳалласидаги 7-мактабда ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Маҳалладаги 278 нафар ишсиз фуқаронинг иш билан бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, фарзандларига имкониятлар яратиш, ёшлар ва аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш мақсадида ташкил этилган ярмаркадан олдин бир гуруҳ тегишли мутахассислар, банк ва ҳокимият вакиллари уйма-уй юриб, маҳалладаги 278 нафар ишсиз фуқарони аниқланиб, уларга таклифлар, мавжуд ваканция ўринлари ҳақида тушунчалар беришди. Кредитлар ажратиш ва 60 та йўналиш бўйича тадбиркорликка қизиқтириш  учун суҳбатлар олиб борилди.

Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ва Савдо саноат палатаси томонидан ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 35 дан зиёд муассасалар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари 2000 дан зиёд ваканция ўринлари билан иштирок этди.

Меҳнат ярмаркасини очиб берган Чирчиқ шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзаолим Юсупов ушбу тадбир ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш ва ишга жойлашишларида катта имконият эканлигини қайд этди. Хотин-қизлар масалалари бўйича шаҳар ҳокими маслаҳатчиси Юлдуз  Жумаева оила жамғармаси томонидан тадбиркорликка қўл урган аёлларга 14 фоизли 36 миллион сўмгача кредитлар берилиши, маҳалладаги ишсиз ёшлар ва аёлларни, шунингдек, қўшни 8 та маҳаллалар фуқаролари учун ташкил этилган ярмаркадан муносиб тарзда фойдаланиш, фуқаролардан тушган таклифлар асосида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан аёлларни тадбиркорликка ўқитиб, тушунчага эга қилиш ва ўзи хоҳлаган йўналиш бўйича кредитлар берилиши ҳақида сўзлаб “Ифтихор” маҳалласидан иш сўраб мурожаат қилган 6 нафар аёл иш билан таъминланганини таъкидлаб ўтди.

– “LUKBJY TEXTIL” трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасидан 400 та бўш ўрни билан иштирок этяпман, – дейди корхона кадрлар бўлими ходими Турсуной Асалжонова, – Корхонамизга 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган хотин-қизларни ишга таклиф қиламиз. Мутахассис бўлмаса, ўзимиз ўргатамиз. Тушлик бепул ва бориш-келиш транспортларимиз мавжуд.

– Бугун меҳнат ярмаркасига 5 та ваканция таклифи ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларимиз билан чиққанмиз, – дейди буёқ ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Баҳодир Гиясов. – Корхонамизда 12 нафар ишчи бўлиб, Италия технологияси асосида бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Шароитларимиз  яхши, тушлик  ва бепул махсус кийим, йўлкира берилади.

– Иш топганимиздан хурсандмиз, – дейди Нилуфар Ғаниева ва Мамлакат Султонова. – Ўзимизга мос иш топдик. Уйда зерикиб ўтиргандик, эртадан иш бошлаймиз. Муҳими, оиламизга кўмаклашиб, фарзандларимизнинг репититор ва тўгаракларига энди пул тўлай оламиз.

Ҳа, бежизга халқимиз бекордан Худо безор, дейишмаган. Меҳнат қилган ёшлар чалғимайди, ёмон йўлларга кириб кетмайди, унади, ўсади. Аёллар эса рўзғори, оиласи тўкинчилигига ҳисса қўшади, муҳими, фарзандларини билимли, тарбияли ва улғайиб, ватанига фойдаси тегадиган инсонлар қилиб вояга етказишади.

Байрамга айланиб кетган меҳнат ярмаркасида намойиш қилинган ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик ва чеварчилик маҳсулотлари тадбир шукуҳини янада бойитди.

 Марям  ҚОДИРОВА

Яна ўқинг:  МТМ тарбиячиси ёш авлоднинг келажаги учун масъулдир

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: